Norma.uz

Таътилга жадвал ёки келишувга кўра чиқилади

Корхонамиз МЧЖ шаклида ташкил этилган. Бир қатор йиллар мобайнида таътил жадваллари тузилмаган, ходимларга ушбу давр учун меҳнат таътиллари берилмаган. Раҳбарият ўзгарди, энди таътиллар ўз вақтида бериляпти. Бироқ 2010 ва 2011 йиллар учун баъзи ходимларга таътил берилмаган.

Агар ўз вақтида берилмаган бўлса, ўтган йиллар учун навбатдаги меҳнат таътилларини бериш тартиби қандай? Уларни икки ва ундан кўп йил ўтганидан кейин бериш мумкинми? Уларга ҳақ тўлаш тартиби қандай?

А.Икромов,

МЧЖ юристи.

 

– Меҳнат кодексининг (МК) 143-моддасига кўра, йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун мазкур иш берувчида 6 ой ишлангандан кейин берилади. Таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим. Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланилмоғи лозим.

18 ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътилни, шунингдек МКнинг «Меҳнат шароити ноқулай ва алоҳида тусга эга бўлган ишлар учун бериладиган йиллик қўшимча таътил» деб номланган 137-моддасида кўрсатилган йиллик қўшимча таътилларни бермаслик тақиқланади.

Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади. Бироқ бунда ишнинг мароми бузилмаслиги ва қулай вақтда таътил олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари камситилмаслиги лозим.

МКнинг 145-моддасига мувофиқ, агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади.

Агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг бошланиш вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, таътил ходимнинг аризасига мувофиқ бошқа вақтга кўчирилади.

Агар қонунни бузган ҳолда маъмурият ходимга бир неча йил мобайнида таътил бермаган бўлса, у таътил олиш ҳуқуқини йўқотмайди, чунки меҳнат қонунчилигида таътил бериш талаби бўйича даъво қилиш муддати белгиланмаган. Шу муносабат билан иш берувчида ходимга барча фойдаланилмаган ҳақ тўланадиган таътилларни бериш мажбурияти сақланади.

Бундан аввалги иш даврлари учун йиллик таътиллар навбатдаги календарь йил учун таътиллар жадвали доирасида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича берилиши мумкин.

Бунда Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқа­риш тартибининг (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган) 1-бандига мувофиқ таътиллар вақтига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда уларни ҳисоб-китоб давридаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган сумманинг биринчи йил ишловчиларга ўн иккидан бирига (олти ой тўлиқ ишлаганларга олтидан бирига; етти ой тўлиқ ишлаганларга еттидан бирига ва ҳоказолар), ўрта махсус ва ҳунар-техника ўқув юртлари ўқитувчилари учун ўндан бирига оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Бунда тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган суммаларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради.

Иш берувчида бундан аввалги йиллар учун ходимга таътиллар бериш мажбурияти борлигини ҳисобга олиб, ходим календарь йил мобайнида турли иш йиллари учун бир нечта таътилдан фойдаланиши мумкин.

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 4115 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика