Norma.uz

Вазир қабулига он-лайн орқали

Ҳозирда интерактив хизматлар ҳеч ким учун янгилик эмаслигига қарамай, ҳали ҳам кўпчилигимиз виртуал маконда ўзимизни эркин ҳис қилмаймиз. Бугунги кунда бизда расмий сайтлар орқали исталган идора амалдори ёки ҳатто вазирига мурожаат этиш имкони пайдо бўлди. Бунинг учун компью­тер билан мулоқот қилиш илмини ўзлаштириш лозим. Интернет орқали муайян ташкилотга қандай мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида сўз юритилган 7-бетдаги мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиши билан интерфаол хизматлар, шу жумладан буюртманомани кўришга тақдим этиш, амалдор ёки ҳатто вазир қабулига вазирлик ва идораларнинг веб-сайтлари орқали ёзилиш имконияти ҳам жорий этиляпти. Ахборот кўплиги туфайли ойдинлик киритиш, уй ёки офисдан чиқмасдан, Интернет ёрдамида давлат органига қандай қилиб мурожаат этиш тўғрисидаги маълумотларни бир жойда тўплаш зарурати етилди.

 

ҚОНУНЧИЛИК АСОСЛАРИ

«Фуқароларнинг мурожаатлари тўғри­сида»ги Қонунга (6.05.1994 йилдаги 1064-XII-сон, 13.12.2002 йилдаги 446-II-сон Қонун таҳририда, бундан кейин – Қонун) кўра Ўзбекистон Республикасининг, чет эл давлатларининг фуқаролари ва фу­қаролиги бўлмаган шахслар давлат органларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Қонуннинг 15-моддасига кўра фуқаро ариза, таклиф ва шикоятни шахсан беришга, шунингдек бу борадаги ваколатни ўз вакилига беришга ёки мурожаатини алоқа воситалари орқали юборишга ҳақли. Бундай воситалар жумласига Интерфаол давлат хизматларининг ягона портали (my.gov.uz) ҳамда вазирлик ва идораларнинг расмий веб-сайтлари киради.

Мурожаат кўрилиши учун унда фуқа­ронинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган, ариза, таклиф ёки шикоятнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Ёзма мурожаатлар мурожаат этувчининг имзоси ёки уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳам ёзиб қўйилади.

Фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёки у ҳақда сохта маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо қўйилмаган ёзма муро­жаатлар аноним деб ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

Хуллас, яна бир бор таъкидлаб ўта­мизки, агар мурожаат мазкур қоида­ларга мувофиқ келмаса, у кўрилиши мумкин эмас.

 

ОН-ЛАЙН МУРОЖААТ

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳола­тини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (31.12.2013 йилдаги 355-сон, бундай ке­йин – 355-сон Қарор) 3-иловада Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талаб­лар белгиланган. Чунончи, сайтларда Интерфаол давлат хизматларини мажбурий жорий этиш, яъни ариза ёки шикоятни Интернет орқали, шу жумладан мурожаатни электрон рақамли имзо (бундан кейин – ЭРИ) билан мустаҳкамлаш имконияти ҳам назарда тутилган.

355-сон Қарорга мувофиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ма­ҳаллий давлат ҳокимияти органлари 2014 йил 1 мартга қадар ўз расмий веб-сайтларини 355-сон Қарорга 3-иловада баён этилган асосий талабларга муво­фиқлаштиришлари керак.

Мазкур материалда Интерфаол давлат хизматлари ягона порталини кўриб чиқмаймиз, зеро биз у ҳақда кўп ёзганмиз, вазирлик ва идораларнинг веб-сайтларида нималар амалга оширилганлигини ёритиш қизиқарлироқ бўлади деб ўйлаймиз.

 

ИҚТИСОДИЁТ ВАЗИРЛИГИ

Иқтисодиёт вазирлиги расмий сайтининг (mineconomy.uz) «Интерфаол хизматлар» бўлимида шикоят ёки так­лиф билан мурожаат қилиш мумкин. Ҳавола бўйича ўтганда қайтар алоқа шакли очилади, унда сизга ўзингизни таништиришингиз таклиф этилади. Ёдда тутинг, бузиб кўрсатилган маълумотлар, «belo4ka» кўринишидаги никнеймлар ёки шунга ўхшаш лақабларни сайт маъмурлари номувофиқ исмлар сифатида бракка чиқарадилар ва кўриб чиқмайдилар, шу сабабли исм ва фамилиянгизни кўрсатинг. Шунингдек тизим сизга ўз электрон манзилингизни кўрсатишни таклиф қилади, акс ҳолда мурожаатингизга жавобни қандай оласиз. Сўнгра сиз «Умумий саволлар» ёки «Тадбиркорларнинг мурожаати» тоифасини танлаб, мурожаат ёки шикоят мавзусини кўрсатишингиз керак. Кўрсатилган майдон пастига ўз мурожаатингиз матнини ёзасиз, у автомат равишда info@mineconomy.uz электрон манзилига тушади. У ердан мурожаат рўйхатдан ўтказиш учун девонхонага юборилади ва мутахассис кўриб чиқиши учун тегишли бўлимга тақсимланади.

 

ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ

Ташқи ишлар вазирлигига mfa.uz сайтида жойлашган «Он-лайн-қабулхона» орқали мурожаат қилиш мумкин. Хат ёзиш учун шаклда кўрсатилган майдонларни тўлдириш ҳам зарур (тўлдириш учун мажбурийлари қизил ранг билан белгиланган). Чунончи, агар сиз электрон почта манзилини кўрсатмасангиз, ўз алоқа боғлаш телефонингизни кўрсатишингиз керак. «Мурожаат мавзуси» бўлимида «Умумий саволлар», «Савол-1», «Савол-2», «Савол-3» пунктларидан бирини танлаш назарда тутилган. Тўғрироғи, бу пухта ишлаб чиқарилмаган шакл бўлиб, дастурчилар унга истиқболда тузатиш киритадилар, ҳозирда эса барча хатлар «Умумий саволлар» пунктига жўнатилмоқда. Бундан ташқари, мурожаат қилганда суратдаги сонларни киритишни унутманг, акс ҳолда у жўнатилмайди.

 

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ

Адлия вазирлиги сайтида (minjust.uz) икки бўлим: «Он-лайн-қабулхона» ва «Тадбиркорларнинг мурожаати» орқали мурожаат қилиш мумкин. Жисмоний шахсларга «қабулхона», юридик шахсларга эса «мурожаат» пунктлари мўлжалланганлигини билиш қийин эмас. «Қабулхона»да сиз ўзингизни таништиришингиз, кейин так­лиф этилган рўйхатдан савол мавзусини танлашингиз, ўз телефон ва электрон манзилингизни кўрсатишингиз, муро­жаат ёки шикоят ёзишингиз керак. Сайтдан хат маъмурга юборилади ва тегишли шахсга берилади. «Тадбиркорларнинг мурожаати»га келсак, бунда, юқорида қайд этилган пунктлардан ташқари, иш жойи, лавозимни кўрсатиш ҳамда таклиф этилган рўйхатлардан мурожаат тури ва мавзусини танлаш керак. Шуниси ибратлики, сайтда бундан аввалги мурожаатларнинг натижалари чоп этилади, улар эса худди шундай муаммоларга тўқнаш келган шахсларга қизиқарли бўлади.

 

МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ИШЛАРИ ВАЗИРЛИГИ

Бугунги кунда Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг сайтида (mcs.uz) қайтар алоқа воситасида мурожаат қилиш имконияти мавжуд, унга фойдаланувчи «Интерфаол хизматлар» ҳаволаси бўйича ўтганда чиқади. Бундай мурожаат тури учун анъанавий бўлган шаклга кўра тизим ўзингизни таништиришни сўрайди, яъни фамилия, исм ва отангиз исмини киритиш, e-mail, мурожаат мавзусини кўрсатиш ва контекст менюсидан хат жўнатиладиган манзилни (ministry, press, matbuot ёки sadmin) танлаш керак. Мазкур мақолани тайёрлаш чоғида мен Вазирлик сайтида ишлаётган техник мутахассисга қўнғироқ қилдим, у, қандай манзилни танлашдан қатъи назар, барча хатлар унинг электрон манзилига келиб тушишини айтди. Исм, фамилия, паспорт маълумотлари тўғри бўлса (қонун ҳужжатларига кўра) хат девонхонага юборилади. Имзо қўйилмаган аризалар ёки ноаниқ маълумотлар кўр­сатилган аризалар кўрилмайди.

 

ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ

Кўрилганлар ичида аризаларни кў­риш­нинг энг кенг тартиби Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги сайтида (agro.uz) амалга оширилган. Бунда мурожаат қил­ганда фамилия, исм ва отангиз исмини кўрсатиш, савол (шикоят, мурожаат) матнини ёзиш, манзил, индексни, жисмоний ёки юридик шахсга мансублик, туғилиш санаси, паспорт маълумотлари, алоқа боғлаш телефони, электрон почтани кўр­сатиш керак. Тегишли тарзда расмийлаштирилган мурожаатлар кўриш учун девонхонага берилади ва «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ кўрилади.

 

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида (minzdrav.uz) таклиф этилган шаклда тегишли майдонларни тўлдирган ҳолда тўғридан-тўғри вазирга шикоят, таклиф ёки савол билан мурожаат қилиш имконияти назарда тутилган. Бунда фамилия, исм, отангиз исми, e-mail, почта индекси, манзил ва телефонни кўрсатиш керак. Сўрови таклиф этилган рўйхатдан четга чиқадиганлар учун «Бошқалар» пункти назарда тутилган.

 

ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ

soliq.uz сайтида Давлат солиқ қўми­тасининг раиси, Ўзбекистон вилоятларидаги ҳудудий бошқармалар, шаҳар ва туман бошқармалари (инспекциялар)га мурожаат этиш таклиф қилинади. Бунда сизга электрон рақамли имзо (ЭРИ) талаб этилади. Уни Давлат солиқ инспекциясининг (ДСИ) исталган туман бўлимида олиш мумкин, жисмоний шахсларга у бепул берилади. Уни олиш учун ДСИдаги мутахассисга паспорт нусхаси ва СТИР рақамини тақдим этиш лозим (СТИР бланкасининг ўзи талаб этилмайди, рақамини кўрсатиш етарли). Сизга белгиланган шаклда ЭРИ калитини олишга ариза бериш таклиф қилинади, кейин ДСИ мутахассиси сиз учун калитни генерациялайди ҳамда уни қандай сақлаш ва ишлатишни тушунтиради. Берилган калит бир йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади, кейин уни узайтириш керак. ДСИда генерацияланмаган бошқа ЭРИ калитлари тизимда тўсиқсиз ишлаш учун тўғри келмайди.

 

Шуни ҳам эслатамизки, Интерфаол давлат хизматлари ягона портали my.gov.uz воситасида у ёки бу вазирлик ҳамда идораларга мурожаат қилиш мумкин. Таклиф, савол ва шикоятларни Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги назорат бўйича давлат инспекцияси, «Сувсоз» ТДУК, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги, Савдо-саноат палатасига ҳам юбориш мумкин.

Мазкур материални тайёрлаш чоғида мен суҳбатлашган кўпчилик техник мутахассислар мени Давлат хизматлари порталига йўналтириб, буни ушбу порталда мурожаат қилувчини идентификациялашнинг барча зарур усуллари назарда тутилганлиги билан асосладилар. Бироқ бевосита вазирлик ва идоралар сайтларида айни пайтда мурожаат қилиш имкониятини кўрадиган бўлсак, фақат ДСҚда ЭРИ талаб қилинади, қолган ресурсларда имзо билан тасдиқланмаган, балки фойдаланувчи тақдим этган маълумотлар кифоя қилади.

Он-лайн-қабулхоналарга мухбиримиз

Ольга КИРЬЯКОВА кирди.

Прочитано: 2761 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика