1. Айтинг-чи, бугунги кунда пенсионерларга мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар сақлаб қолинганми, агар сақланган бўлса, улар қай тартибда татбиқ этилади ва қандай мол-мулкка нисбатан қўлланилади?
2. Пенсионер учун ер солиғи бўйича имтиёздан фойдаланиш тартиби қандай?
Муродбек Очилдиев,
доимий газетхон.
Қамаши тумани.
– 1. Солиқ кодекси 275-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ солинмайдиган майдон ўлчами доирасида пенсионерларнинг мулкида бўлган мол-мулкка жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди. Мулкида солиқ солинадиган мол-мулк бўлган пенсионерлар учун мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинмайдиган майдон умумий майдоннинг 60 кв.метри ҳажмида белгиланади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси асосида берилади.
Демак, пенсионерларга мулк ҳуқуқида тегишли бўлган мол-мулкка (хусусан, квартира, турар жой, дала ҳовли ва бошқа қурилмалар) солиқ солинмайдиган майдон 60 кв.м ҳажмидан кўп бўлмаслиги керак.
Жисмоний шахслар томонидан қуйидаги мақсадларда фойдаланиладиган кўчмас мулкка нисбатан бу имтиёз қўлланилмайди:
тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилганда;
уларни юридик шахсларга ёки якка тартибдаги тадбиркорларга ижарага берилганда.
Ўз квартираси (уйи)дан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланадиган ёки уларни юридик шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берадиган жисмоний шахслар, шунингдек нотурар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғини юридик шахслар учун белгиланган ставкада тўлайдилар.
2. Солиқ кодекси 290-моддасининг 5-бандига кўра ер солиғини тўлашдан ёлғиз пенсионерлар озод қилинадилар. Ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан алоҳида уйда бирга яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаси асосида берилади.
Ер солиғи бўйича имтиёзлар белгиланган тақдирда, бу солиқ имтиёз ҳуқуқи вужудга келган ойдан эътиборан тўланмайди (Солиқ кодексининг 294-моддаси).
Бу масала юзасидан батафсил тушунтиришларни «СБХ»нинг 2013 йил 13 августдаги 32 (992)-сонида чоп этилган «Ёлғизларга имтиёз берилади» номли материалдан ўқишингиз мумкин.
Павел СИЛЬНОВ, адвокат