Сўнгги пайтларда қатор хорижий оммавий ахборот воситаларида Европа давлатларида ўғирланган машиналарнинг «изи» қўшни Тожикистон ҳудудидан топилаётганлиги ҳақида турли ахборотлар кенг тарқалмоқда.
Транспорт воситалари Европадан Тожикистонга келгунига қадар транзит тарзида бир қанча давлатларнинг, жумладан Ўзбекистон Республикасининг ҳам чегараси ва божхона масканларини кесиб ўтишини инобатга олсак, мазкур хабарлар кенг жамоатчиликнинг ўзбекистонлик божхоначилар фаолиятига нисбатан муносабатига турли таъсир этиши мумкин.
Давлат божхона қўмитаси алоҳида таъкидлайди-ки, республикамиз божхоначилари томонидан Ўзбекистон ҳудудидан товар ва транспорт воситалари, контрабанда ашёларининг ноқонуний олиб ўтилишига қарши кенг кўламдаги чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шунга қарамай, товар ва транспорт воситаларини республикамиз ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтиш чоғида халқаро шартномалар ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибларни бузишга уринишлар ҳамон учрамоқда. Бинобарин, республикамиз божхоначилари Европа мамлакатларида ўғирланган автотранспорт воситаларининг республикамиз ҳудудида ноқонуний транзитини амалга ошириш бўйича бир қатор қонунбузарликларни фош қилишди. Аниқланган ҳолатларнинг таҳлили кўрсатмоқдаки, Тожикистонга йўл олган ўғирланган машиналар темир йўл орқали контейнерларда ўзгартирилган рақамлар ва қалбаки ҳужжатлар асосида Болтиқбўйи мамлакатлари, хусусан Латвия ва Литвадан «экспорт» қилинмоқда.
Аниқланган қонунбузарликларнинг айримларини мисол сифатида келтирамиз. Масалан, Тошкент вилояти божхоначилари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда «Бекобод темир йўл» божхона постида юртимиздан транзит тарзида Тожикистонга ўтаётган юк поездининг Литвадан Тожикистон фуқароси Х.Раҳимов номига юборилган вагон ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказишганда, унда юк-кузатув ҳужжатларида қайд қилинмаган 8 та қимматбаҳо автомашиналар борлиги аниқланди. «Honda» ва «BMW» компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган мазкур енгил автомашиналарнинг умумий қиймати 1 млрд 350 млн сўмдан ошиши аниқланди.
Мазкур вилоятдаги «Ўзбекистон» темир йўл чегара божхона постида Тожикистон Республикасига транзит тарзида ўтиш учун келиб тўхтаган юк поезди таркибидаги вагонлардан бирида юк-кузатув ҳужжатларида қайд қилинмаган 3 та «Range Rover» ҳамда биттадан «BMW 550i» ва «Opel Astra» русумли автомашиналар ноқонуний равишда олиб ўтилаётганлиги аниқланди. Тожикистонлик М.Аҳмадчонов номига юборилган мазкур транспорт воситаларининг умумий қиймати 800 млн сўмни ташкил қилар экан.
Шунингдек, сирдарёлик божхоначилар томонидан «Оқолтин» темир йўл бекатида аниқланган яна бир қонунбузарлик ҳолатида Литвадан йўл олган «Lexus RX450H» ва «Honda» автомашиналари юк-кузатув ҳужжатларида қайд қилинмаган ҳолда яширин равишда олиб ўтилаётганлиги сабабли тожикистонлик С.Юсуповгача етиб бора олмади.
Худди шу бекатда яна бир қонунбузилиш ҳолати фош қилинди. Республикамиз ҳудудидан Тожикистон Республикасига транзит тарзида ўтаётган юк поезди вагонларидан бирида бу гал хўжандлик А.Мадаминов номига қиймати 750 млн сўмлик 2 та «BMW X6» ҳамда 1 тадан «BMW X5» ва «Honda» автомашиналари амалдаги тартибларга зид равишда олиб ўтилаётганлиги аниқланди.
Интерполнинг Ўзбекистондаги бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган текширувларга кўра, юқорида таъкидланган автотранспорт воситаларининг барчаси Европа давлатлари ҳудудидан ўғирланган. Айни пайтда қонунбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига биноан текширув ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Кўриниб турибдики, уюшган жиноий гуруҳлар нафақат бир давлат ёки минтақа бўйлаб, балки халқаро даражада алоқаларга эга бўлишган ва ўз қинғир қилмишларини амалга оширишган. Улар товар-моддий бойликлар ва транспорт воситаларини ноқонуний олиб ўтишнинг яширин механизми ва «канал»ларини яратишган ва кучайтириб боришган.
Айни вақтда транспорт воситаларининг ноқонуний транзитига чек қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси божхона органлари томонидан тегишли чора-тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 29 январдаги «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида»ги ПҚ-1913-сон қарорига мувофиқ 2013 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб кираётган ёки транзитини амалга ошираётган юк ташувчилар чегарани кесиб ўтган жойидаги божхона органларига ўтказилаётган товарлар тўғрисидаги маълумотни, шу жумладан уларнинг номи, миқдори, вазни ва юклар қиймати, шунингдек Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ уларнинг кодлари ҳақидаги маълумотни тақдим этишлари шарт.
Юк ташувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар етарли бўлмаганда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ товарлар ва транспорт воситалари қўшимча божхона назоратидан ўтказилади.
Тақдим этилган маълумотларнинг амалда олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларига мувофиқ эмаслиги аниқланган тақдирда, Давлат божхона қўмитаси қонунбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли чораларни қўллайди.
Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.