Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 2 / Солиқ солиш

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи бобидаги янгиликлар

25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон Қонун билан Солиқ кодексига (СК) ўзгартиришлар киритилди.

 

Мол-мулк солиғи бўйича имтиёзга доир ҳуқуқни тасдиқлаш учун мол-мулк жойлашган ердаги солиқ органига қуйидаги ҳужжат­ларни тақдим этиш лозим:

10 нафар ва ундан ортиқ болалари бор аёллар – фуқаро­ларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг болалар борлигини тасдиқловчи маълумотномаси;

пенсионерлар – пенсия гувоҳномаси;

I ва II гуруҳ ногиронлари – пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси.

Солиқ кодекси 275-моддасининг 3, 5, 6-бандлари мазмунидан.

 

Хусусан, СКнинг янгиланган 275-мод­дасида назарда тутилишича, 2014 йил 1 апрелдан бошлаб жисмоний шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқ бўйича имтиёзлар қонун ҳужжатлари билан белгиланган солиқ солинмайдиган майдон ўлчами доирасида жисмоний шахсларнинг қуйидаги тоифалари берилади:

10 нафар ва ундан ортиқ болалари бор аёллар;

I ва II гуруҳ ногиронлари.

Пенсионерлар учун мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқаришнинг амалдаги тартиби сақланган.

Юқорида саналган жисмоний шахслар тоифалари учун мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинмайдиган майдон мол-мулк умумий майдонининг 60 кв.метри ҳажмида белгиланган (Президентнинг 25.12.2013 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсат­кичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2099-сон қарорига 18-илова, бундан кейин – Президентнинг ПҚ-2099-сон қарори). Ушбу имтиёзни қўллаш учун жисмоний шахслар мол-мулк жойлашган ердаги солиқ органига уни олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этишлари керак. Уларнинг рўйхати СКнинг 275-моддасида келтирилган. Агар улардаги умумий майдон солиқ солинмайдиган энг кам ўлчам – 60 кв.метрдан ошса, мол-мулк солиғи ошган майдондан умумбелгиланган тартибда тўланади.

 

1-МИСОЛ. II гуруҳ ногирони Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида умумий майдони 45 кв.м бўлган квартира мулкдоридир. Унда мол-мулк солиғини тўлаш мажбурияти юзага келмайди, чунки унинг квартираси умумий майдони солиқ солинмайдиган энг кам ўлчамдан ошмайди. Имтиёзни қўллаш учун у Юнусобод туман ДСИга пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномасини тақдим этиши керак.

 

2-МИСОЛ. Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи М.Саидова 10 боланинг онаси. Унинг мулкида умумий майдони 140 кв.м бўлган уй бор; мол-мулкнинг умумий инвентаризация қиймати 7 700 минг сўмни ташкил қилади.

2014 йил 1 апрелгача М.Саидовага мол-мулк солиғидан тўлиқ озод қилиш кўринишидаги имтиёз татбиқ этила­ди. Бироқ солиқ тўғрисидаги қонун ҳуж­жатларига киритилган ўзгартиришлар муносабати билан 2014 йил 1 апрелдан бошлаб унда фақат солиқ солинмайдиган энг кам ўлчамдан ошадиган майдон – 80 кв. метрдан (140 кв.м – 60 кв.м) мол-мулк солиғини тўлаш мажбурияти юзага келади.

СКнинг 277-моддасига мувофиқ календарь йил мобайнида имтиёзга ҳуқуқ вужудга келган (амал қилиши тугаган) тақдирда, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ушбу ҳуқуқ вужудга келган (амал қилиши тугаган) ойдан эътиборан қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк со­лиғи базавий ставкаси инвентаризация қийматига 1,2% миқдорида белгиланди (Президентнинг ПҚ-2099-сон қарорига 18-илова).

Шу тариқа М.Саидова бюджетга 2014 йил 1 апрелдан бошлаб (яъни 9 ой учун) тўлаши керак бўлган мол-мулк солиғининг суммаси 39 600 сўмни ташкил этади:

(7 700 000 – (7 700 000 / 140) х 60) х 1,2% = 52 800 сўм (солиқнинг йиллик суммаси);

52 800 сўм / 12 ой х 9 ой = 39 600 сўм (жорий йилнинг 9 ойи учун солиқ суммаси).

 

3-МИСОЛ. Н.Қосимов март ойидан ёшга доир пенсияга чиқди. Бекобод шаҳрида унинг мулкида умумий майдони 58 кв.м бўлган квартира бор, унинг инвентаризация қиймати 3 200 000 сўмни ташкил қилади.

Н.Қосимов март ойида квартира жойлашган ердаги солиқ органига пенсия гувоҳномасини тақдим этганда, ДСИдагилар унга асосан мол-мулк солиғини қайта ҳисоб-китоб қиладилар. 2014 йил март ойидан бошлаб пенсионер Н.Қосимов солиқ солинмайдиган майдон доирасида (60 кв.м) мол-мулк солиғини тўламайди. Бироқ январь–февраль ойлари учун у жорий йилнинг 15 октябригача бюджетга 6 400 сўм (3 200 000 х 1,2% / 12 х 2) солиқ тўлаши лозим.

 

4-МИСОЛ. Пенсионернинг мулкида Тошкент шаҳрида жойлашган, умумий майдони 250 кв.м бўлган якка тартибдаги уй-жой бор. Кўчмас мулкка оид ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларнинг маълумотларига кўра уйнинг инвентаризация қиймати 12 500 000 сўмни ташкил қилади.

Президентнинг ПҚ-2099-сон қарорига 18-иловага мувофиқ шаҳарларда жойлашган ва умумий майдони 200 кв.метрдан 500 кв.метргача бўлган турар жойлар ва квартираларга уларнинг инвентаризация қийматига нисбатан 1,4%лик ставкада солиқ солинади.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солиқнинг оширилган ставкалари шаҳар­ларда жойлашган турар жойлар ва квартираларнинг бутун майдонига нисбатан қўлланади.

Пенсионер учун мол-мулк солиғи умумий майдоннинг 60 кв.метрини ташкил этадиган солиқ солинмайдиган энг кам ўлчамни чегирган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Шу тариқа, бир йил учун бюджетга тўланадиган солиқ суммаси 133 000 сўмни [(12 500 000 – (12 500 000 / 250) х 60) х 1,4%] ташкил этади, уни пенсионер жорий йилнинг 15 октябригача тўлаши керак.

СКнинг 275-моддасида назарда тутилган имтиёзлар мулкдорнинг танлашига кўра фақат битта мол-мулк объектига татбиқ этилади.

 

5-МИСОЛ. I гуруҳ ногиронининг мулкида иккита квартира бор. У фақат ўзининг хоҳиши (танлаши)га биноан улардан бири бўйича имтиёздан фойдаланиши мумкин. Бунинг учун у имтиёздан фойдаланмоқчи бўлган квартира жойлашган ердаги ДСИга пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссияси маълумотномасини тақдим этиши керак. Иккинчи квартира бўйича I гуруҳ ногирони мол-мулк солиғини умумбелгиланган тартибда тўловчи ҳисобланади.

Агар жисмоний шахс солиқ солиш объектидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланган ёхуд юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берган тақдирда, шунингдек жисмоний шахс турар жой фонди объектларини нотурар жой фонди объектлари тоифасига ўтказса ёки нотурар жой фонди объектларини (бинолар, бинолардаги хоналар) мулк қилиб сотиб олса, имтиёзлар қўлланилмайди. Ушбу ҳолларда у имтиёзга ҳуқуқдан маҳрум бўлади ва Президентнинг ПҚ-2099-сон қарорига 17-иловада белгиланган юридик шахслар учун белгиланган солиқ ставкасидан, яъни 4%дан келиб чиқиб солиқ тўлайди.

Солиқ даври учун жисмоний шахс­ларнинг мол-мулкидан олинадиган со­лиқ ҳисобот йилининг 15 декабригача тў­ланади.

Зарема МЕНАЛИЕВА,

Молия вазирлиги Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармасининг

ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи сектори мудири.

Прочитано: 3263 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика