Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 2 / Бизнинг маслаҳатлар

Ундирув қачон дебиторга қаратилади?

Хусусий кичик корхонамизда 5 нафар ходим ишлайди. 2012 йилда биз «Тозалик» ДУК билан шартнома тузганмиз. Шартномада мазкур корхона ўз транспортида маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиши кўзда тутилган. Биз бир ой учун 65 000 сўм ўтказиб бердик, лекин шахсан ўзим бир неча марта бориб чиқиндиларни олиб кетишларини талаб қилсам ҳам «Тозалик» ДУК корхонаси шартномада келишилган вазифаларини бажармади. Орадан бир йил ўтиб, 2013 йилнинг сентябрида ДУК ҳеч қандай асоссиз, ҳисобварақ-фактураларсиз, амалда бажарилмаган ишларга бир томонлама солиштирма далолатнома тайёрлаб, бизни огоҳлантирмаган ҳолда 1 800 000 сўмлик кредиторлик қарзимиз борлиги ҳақида шаҳар солиқ инспекциясига маълумот берган. Ўз навбатида, солиқ инспекцияси ҳам Солиқ кодексининг 64-моддасини асос қилиб, ушбу солиштирма далолатноманинг ҳужжатлар билан асослантирилмаганлигига аҳамият бермай, ўрганмай, банк ҳисобрақамимизга инкассо қўйган ва маблағимизни ечиб олган. Унинг бу ҳаракати қонунийми? «Тозалик» ДУК томонидан тайёрланган солиштирма далолатномага келсак, уни асословчи на ҳисобварақ-фактура ва на бажарилган ишлар далолатномаси мавжуд. «Тозалик» ДУК шу вақтга қадар идорамизга умуман келмаган. Кичик корхонамизда 1 800 000 сўмлик чиқинди 10 йил мобайнида ҳам чиқмаслиги аниқ, шу туфайли шартномада бир ой учун 65 000 сўм белгиланган эди.

Ушбу ҳол юзасидан аниқлик киритиш учун давлат солиқ инспекциясига мурожаат қилдик, лекин у эътиборсиз қолиб кетди.

Бизнинг вазиятимиз юзасидан экспертлар хулосасини беришингизни илтимос қиламан.

Ў.Каримов, корхона раҳбари.

Андижон вилояти.

 

– Солиқ кодексининг 64-моддасида белгиланган қоидага кўра, солиқ тўловчи дебитор билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасини тақдим этган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторларидан ўтказилиши лозим бўлган суммага қаратади.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, кредитор (сизнинг ҳолатингизда – «Тозалик» ДУК) бир томонлама имзоланган солиштирма далолатномаларни дебиторлик қарзи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга. Фақат шарти шуки, у бу ҳуқуқдан дебитор (яъни сизнинг корхонангиз) кредитор билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаларига имзо қўйишни асоссиз рад этган тақдирда фойдаланиши мумкин. Яъни «Тозалик» ДУК сиз билан ҳисобварақ-фактура ва бажарилган ишлар далолатномасини расмийлаштириши ва ёзма равишда ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаларига имзо қўйишни сўраб мурожаат қилиши, сиз эса имзо қўйишни рад этганингиздагина «Тозалик» ДУК давлат солиқ хизмати инспекциясига солиқ қарзи ундирувини дебиторига (яъни сизнинг корхонангизга) қаратиб, бир томонлама имзоланган солиштирма далолатномаларни тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунга алоҳида эътибор бериш керакки, бир томонлама имзоланган солиштирма далолатномаларни кредитор дебиторлик қарзи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (ҳисобварақ-фактура ва бажарилган ишлар далолатномасини) илова қилган ҳолда тақдим этиши шарт.

Биринчидан, агар сизнинг корхонангиз билан кредитор ўртасида дебиторлик қарзи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактура ва бажарилган ишлар далолатномаси) расмийлаштирилмаган бўлса, у тақдим этган бир томонлама солиштирма далолатнома юридик кучга эга бўлмайди.

Иккинчидан, давлат солиқ хизмати органи ушбу далолатноманинг Солиқ кодекси қоидаларига қанчалик мувофиқ тайёрланганлигини ўрганиб чиқиши, маълумотлар етарли бўлмаган тақдирда, бу талабни ижросиз қолдириши зарур бўлади.

Агар далолатномага илова қилиниши зарур бўлган ҳужжатлар етарли бўлмаса, давлат солиқ инспекцияси кредиторнинг сўровини ижросиз қолдиради. Чунки ҳужжатлари етарли бўлмаган мурожаатни ижро этиш ноқонуний ҳаракат ҳисобланади.

Солиқ кодексида белгиланган барча ҳужжатлар етарли бўлган тақдирдагина давлат солиқ инспекцияси кредиторлик қарзи борлиги ҳақида имзолаш учун солиштирма далолатномани ва кредиторлик қарзи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини илова қилган ҳолда дебиторга ёзма билдириш юборади.

Агар юқоридаги ҳаракатлар қонун доирасида тўлиқ амалга оширилган бўлса, ёзма билдириш олинган кундан эътиборан 3 иш куни ичида дебитор ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасини имзолаш ёки солиштирма далолатномада кўрсатилган қарзнинг мавжуд эмаслигини асослаган ҳолда рад жавобини тақдим этиши шарт бўлади.

Агар кредиторнинг барча хатти-ҳаракатлар юқорида келтирилган тартибда, қонун доирасида амалга оширилган бўлса, у томонидан тайёрланган ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси, унда дебиторнинг имзоси мавжуд бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, солиқ қарзи ундирувини дебиторга қаратиши учун асос бўлади.

Солиштирма далолатномада Солиқ кодексининг 64-моддасида белгиланган тартибда кўрсатилиши шарт бўлган маълумотларга ҳам эътибор бериш лозим.

Демак, сизнинг ҳолатингизда солиқ инспекциясига тақдим этилган, бир томонлама имзоланган солиштирма далолатномага дебиторлик қарзи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактура, бажарилган ишлар далолатномаси ва ёзма равишда ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасига имзо қўйиш сўралиб, мурожаат қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар) белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, илова қилинмаган бўлса, сиз ўз қонуний манфаатларингизни ҳимоя қилиш мақсадида давлат солиқ хизмати органининг юқори органига ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёхуд судга мурожаат этишингиз мумкин бўлади.

Жавобни экспертимиз

Мурод МУҲАММАДЖОНОВ

тайёрлади.

Прочитано: 4314 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика