«NORMA» профессионал ривожланиш марказида бухгалтерлар ва бухгалтер бўлишни хоҳловчилар учун «Бухгалтерия ҳисобига кириш» масофадан ўқитиш курси I модулининг дастлабки ва якуний имтиҳонлари бўлиб ўтди.
100 дан ортиқ киши қисқа танаффус билан бирга қарийб 3 соат давом этган тест синовидан ўтди. Имтиҳон олдидан ўқитувчилар Игорь ва Юлия Аипкинлар тест синовидан ўтиш қоидаларини тушунтирдилар, шунингдек бухгалтерия ҳисоби билан боғлиқ саволларга жавоб бердилар.
Иштирокчилар яхши натижалар кўрсатишди. Кўпчилик ўтадиган 75 баллни йиғди. Баъзилар тестни бехато топшириб, 100 балл тўплашди. Якуний тест синовини муваффақиятли топширганларни кичик таътил ва кейин «Амалий бухгалтерия» II модулида ўқиш кутяпти. Оралиқ тестдан ўтган иштирокчилар I модулда ўқишни давом эттирмоқдалар.
Имтиҳон натижалари ҳаммани ҳам қувонтирмади. Ушбу ҳолда синовдан ўтмаганлар учун қайта тест синови назарда тутилган.
Биз дастлабки ва якуний имтиҳонларни муваффақиятли топширган иштирокчилардан ўз таассуротлари билан ўртоқлашишни сўрадик.
Элмира Ахмедшина, «Maksima Standart» ХФ бош бухгалтери:
– Курс жуда қўл келди, гарчи бухгалтер сифатида каттагина тажрибам бўлса-да, ундан ўтиш мен учун жуда қизиқарли ва фойдали бўлди. Албатта, мен шуғулландим, зарур материални ўқидим, ўқитувчидан маслаҳатлар олдим, форумни кузатиб бордим. Имтиҳонни топширмаганларга омад ва муваффақият тиламоқчиман, ундан ўта олмаганлар ранжимасинлар, чунки ҳаммага қайта тест синовида ўзини кўрсатиш имконияти берилади!
Алия Тоирова, иқтисодчи, Давстатқўм:
– Масофадан туриб ўқитиш ғояси менга маъқул, кўп ишлашим сабабли ишдан кейин курсларга боришга улгурмайман ҳам. Ушбу имтиҳонга астойдил ва бор кучим билан тайёрландим, муваффақият қозонишга чоғландим. Чамаси, айни шу боис 100 балл тўплашга муваффақ бўлдим!
Ажойиб лойиҳа учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бундан кейин ҳам ана шундай иштиёқ билан ўқийман!
Алла Ҳамидова, «Ирода транс сервис» МЧЖ бухгалтери:
– Биринчи синовдаёқ ўтиш учун етарли балл тўплаганлигимдан жуда хурсандман. Албатта, каттароқ натижа кутгандим. Амалиётда баланс тузишнинг бироз бошқача тушунчаларига тўқнаш келаман, бироқ ўқиш жараёнида олинган янги билимлар ҳам жуда қизиқарли.
Светлана, сотиш бўйича менежер:
– Бухгалтерия фаолияти билан яқиндан таниш эмасман, бироқ у мен учун жуда қизиқарли. Мавзуни чуқур ўзлаштиргунга қадар шуғулландим. Машғулотлар натижасида имтиҳонда 98 балл тўпладим. Курс аввало масофали бўлгани учун ҳам мени қониқтиради, зеро мен ҳозирги пайтда декрет таътилидаман.
Олеся Мишутина, «GOLD-LIDA» МЧЖ ҚК:
– Мен бухгалтерия соҳасида энди иш бошлаганман, ҳозирча ушбу ишнинг нозик жиҳатларини билмайман. Мисол учун, проводкалар қандай қилинишини унча яхши билмайман. Мен учун энг мураккаби эса баланс тузишдир. Ташкилотимиз – «GOLD-LIDA» МЧЖ ҚК «NORMA» нашрларига обуна бўлганда курсда бепул ўқиш имкониятига эга бўлдим. Аввал масофали ўқитиш менга нима бериши мумкин дея ўзимга савол бердим. Бироқ биринчи маърузадан бошлаб мени ҳаммаси, айниқса тест синови жуда қизиқтириб қўйди, кейинги бўлимга ўтиш учун ҳар бир мавзу якунлари бўйича ундан ўтиш керак эди. Бу мен учун қийин бўлди, тўғриси, уй ишларини ҳам унутиб ярим тунгача шуғулландим (ҳатто эркатой ўғлимга кам эътибор бердим). Ўқиш вақтида buhshkola.uz сайти форумига кириб, кишиларга иш ва оила ташвишлари боис материални ўзлаштириш учун вақт етишмаслиги хусусида фикр-мулоҳазалар билан танишдим. Бироқ ўқишни бошлаганда у оила ва ишга бўлгани сингари кўп вақтни эгаллаши, демак, бунга тайёр бўлиш кераклигини англаш кераклигига амин бўлдим. Якуний тест синови мен учун осон бўлди, чамаси астойдил шуғулланганим боис бўлса керак! Мен «NORMA» масофали курсида ўқиганимдан хурсандман, ўз натижаларимдан фахрланаман! Ишонаманки, кейинчалик ҳам – CAP халқаро сертификатини олиш учун ўқишимда мени муваффақият кутади.
Кирилл Кинчук, «Un-Lio TRANS» МЧЖ бош бухгалтери:
– Бухгалтер бўлганим учун тест синовида баъзи хатоларга йўл қўйганимдан ҳайрон бўлдим. Амалиётда бошқа усулларни қўллайман, шу сабабли баъзи жиҳатлар мен учун осон бўлмади. Кўп янги ва қизиқарли ҳолатларни билиб олдим.
Март ойида раҳбарлар учун бухгалтерия бўйича масофали курс бошланишини эслатиб ўтамиз. Қўшимча ахборотни 200-00-30 телефони орқали олишингиз мумкин.
ТАҲРИРИЯТДАН. «Norma» профессионал ривожланиш маркази 2014 йил февраль ойидан «Бухгалтерия ҳисобига кириш» масофадан ўқитиш курсини ўзбек тилида олиб боришни режалаштирмоқда.
Наталья СПИРИДОНОВА,
мухбиримиз.