Корхонамиз қурилиши Президент ва ҳукуматнинг қарорларида назарда тутилган лойиҳалар доирасида амалга ошириладиган объектларда қурилиш пудрати шартномалари бўйича қурилиш-монтаж ишларини бажаради. Мазкур қонун ҳужжатлари билан объектларни қуриш ва фойдаланишга топшириш муддатлари белгиланади. Шу муносабат билан қурилиш пудрати шартномалари бўйича ишларни бажариш муддатлари қурилишни тугаллаш муддатларига «боғланган».
Корхонамиз ходимлари ишга меҳнат шартномаси бўйича номуайян муддатга қабул қилинади. Бироқ ишларимизнинг қурилишни тугаллаш муддатига боғланганлиги ва жорий йилда ишлар ҳажмининг ўтган йил билан таққослаганда 30%га камайганлиги туфайли савол туғилди: ходимларимиз билан меҳнат шартномаларини муддатли шартномаларга қайта тузиш мумкинми? Бу меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш деб ҳисобланмайдими?
Д.Ф.,
ҚМБ кадрлар бўлими бошлиғи.
Тошкент вилояти.
– Аввало шунга эътибор қаратиш лозимки, Меҳнат кодекси (МК) 75-моддасининг учинчи қисмига кўра номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг розилигисиз муайян муддатга, шунингдек муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб қайта тузилиши мумкин эмас. Шу билан бирга меҳнат шартномасини қайта тузиш учун қандай сабаблар асос бўлиб хизмат қилиши мумкин деган савол туғилади. Мазкур саволга жавоб бериш учун МКнинг 76-моддасига мурожаат қилиш керак, чунки мазкур ҳолда меҳнат шартномасини муддатли шартномага қайта тузиш муддатли меҳнат шартномасини тузиш учун назарда тутилган шартларга риоя этилишини талаб қилади. Чунончи, муддатли меҳнат шартномалари:
бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда;
корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан;
қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда тузилиши мумкин.
Сизнинг саволингиздан пудрат шартномалари бўйича ишларнинг хусусияти муддатли эканлиги ва шу боис бажариш учун ходим қабул қилинган ишни муайян муддат тугаганидан кейин объектив сабабларга кўра давом эттириш мумкин бўлмаслиги олдиндан маълумлиги кўзга ташланади. Бунинг устига, фикримизча муддатли меҳнат шартномаларини ишга қабул қилиш чоғидаёқ тузиш мумкин деб ҳисоблаймиз.
Юқорида баён этилганлар асосида сиз номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ходимларнинг розилиги билан, меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритиш ёки янги муддатли меҳнат шартномасини тузиш йўли билан қайта тузишга ҳақлисиз. Бунда агар, шартнома муддатидан ташқари, бошқа шартлар ўзгармаса, меҳнат шартномасига ўзгартиришларни имзолаш амалий жиҳатдан мақбулроқдир.
Павел СИЛЬНОВ,
адвокат.