Ходим 5 кунлик иш ҳафтасида кунига 8 соатдан ишлайди. Ишининг ўзига хос хусусияти туфайли ойига 1 марта (ҳар ойнинг 31 ёки 30-кунидан кейинги ойнинг 1-кунига ўтар кечаси) тунги сменада ишлайди: кундузи соат 12 да кетади, сўнгра соат 20.00 дан 8.00 га қадар ишлайди.
1. Тунги сменадаги ишга қандай ҳақ тўланади?
2. Тунги вақтда ишлаганлик учун ҳақ тўлаш ўрнига ишланмайдиган кун (отгул) бериш мумкинми?
3. Агар ойнинг 1-куни байрам кунига тўғри келса, ишга қандай ҳақ тўланади ёки қай тарзда отгул берилади?
– 1. Соат 22.00 дан то соат 6.00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади (МКнинг 122-моддаси). Ходимлар раҳбарнинг буйруғи (фармойиши) асосида тунги вақтдаги ишга жалб этилади, унда тунги вақтда ишга жалб этиладиган ходимлар ва қўшимча ҳақ суммаси кўрсатилади.
Тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади (МКнинг 158-моддаси). Яъни тунги вақтда иш учун қўшимча ҳақ миқдори соатбай ставканинг 50%идан кам бўлмаслиги керак.
Меҳнат кодексида қўшимча ҳақнинг юқори миқдори чегирилмасдан, фақат қуйи чегараси белгиланган. Корхоналар ўзларининг локал ҳужжатларида, масалан, жамоа шартномасида ёки меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомда тунги вақтдаги иш учун қўшимча ҳақни қонун ҳужжатлари билан белгиланганидан ошадиган миқдорларда назарда тутишлари мумкин. Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) кўра, қўшимча ҳақлар миқдорларини ҳисобга олмасдан ва уларни қонун ҳужжатлари билан белгиланган меъёрларга киритмасдан, тунги вақтда ишлаганлик учун устамалар ва қўшимча ҳақлар суммалари ишлаб чиқариш тусидаги меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари таркибига (1.2.3.1-банд) ёки давр харажатларига (2.2.1-банд) киради.
Қўшимча ҳақ суммаси ходимнинг жами даромадига киритилади ҳамда унга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий суғуртага ажратмалар солинади.
Тунги вақтда ишлаганлик учун қўшимча ҳақ ва устамалар фойда солиғи ҳисоб-китоби чоғида чегириладиган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари ҳисобланади (Солиқ кодекси 143-моддаси 6-бандининг «в» кичик банди).
Тунги вақтгача ва ундан кейин ишланган соатларга, агар бир ой учун иш соатлари ҳисоб-китоби якунлари бўйича улар иш вақтидан ташқари соатлар ҳисобланмаса, бир баравар миқдорда ҳақ тўланади.
Шу тариқа, ходим сменада 12 соат (кечки соат 20 дан тонгги соат 8 гача) ишлаган, бунда тунги вақтга 8 соат (22.00 дан 6.00 гача) тўғри келади, унга соатбай тариф ставкасининг камида 50%и миқдорида қўшимча ҳақ тўланади. Қўшимча вақт – 4 соатга соатбай тариф ставкаси миқдорида ҳақ тўланади.
2. Тунги вақтда ишлаганлик учун ҳақ тўлаш ўрнига отгуллар (яъни ҳақ тўланадиган дам олиш кунлари) бериш Меҳнат кодексида назарда тутилмаган. Тунги вақтга соатбай тариф ставкасининг бир ярим баравар миқдоридан кам бўлмаган ҳақ тўланиши керак.
3. Байрам кунларидаги иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади (МКнинг 157-моддаси). Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади.
Байрам кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Ходимнинг илтимосига биноан байрам кунидаги иш учун отгул берилган тақдирда, бундай иш учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.
Ноила МУКМИНОВА,
экспертимиз.