Мен фирмада 6 йилдан бери меҳнат шартномаси бўйича ишлайман. Яқинда ходимлар бўйича менежер мен билан меҳнат шартномасини бекор қилиб, фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузишмоқчи эканликларини айтди. Мен бунга рози эмасман, чунки фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишловчилар, амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, ҳеч қандай имтиёзларга эга эмаслар, мен фирмада қўлланадиган ижтимоий-иқтисодий имтиёзлардан маҳрум бўламан.
Иш берувчи мазкур масалани бир тарафлама тартибда ҳал қилиш ҳуқуқига эгами деган савол туғилади. Ўз ҳуқуқларимни ҳимоя қилишим ва меҳнат шартномаси бўйича ишлашда давом этишим учун қаерга мурожаат қила оламан?
Алишер.
Тошкент шаҳри.
– Иш берувчи меҳнат шартномасини бунга Меҳнат кодексининг талабларига мувофиқ (Меҳнат кодекси (МК) 107-моддасининг учинчи қисми) асослар бўлмаганда бекор қилишга, шунингдек сизни фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузишга мажбур қилишга ҳақли эмас.
Ходим билан иш берувчининг муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг меъёрлари билан тартибга солинади, сиз билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш (МКнинг 100-моддаси) анча мушкул, чунки сизда муайян ҳуқуқлар ва ижтимоий-меҳнат кафолатлари бор.
Бироқ агар шундай ҳол юз берса, МК 270-моддасининг биринчи қисмига кўра, сиз ишга тиклаш тўғрисида якка тартибдаги меҳнат низосини ҳал қилиш учун сиз билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб 1 ой мобайнида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.
Белгиланган муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд томонидан қайта тикланиши мумкин (МК 270-моддаси иккинчи қисми).
Бироқ ходим меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширадиган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ҳамда прокуратурага мурожаат қилган тақдирда ходим норозилик билдирган буйруқлар устидан шикоят қилиш муддатлари мавжуд эмас.
Текширув вақтида ҳуқуқбузарликлар аниқланганда иш берувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасида назарда тутилган энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима тарзидаги жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шу тариқа, амалдаги қонун ҳужжатлари доирасида иш берувчида сизнинг розилигингизсиз фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузиш мақсадида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқи йўқлигига асосланган ҳолда ўз позициянгизни ҳимоя қилинг.