Етказиб берилган маҳсулот учун катта суммада биздан қарздор МЧЖ билан қандай йўл тутишимиз керак? У қарзни тан оляпти, бироқ бир неча ойдан бери пул ўтказмаяпти. Нима қилишимиз керак? Судга борайликми? Бироқ у ерда чиқимларимиз жуда катта бўлади!
Л.Соловей,
бош бухгалтер.
– Агар корхонангизда қарздор бўлиб, у қарзини тан олса, бироқ узмаса, уни буйруқ чиқариш тартибида ундириш фойдалироқ бўлади. Буйруқ чиқариш тарафлар ўртасида низо мавжуд бўлмаган, қарздор эса қарзни тан оладиган ҳолатда қарзларни ундиришнинг соддалаштирилган таомилидир.
Бунинг учун сиз судга қарздор корхонанинг қарзни тўлаш тўғрисида талабларини тан олишини исботлаб беришингиз керак. Одатда амалиётда кредитор билан қарздор ўртасида имзоланган, шартнома бўйича қарз суммаси кўрсатилган ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси ана шундай исбот ҳисобланади. Қарздор қарз суммасини тўлаш талабларини тан олганлигини белгилаш имконини берадиган бошқа ёзма ҳужжатлар ҳам далил ҳисобланиши мумкин.
Хўжалик процессуал кодексининг (ХПК) 104-моддасига кўра суд буйруғини бериш тўғрисидаги ёзма ариза хўжалик судига судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади1. У кредитор ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланадиган аризага ишончнома илова қилинади. Аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ариза берилаётган хўжалик судининг номи;
2) кредиторнинг, қарздорнинг номи ва уларнинг манзиллари;
3) кредиторнинг қонун ҳужжатларига асосланган талаби;
4) талабга асос бўлган ҳолатлар ва уларни тасдиқловчи далиллар;
5) ундириладиган сумманинг ҳисоб-китоби;
6) илова қилинган ҳужжатлар рўйхати.
Аризада кредиторнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
Шунга эътибор қаратингки, аризачи (кредитор) суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганида қарздорга шу аризанинг нусхасини топшириши шарт. Қарздор раҳбарининг муҳр билан тасдиқланган имзоси унинг топширилганлиги далили ҳисобланади. Агар нусха алоқа воситалари орқали жўнатилса, судья аризани қабул қилишдан бош тортиши мумкин (ХПКнинг 105-моддаси; ОХС Пленумининг 15.06.2007 йилдаги 162-сон қарори 21-банди).
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво билан умумий тартибда мурожаат қилганда низолашилаётган сумма асосида ҳисоблаб чиқилган ставканинг 50%и миқдорида давлат божи тўланади. Уни қабул қилиш рад этилган тақдирда ундирувчи тўлаган давлат божи ундирувчи томонидан қарздорга умумий тартибда даъво тақдим этилганда тўланиши лозим бўлган бож ҳисобига ўтказилади (ХПКнинг 106-моддаси).
Судья суд буйруғини ишни судда муҳокама қилмасдан, қарздор ва ундирувчини чақирмасдан ҳамда уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан беради (ХПКнинг 109-моддаси).
ХПКнинг 102-моддасига кўра суд буйруғи кредиторнинг пул суммасини ундириш ёки ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги ёхуд қарздордан низосиз талаблар бўйича мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги аризаси бўйича судья чиқарган ҳужжатдир.
Бунда шуни билишингиз лозимки, ХПКнинг 108-моддасига мувофиқ қарздор унга суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза нусхаси топширилган пайтдан бошлаб 10 кунлик муддатда хўжалик судига кредитор талабларига қарши эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган фикр-мулоҳазасини тақдим этишга ҳақли.
Агар қарздор узрли сабаб билан кредиторнинг талабига қарши ўз вақтида эътироз билдириш имкониятига эга бўлмаган бўлса, суд буйруғи берилган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда ўша судга уни бекор қилиш тўғрисида ариза беришга ҳақли. Судья бундай ҳолда буйруқни бекор қилади (ХПКнинг 111-моддаси).
Бироқ суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш ёки суд буйруғини беришни рад этиш ёхуд суд буйруғини бекор қилиш худди шу талаб бўйича умумий тартибда даъво тақдим этиш имкониятига тўсқинлик қилмайди.
1Умумий қоидаларга кўра ариза жавобгар жойлашган ердаги хўжалик судига тақдим этилади. Бироқ бундан бир қанча истиснолар ҳам мавжуд (ХПКнинг 27–32-моддаларида батафсилроқ тушунча берилган).
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.