Олдиндан меҳнат таътилига чиққан ходим меҳнат муносабатларини тугатмоқда. У билан ҳисоб-китоб чоғида мавжуд суммалар таътилнинг ишланмаган кунлари учун ходимга тўланган пул маблағларини қоплаш учун етарли эмаслиги аниқланди. Иш берувчи уни суд орқали ундириши мумкинми?
– Иш берувчи таътилнинг ишланмаган кунлари учун олдиндан ҳақ тўлаш билан корхонага етказилган моддий зарарни ундириш учун судга мурожаат қилишга ҳақли.
МК 164-моддаси иккинчи қисмининг 4-банди билан иш берувчига ходимнинг меҳнат ҳақидан, шу жумладан ҳисобидан ходим таътил олиб бўлган иш йили тугамасдан туриб меҳнат шартномаси бекор қилинганда, унинг ишланмаган кунлари учун қарзни сўндириш мақсадида ушлаб қолиш ҳуқуқи берилади. Бироқ бундай ушланмалар меҳнат шартномаси МК 89-моддасининг тўртинчи қисмида (ходим янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли), 100-моддаси иккинчи қисмининг 1 ва 2-бандларида (технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги; ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши), 106-моддасининг 1 ва 2-бандларида (ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда; шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда) кўрсатилган асосларга кўра, шунингдек ўқишга кирганлиги ёки пенсияга чиққанлиги муносабати билан бекор қилинганда амалга оширилмайди.
Сизнинг ҳолатда иш берувчи ҳисоб-китоб чоғида ходимга ҳисобланган маблағларнинг етарли эмаслиги туфайли ҳосил бўлган қарзни ушлаб қола олмаган. Бинобарин, агар ишдан бўшатилаётган шахс МКнинг юқорида кўрсатилган моддаларидаги тоифага кирмаса, иш берувчи таътилнинг ишланмаган кунлари учун олдиндан ҳақ тўлаш кўринишида корхонага етказилган моддий зарар учун ходимга нисбатан судга даъво аризаси тақдим этишга ҳақлидир.