Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси (ИҲҲҚЖФ) ва унинг ҳудудий бўлинмалари саъй-ҳаракатлари билан жорий йилда истеъмолчилар 1 млрд 976 млн сўмдан ҳам ортиқроқ маблағни қайтариб олишга муваффақ бўлдилар. Истеъмолчиларнинг турли соҳаларда ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақидаги аризалари мазкур жамоат ташкилоти томонидан кўриб чиқилиши якунлари асосида айни ана шу миқдордаги суммага қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Бизнинг истеъмолчи тариқасидаги ҳуқуқимиз қонун билан ишончли тарзда ҳимоя этилаётганлигидан далолат берувчи ана шу салмоқдор рақам мамлакатимиз пойтахтида бўлиб ўтган матбуот конференциясида эълон қилинди. Тадбир ташкилотчилари – Адлия вазирлиги ва ИҲҲҚЖФ журналистларга фуқароларнинг коммунал соҳадаги истеъмол маданияти ошиб бораётганлиги, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тобора тўлароқ таъмин этилаётганлиги ҳақида ахборот бердилар.
Йил маррага яқинлашиши арафасида, қишки совуқлар кутилаётган бир паллада коммунал соҳада истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши ҳақида сўз юритилиши айниқса долзарб ва бамавриддир. Ташкилотчилар қайд этиб ўтганидек, фуқароларнинг шикоятлари ва аризалари умумий ҳажмида уй-жой ва коммунал хизматлардан қониқмаганлик муносабати билан қилинган мурожаатлар барқарор равишда етакчилик қилиб келмоқда. Боиси ижтимоий йўналганлик айниқса уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасида ёрқин ифода топишида бўлса керак. Зотан бу соҳа жамиятнинг барча аъзоларини муҳим ҳаётий хизматлар билан, бинобарин ҳар биримизга тааллуқли хизматлар билан таъмин этиб келмоқда.
Адлия вазирлиги ва ИҲҲҚЖФ вакиллари уй-жой ва коммунал соҳаси ҳуқуқий маънода энг кўп даражада тартибга солинган тармоқдир деб айтдилар. Аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш тизимида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш концепцияси 1998 йили тасдиқланган бўлиб, унда тармоқни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган эди. Уй-жой ва коммунал хўжалигини ислоҳ этиш мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб белгиланганлиги ҳам ҳаммамизга яхши маълум. Бу соҳадаги муносабатларни расамадга солувчи керакли қонунчилик асослари яратилганлиги, шунингдек улар амалда рўёбга чиқарилаётганлиги эса муҳим омил саналади. Ана шу саъй-ҳаракатларнинг ҳаммаси истеъмолчиларга яшаш учун қулай ва мақбул шароитлар яратиб бериш, иқтисодий жиҳатдан асосланган тарифлар бўйича сифатли уй-жой ва коммунал хизматлари кўрсатишга қаратилган бўлиб, истеъмолчилардан кўрсатилган хизмат ҳақини вақтида тўлаб бориш талаб этилади, холос.
Матбуот конференциясида мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя этишнинг самарали тизими яратилганлиги таъкидлаб ўтилди. Бу тизим ҳам давлат органларини, ҳам улар билан қўлни қўлга бериб ишлаб келаётган жамоат ташкилотларини қамраб олган. Чунончи, 2013 йилнинг 9 ойи мобайнида адлия идоралари 1 245 мурожаат асосида фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминладилар. Истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган турли ташкилотларга 700 га яқин тақдимнома киритилди, шундан 659 таси ижро этилди. Тақдимномаларнинг аксарияти давлат ҳокимияти органларига, газ, электр ва сув таъминоти тузилмаларига киритилди. Натижада инсон ҳуқуқларини бузувчи 106 та ғайриқонуний ҳужжат бекор қилинди. Судларга жами 2,3 млрд сўмлик даъво аризалари киритилди.
Оммавий ахборот воситалари вакилларига уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш юзасидан ИҲҲҚЖФ томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам ахборот берилди. Муаммолар кўпроқ коммунал хизмат кўрсатувчилар шартнома мажбуриятларига риоя этмаётганликлари туфайли юзага келмоқда. Истеъмолчилар бундай хизматларни тўлиқ ҳажмда, лозим даражадаги сифатда олмаётирлар, шартномаларга кўпинча уларнинг ҳуқуқларини камситувчи шартлар киритилмоқда, улардан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундириш ҳоллари ҳам содир бўлмоқда. ХУМШларнинг қониқарсиз фаолияти билан боғлиқ аризалар ҳам оз эмас. Бу борадаги ҳуқуқбузарликлар истеъмолчиларнинг жамоат ташкилотига йўллаган мурожаатларидан олинган аниқ факт ва мисоллар билан кўрсатиб берилди. Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида Федерация ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига 7 600 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Шулардан 95 фоизидан ортиғи истеъмолчилар фойдасига ҳал этилди.
Матбуот конференцияси мавзуси этиб белгиланган фуқароларнинг уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасидаги истеъмол маданиятини ошириш масаласига келганда, шуни айтиш керакки, одамлар қонунчилик асосларини мукаммалроқ эгаллаганларида, фуқаролик позициясини дадилроқ намоён этганларида, айни бир вақтда бурч ва мажбуриятларини унутмаганларида эди, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилганлигига оид мурожаатлар анчагина кам бўларди. Кўриниб турибдики, бу борада жамоат ташкилотлари истеъмолчилар ўртасида ҳам, уларнинг ҳуқуқларини бузувчилар ўртасида ҳам кенг кўламда маърифий ишлар олиб боришлари лозим.
Конференция иштирокчилари журналистлар саволларига ҳам жавоб беришди. Мухбиримиз газетхонларимиздан олинган бугунги кунда банк сектори уй-жой соҳасида кўрсатиб келаётган ёрдам ҳақидаги мурожаатларни ўқиб эшиттирди. Кўпгина ХУМШлар капитал таъмирлаш ишларини ўтказиш учун имтиёзли кредитлар олиш имконияти афзаллигини ўз тажрибаларида билиб олдилар. Лекин баъзи ширкатларни бу ишга соя солаётган жиҳатлар, хусусан, банкларнинг вакиллари ширкатларнинг молиявий имкониятини инобатга олмай ва қарз маблағларига зарурати бор-йўқлигига эътибор қилмай, кредитларни тиқиштириш пайида бўлаётганлиги ранжитмоқда. Адлия вазирлигининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Лазиз Маҳмудов бунга жавобан қонун ҳужжатларига мувофиқ кредит олиш тўғрисидаги қарорни ХУМШнинг ўзи қабул қилиши лозимлигини эслатди. Табиийки, қарз маблағларига эҳтиёж бўлмаса ёки қарзни вақтида узишга кўзи етмаса, ХУМШ қарз олишни рад этишга ҳақли.
Ирина ГРЕБЕНЮК,
махсус мухбиримиз.