Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 49 / Муҳаррир минбари

«Ҳисобварақ», «ҳисоб рақам», «счёт» – қай бири тўғри? Ёки иқтисодий атамалар орасида адашиб қолмаслик масалалари

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда иқтисодий муносабатларни тартибга солишга доир ва иқтисодиётимизнинг жадал ривожланишига хизмат қилувчи қонунлар, қонун ҳужжатлари ва қонуности ҳужжатларининг яхлит тизими яратилди. Бу тизим замон ва иқтисодий тараққиёт талабларидан келиб чиқиб доимо такомиллашиб бормоқда.

 

Иқтисодий соҳага оид қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, уларга риоя этиш жараёнида, яъни хўжалик юритиш амалиётида иқтисодий муносабатлар ва жараёнларни акс эттирувчи атамаларни қўллаш, уларни бир хил маънода талқин қилиш, тушуниш, аниқ таърифлаш муҳим аҳамиятга эга.

Шу маънода айни пайтда иқтисодий атамаларнинг барча қонун ҳужжатларида бир хилда қўлланилишини таъминлайдиган вақт келди, чамамизда. Бу долзарб масалани ҳал этиш учун қонун ижодкорлари, давлат идоралари мутахассислари ва амалиётчиларнинг, иқтисодчи-олимлар, тилшуносларнинг биргаликда изланишлар олиб бориши мақсадга мувофиқ кўринади.

Ана шундай бирхиллаштирилишини «кутиб турган» атамалардан бири «ҳисобварақ» истилоҳидир.

«Ҳисобварақ» атамаси бугунги кунда меъёрий ҳужжатларда, амалиётда ва иқтисодий назарияда икки ҳар хил маънода қўлланиб келинаётир.

Биринчидан, «ҳисобварақ» – бу банк ҳисобварағи.

Банк ҳисобварағи тушунчасининг таърифи Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида йўриқномада1 келтирилган. Ушбу Йўриқноманинг 1-бандига мувофиқ «банк ҳисобварағи – банк ҳисобварағи шартномасини тузиш орқали банк мижоз (ҳисобварақ эгаси) ҳисобварағига келиб тушган пул маблағларини қабул қилиш ва киритиб қўйиш, мижознинг ҳисобварағидаги тегишли маблағларни ўтказиш ва бериш ҳамда ҳисобварақ бўйича бошқа операцияларни амалга ошириш тўғрисидаги топшириқларни бажариш вазифасини ўз зиммасига олиши натижасида банк ва мижоз ўртасида вужудга келадиган муносабатларни амалга ошириш воситаси».

Иккинчидан, «ҳисобварақ» – бу бухгалтерия ҳисоби ҳисобварағи.

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларида активларнинг ҳолати ва ҳаракати, мулкий ҳуқуқлар ва мажбуриятларнинг ҳолати тўғрисидаги тўлиқ ҳамда аниқ маълумотларни (таъкид муаллифники) шакллантириш бухгалтерия ҳисобининг вазифалари сирасига киради. Демак, хулоса чиқариш мумкинки, бухгалтерия ҳисоби ҳисобварағи – бу активларнинг ҳолати ва ҳаракати, мулкий ҳуқуқлар ва мажбуриятларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни акс эттириш воситасидир.

Банк ҳисобварағи тушунчасининг турли атамалари

«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасида банк операциялари қаторида биринчи навбатда жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, вакил банкларнинг ҳисобварақларини очиш ва юритиш, ҳисобварақлар бўйича ҳисоб-китоб қилиш вазифаси белгиланган. Яъни, ушбу Қонунда банк ва мижоз ўртасида вужудга келадиган муносабатларни амалга ошириш воситасини ифодалашда «ҳисобварақ» атамаси қўлланилган.

Бошқа қонунларда, қонуности ҳужжатларида ва амалиётда банк ҳисобварағини ифодалашда қуйидаги атамалар қўлланилади:

(1) «ҳисобрақам»;

(2) «ҳисоб рақам;

(3) «ҳисоб-китоб рақами»;

(4) «ҳисоб-китоб счёти»;

(5) «ҳисоб-китоб варағи».

Солиқ кодексида, ушбу ҳужжат 209-моддасининг 17-бандидан ташқари, бутун матнда банк ҳисобварақлари тушунчаси «ҳисобварақ» атамаси билан ифодаланган. Кодекснинг 209-моддаси 2-бандида «депозитлар қабул қилиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг банк ҳисобварақларини, шу жумладан вакил банкларда ҳисобварақларини очиш ва юритиш» дейилган бўлса, 17-бандида «мижозларнинг ҳисоб рақамларига банклар томонидан электрон масофали хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар» дейилган, яъни Солиқ кодексининг битта моддаси доирасида бир тушунчани ифодалаш учун иккита ҳар хил атама қўлланилади.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари бўйича мол-мулкни сотиш учун савдо ташкилотларини танлаш ва мол-мулкни сотиш тартиби тўғрисида низом2 2-иловасининг изоҳида қўшиб ёзилган ҳолда «ҳисобрақам» атамаси қўлланилган бўлса, ушбу Низом 39, 40, 41-бандлари ва 2-иловасининг матнида ажратиб ёзилган, яъни «ҳисоб рақам» атамаси қўлланилган.

Молия вазирлигининг ММ/04-02-32-04/25/38-сон, Давлат солиқ қўмитасининг 16/3-511-сон «Ҳисобварақ-фактуранинг янги шакли намунаси тўғрисида»ги 2014 йил 10 январдаги қўшма хатида келтирилган ҳисобварақ-фактуранинг шакли, Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларида банк ҳисобварағини ифодалашда «ҳисоб-китоб счёти» атамаси қўлланилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Девони тўғрисидаги низомнинг3 6-бандида «Сенат Девони юридик шахс бўлиб, ўзининг ҳисоб-китоб варақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади» дейилган бўлиб, бунда банк ҳисобварағи тушунчаси «ҳисоб-китоб варағи» атамаси билан ифодаланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 августдаги 239-сон Қарори билан тасдиқланган Қимматли қоғозларни муомалага киритиш квоталари ва тартиби тўғрисидаги низомда, 2003 йил 11 ноябрдаги 497-сон Қарори билан тасдиқланган Туризм фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомда, 2012 йил 28 августдаги 253-сон Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш қоидаларида банк ҳисобварағи назарда тутилган тушунчалар «ҳисоб-китоб рақами» атамаси билан ифодаланган.

 

Бухгалтерия ҳисобварағи тушунчасининг турли атамалари

Мамлакатимизда бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ҳамда ҳисобот тузиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи асосий қонун ҳужжати бўлмиш «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги» Қонуннинг 2-моддасида бухгалтерия ҳисобининг мақсади фойдаланувчиларни ўз вақтида тўлиқ ҳамда аниқ молиявий ва бошқа бухгалтерия ахбороти билан таъминлашдир, деб белгиланган бўлиб, бухгалтерия ҳисобининг вазифалари қаторида биринчи навбатда «бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларида активларнинг ҳолати ва ҳаракати, мулкий ҳуқуқлар ва мажбуриятларнинг ҳолати тўғрисидаги тўлиқ ҳамда аниқ маълумотларни шакллантириш» вазифаси белгиланган. Демак, банк ва унинг мижози ўртасидаги мижознинг пул маблағлари ҳаракати билан боғлиқ муносабатларни акс эттирувчи «банк ҳисобварағи» тушунчасидан фарқли равишда, «бухгалтерия ҳисобварақлари» тушунчаси юридик шахснинг ички фаолият жараёнига тааллуқли бўлиб, у активларнинг ҳолати ва ҳаракати, мулкий ҳуқуқлар ва мажбуриятларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни акс эттиради.

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини тартибга солиш, бухгалтерия ҳисоби стандартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш Молия вазирлиги зиммасига юкланган ­(5-модда). Шундан келиб чиқиб, Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари (БҲМС) тасдиқланган.

Шуниси эътиборлики, Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган ва амалиётда барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қўлланиб келинаётган БҲМСда «бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари» атамаси «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонундан фарқли ўлароқ «бухгалтерия ҳисоби счётлари» атамаси билан ифода этилган. Бунда «ҳисобварақ» сўзи ўрнига «счёт» сўзининг ишлатилиши мазкур сўзнинг (яъни «счёт»нинг) амалиётчи бухгалтерлар томонидан узоқ вақт ишлатилиб келинганлиги, у «ҳисобварақ» сўзига қараганда тушунарлироқ ва қисқароқ бўлганлиги билан, қолаверса амалий жиҳатдан қулайлиги билан тақозо этилган, деб тахмин қилиш мумкин.

 

Тахмин ва фаразлар ўрнига, қонун ижодкорлари, мутахассислар, иқтисодчи-олим ва тилшунослар ушбу атамалардан қайси бири – «ҳисобварақ» ёки «счёт» – қўлланилиши тўғрироқ бўлишини муҳокама қилиб, асосланган бир тўхтамга келишларини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Таҳририят ўқувчиларнинг мақолада кўтарилган мавзу доирасидаги фикр-мулоҳазаларини ҳам кутиб қолади.

 

1АВ томонидан 2009 йил 27 апрелда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2Адлия вазирлигида 2006 йил 29 декабрда 1649-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

3Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2005 йил 18 апрелдаги 23-I-сон Қарори билан тасдиқланган.


Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ,
иқтисодчи
.

Прочитано: 2513 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика