Norma.uz

Жадвалнинг жадвалдан фарқи бор

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

МЧЖ (Етказиб берувчи) билан АЖ (Харидор) умумий суммаси 120 млн сўм бўлган етказиб бериш шартномасини тузишди. Шартнома шартларида маҳсулот шартномага илова бўлган жадвал бўйича 8 ой мобайнида етказиб берилиши керак. Харидор вақти-вақти билан ҳақ тўлашни кечиктириши боис Етказиб берувчи хўжалик судига етказиб бериш жадвалини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво билан мурожаат қилди.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан МЧЖнинг даъво талабларини қондириш тўлиқ ҳажмда рад этилди. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига қўшилмаган даъвогар апелляция шикоятини берди. Ўзининг қарори билан апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз, апелляция шикоятини эса қондирмасдан қолдирди. Апелляция инстанциясининг қарорига ҳам қўшилмаган даъвогар кассация шикоятини берди. Кассация инстанциясининг қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори ўзгартиришсиз, кассация шикояти эса қондиришсиз қолдирилди.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

МЧЖ етказиб бериш шартномасига илова бўлган етказиб бериш жадвалига риоя эта олмайди, чунки АЖ ўз вақтида ва тўлиқ ҳақ тўлаш мажбуриятларига риоя этмаяпти. МЧЖнинг мурожаатларига қарамасдан, АЖ етказиб бериш жадвалини ўз хоҳиши билан ўзгартиришга кўнмаяпти, бунда АЖ мазкур товарга муҳтожлигини сабаб қилиб кўрсатяпти. Шу йўл орқали АЖ алдаш йўли билан етказиб бериш шартномасини тузиб олиб, уни бажармаяпти, МЧЖдан эса товарни ўз вақтида етказишни талаб қиляпти. Етказиб бериш жадвали Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 128-моддасида назарда тутилган битимнинг бир қисми эканлигини ҳисобга олиб, алдаш таъсирида тузилганлиги туфайли ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин (ФКнинг 123-моддаси).

 

АЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

Ҳақиқатан ҳам АЖ товарларнинг вақти-вақти билан етказиб берилишига кечикиб ҳақ тўлаган. Бироқ бунинг объектив сабаблари бор. АЖ товар етказиб бериш жадвалида назарда тутилган муддатларда етказиб берилишидан манфаатдор, чунки мазкур товар АЖ ишлаб чиқараётган маҳсулотни тайёрлаш учун зарур хом ашё ҳисобланади. Унинг ҳаракатларида ҳеч қандай алдов бўлмаган, АЖ етказиб берилаётган маҳсулотга ҳақ тўлаш бўйича шартномавий мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажаришга кафолат беради.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини, учинчи шахс фикрини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, қуйидаги далиллар тасдиқланганлигини белгилади:

1) МЧЖ билан АЖ ўртасида умумий суммаси 120 млн сўм бўлган етказиб бериш шартномаси тузилган, унинг шартларига кўра маҳсулот етказиб бериш жадвали бўйича 8 ой мобайнида етказиб берилиши керак;

2) етказиб бериш жадвали етказиб бериш шартномасига илова бўлган;

3) МЧЖ бир неча марта АЖга етказиб бериш жадвалини ўзгартириш ва унга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида битим тузиш талаби билан мурожаат қилган. АЖ ушбу таклифларга рад жавоби берган;

4) Харидор маҳсулотга ҳақ тўлашни вақти-вақти билан кечиктирганлиги боис Етказиб берувчи хўжалик судига етказиб бериш жадвалини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Суд ФКнинг 128 ва 437-моддаларига асосланиб, даъво талабларини асоссиз деб топди ва уларни тўлалигича рад этди.

Апелляция ва кассация инстанцияларининг судлари биринчи инстанция судининг важ-далилларига қўшилди ва унинг ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирди.

 

ШАРҲ

ФКнинг 101-моддасига мувофиқ, битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларига айтилади. ФКнинг 9-боби 113–126-моддаларида назарда тутилган асослар бўйича битимни ҳақиқий эмас деб топишга йўл қўйилади. ФКнинг 9-боби қоидалари билан белгиланган битимни ҳақиқий эмас деб топиш асослари муфассалдир.

ФКнинг 128-моддаси мазмунидан келиб чиқилганда битимнинг бир қисми деганда битим мазмунига тааллуқли бўлган, уларнинг йўқлиги уни амалга ошириш имкониятини истисно этмайдиган бир ёки бир неча шартни тушуниш керак. Қонун талабларига кўра муҳим ҳисобланган ва улар мавжуд бўлмаганда битимнинг қолган шартлари унинг иштирокчилари учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни ҳосил қилмайдиган шартлар ана шундай шартлар бўла олмайди. ФКнинг етказиб бериш шартномаси мазмунини очиб берадиган 437-моддасига мувофиқ етказиб бериш муддатлари (даврлари) етказиб бериш шартномасининг муҳим шарти ҳисобланади.

Шу тариқа, фуқаролик қонун ҳужжатларининг қоидаларига асосланиб, шартномага илова ҳисобланган етказиб бериш жадвалини ҳақиқий эмас деб топиш мумкин эмаслиги тўғрисидаги хулосага келиш мумкин, чунки ФКнинг етказиб бериш шартномаси мазмунини очиб берадиган 437-моддасига мувофиқ етказиб бериш муддатлари (даврлари) шартноманинг муҳим шартидир. Шу туфайли даъвогарнинг етказиб бериш жадвалини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаби мустақил даъво талаби предмети бўла олмайди.

Юқорида баён этилганлар ҳисобга олинса, бундай низони суд умуман етказиб бериш шартномаси мазмунидан ажратиб кўриб чиқиши мумкин эмас. Шу сабабли суд шартномага илова бўлган етказиб бериш жадвалини ҳақиқий эмас деб топиш учун асосларни кўрмаган ва даъво талабларини асосли равишда рад этган.

Келтирилган вазиятда МЧЖ ҳаракатларнинг қуйидаги вариантларидан фойдаланиши мумкин эди:

1) қарз суммасини ҳужжат билан қайд этиш, солиштирма далолатномани имзолаш ва, уни ва бошқа ҳужжатларнинг (шартнома, ҳисобварақ-фактура ва бошқалар) нусхаларини илова қилиб, Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомга (МБ бошқарувининг АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) мувофиқ МЧЖга хизмат кўрсатувчи банкка қарзни ундириш учун тўлов талабномасини қўйиш;

2) агар етказиб бериш шартномасида мажбурий эътироз-даъво этиш тартиби назарда тутилган бўлса, АЖга қарзни сўндириш талаби баён этилган эътироз билан мурожаат қилиш. Агар шартномада у назарда тутилмаган бўлса, хўжалик судига қарз, неустойка, шунингдек суд харажатлари суммаларини ундириш тўғрисида даъво аризаси бериш;

3) ФКнинг 14-моддаси ва 28-бобига мувофиқ хўжалик судига етказиб бериш шартномасини бекор қилиш ва шартномани бекор қилиш билан боғлиқ зарарларни ундириш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилиш.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 801 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика