Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 35 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИ КЕНГАЙТИРИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 15.08.2014 йилдаги 233-сон қарори билан маҳаллий хом ашёдан замонавий рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадида 2014–2016 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига тузатишлар киритилди.

Дастурга 31 номдаги маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар киритилди, улар орасида ярим автомат кир ювиш машиналари, сополдан ишланадиган қоплама плиталар, бир марталик болалар тагликлари бор ҳамда уларнинг бўлғуси ишлаб чиқарувчилари ҳам кўрсатилган.

Мазкур Дастурга киритилган корхоналарга ушбу ҳужжат расман эълон қилинган кундан бошлаб Президентнинг 4.02.2014 йилдаги ПҚ-2120-сон қарорининг 3-бандида назарда тутилган божхона тўловлари бўйича имтиёзлар, солиққа оид имтиёзлар эса ҳужжат расман эълон қилинган кундан кейинги ойнинг биринчи санасидан, яъни 2014 йил 1 сентябрдан бошлаб қўлланилади.

 

ЯПОНИЯГА ЎҚИШГА ЮБОРИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси вакилларининг Японияда ўқишини ташкил этиш учун берилаётган грантлардан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 19.08.2014 йилдаги 236-сон қарори билан белгиланишича, ўқиш учун номзодларни танлаб олиш Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги, Япония Халқаро ҳамкорлик маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги грантларга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатилганлиги учун Япония томонининг воситачилик харажатларига Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳақ тўлайди.

Ҳужжатга мувофиқ лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилиши таъминланади. Уларга визалар берилиши ва узайтирилиши, шунингдек улар яшаш жойларида вақтинча рўйхатдан ўтказилиши ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилиши давлат божлари ундирилмасдан таъминланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Японияда ўқиган Ўзбекистон мутахассисларининг маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар нострификация қилинишига ва улар ишга жойлаштирилишига кўмаклашади, шунингдек уларнинг меҳнат фаолияти устидан доимий мониторинг олиб боради.

 

МЕТАЛЛУРГИЯ КОМБИНАТИ УЧУН ИМТИЁЗЛАР

Вазирлар Маҳкамасининг 20.08.2014 йилдаги 238-сон қарори билан «Олмалиқ КМК» ОАЖ ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, техник ва технологик қайта қуроллантириш, рақобатбардош маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва «Олмалиқ КМК» ОАЖ томонидан импорт қилинадиган қуйидаги маҳсулотларнинг рўйхати тасдиқланди:

«Олмалиқ КМК» ОАЖ мис эритиш заводида янги сульфат кислотаси цехини қуриш» инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш доирасида материаллар, асбоб-ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, шу жумладан техник ва лойиҳа ҳужжатлари;

«Жиззах вилоятида портландцемент ва оқ цементни ишлаб чиқаришни ташкил қилиш» инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш доирасида материаллар, транспорт воситалари, асбоб-ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, шу жумладан техник ва лойиҳа ҳужжатлари.

Давлат божхона қўмитасига мазкур товарларни 2014 йил 1 октябргача бўлган муддатда божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаган ҳолда ҳамда истисно тариқасида экспорт божхона юк декларациясини тақдим этмасдан божхонада расмийлаштиришга рухсат этилди.

 

ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР КВОТАЛАР БЎЙИЧА

Вазирлар Маҳкамасининг 20.08.2014 йилдаги 239-сон қарори билан Қимматли қоғозларни муомалага киритиш квоталари ва тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ушбу Низом:

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида;

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлаштириш ва муомалага киритиш квоталари ва тартибини белгилайди.

Низом Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар давлат томонидан олиниши ҳолларига татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида норезидентнинг қимматли қоғозларини жойлаштиришга ушбу турдаги (тоифадаги, типдаги) чиқарилган қимматли қоғозлар умумий сонининг 25%идан ортиқ бўлмаган ҳажмда ушбу қимматли қоғозларни ифодалайдиган Ўзбекистон депозитар тилхати (ЎДТ)ни чиқариш орқали йўл қўйилади. Бунда ЎДТ ваколатли давлат органи томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Резидентнинг қимматли қоғозлари, агар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ушбу турдаги (тоифадаги, типдаги) чиқарилган қимматли қоғозлар умумий сонининг 25%идан ортиқ бўлмаган ҳажмда жойлаштирилиши ва муомалада бўлиши мумкин. Резидентнинг қимматли қоғозлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлаштирилиши ва уларнинг муомалада бўлиши, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, тегишли мамлакатнинг хорижий эмитентларнинг қимматли қоғозлари тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

 

ПЕНСИЯЛАР ҚАЙТА ҲИСОБЛАНАДИ

Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 18.08.2014 йилда 2611-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Президентнинг 31.07.2014 йилдаги «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги ПФ–4639-сон Фармони бўйича пенсияларни қайта ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Шуни эслатиб ўтамизки, 2014 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги энг кам:

иш ҳақи — ойига 107 635 сўм;

ёшга доир пенсиялар — ойига 210 525 сўм;

болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 210 525 сўм;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 129 180 сўм миқдорида ўрнатилди.

Буйруқ билан белгиланишича, 2014 йил 1 сентябрдан кейин якка тартибдаги коэффициентларни (2011 йил 1 октябрдан амалга киритилган) қўллаган ҳолда янги тайинланадиган пенсиялар ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақини тенглаштириш учун ушбу Низомнинг иловасига мувофиқ энг кам ойлик иш ҳақи миқдорлари қўлланилади.

2014 йил 1 сентябргача тайинланган пенсиялар уларнинг миқдорини 1,12 баравар ошириш йўли билан қайта ҳисобланади.

Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун энг кам иш ҳақининг 8 бараваридан (107 635 сўм х 8 = 861 080 сўм) ортиқ бўлмаган ўртача ойлик иш ҳақи инобатга олинади. Якка тартибдаги коэффициент қўлланилган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори ЭКИҲнинг 8 баравари ва ундан юқори миқдорида бўлган ҳолларда, пенсияларни қайта ҳисоблашни амалга оширишда иш ҳақи миқдори энг кам иш ҳақининг саккиз баравари 861 080 сўм (107 635 сўм х 8) билан чегараланиб, иш стажининг давомийлигига боғлиқ равишда пенсияларни ҳисоблаш учун қабул қилинган фоизларга кўпайтирилади.

Ёшга доир ёки I ва II гуруҳ ногиронлик бўйича пенсионерлар пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган тақдирда, қайта ҳисоблашдаги пенсия миқдори мавжуд стажга мутаносиб равишда белгиланади.

Барча ҳолларда пенсияларга устама энг кам ойлик иш ҳақидан (107 635 сўм) келиб чиқиб аниқланади.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 25.08.2014 йилдаги 34 (638)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.


Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА
тайёрлади.

Прочитано: 2260 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика