Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 35 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Ёмонга эргашган...

Бу воқеа ўтган асрнинг 80-йилларида содир бўлган экан. Бир куни кечқурун шаҳар туманларидан биридаги милиция бўлимининг навбатчисига идорадан ташқари қўриқлаш хизмати пультидан номаълум шахс омонат кассага ўғирликка тушганлиги ҳақида хабар қилишди. Жиноятчи етти минг сўмдан ортиқроқ пулни олиб ғойиб бўлибди.

 

Катта назоратчи-кассир Катовскаянинг айтишича, ўша куни у мижозлар билан ишни соат саккизга яқин тугаллагач, шу кунги натижаларни сарҳисоб қилишга киришган. Кириш эшигини ёшгина йигит оҳиста тақиллатиб, йигирма тийинлик тангани майдалаб, икки тийиндан қилиб беришни сўраган, телефон қилиши зарур экан (ўша кезлари уяли телефонлар йўқ эди). Кассир аёл ҳеч бир ёмонлик сезмагани учун эшикни очиб, ўз иш жойига қайтган ва майдалаб бериш учун чақаларни излай бошлаган. Шу пайт қўққисдан ҳалиги йигит тўсиқнинг ортига ўтиб, аёлни бир туртиб полга ағанатган. Кассир бақириб ёрдам сўрашга тушган. Йигит овозингни ўчирмасанг, дабдалангни чиқараман деб пўписа қилган ва бир неча марта тепган. Қўрққанидан дами ичига тушиб кетган кассир жимиб қолган, номаълум шахс эса пул ва ҳужжатларни олиб жуфтакни ростлаган.

Кассир аёл дарҳол идорадан ташқари қўриқлаш пунктига қўнғироқ қилиб, воқеани хабар қилган. Катовская тушунтириш бераётганда жиноятчининг кийими ва бошқа белгиларини аниқ тавсиф этган. Кўрсам, уни албатта танийман деб қўшиб ҳам қўйган.

Суд-тиббиёт гувоҳлантирилиши аёлнинг қорни ва биқинида қон талашиб қолган жойлар борлигини, полга йиқилганида боши пўла бўлганлигини кўрсатди.

Таркибида Умрзоқ ота ҳам бўлган махсус тузилган гуруҳ ана шу ишни тергов қилиш билан шуғулланди. Биринчи иш куни якунлари бўйича бир неча тусмол илгари сурилди. Биринчидан, ўғирликни чиндан ҳам номаълум шахс содир этган бўлиши мумкин, иккинчидан, жиноятчи омонат касса ходимларидан бирининг таниши бўлиши ҳам мумкин. Айни чоғда бу ишни талон-торож учун илгари судланган кимса содир этган бўлиши ҳам истисно қилинмади. Охирги тусмолга кўра, ўғирликни омонат касса ходимларининг ўзи уюштиришган бўлиши мумкин.

Айни ана шу охирги тусмол рост бўлиб чиқди. Ўғирлик содир этилганлигининг эртаси куни туман марказий омонат касса мутахассислари мазкур омонат кассага келиб, бу ерда қолган қимматликлар юзасидан далолатнома туздилар. Унда бир неча шубҳали жиҳатлар қайд этилган эди. Биринчидан, кассир Катовскаянинг айтганларига қараганда, шу куни ҳаддан ташқари кўп пул келиб тушган – илгарилари шанба кунлари ҳеч қачон бундай бўлмаган. Иккинчидан, кассада бир неча шахсий ҳисобварақларнинг кирим ордерлари топилмади.

Текширув шуни кўрсатдики, жиноят содир бўлган куни омонатчилардан ҳеч бири ҳеч қандай пул киритмаган. Пуллар олдинроқ киритилганлиги эса рост. Бироқ уларнинг шахсий ҳисобварақлари Катовская томонидан янгиларига алмаштирилган ва гўё шанба куни пуллар киритилган қилиб кўрсатилган.

Текширув давомида кассир аёлнинг оилавий ҳаётига оид тафсилотлар ҳам аниқланди. Унинг эри кўп ичар, жанжал қилгани қилган экан. Кассирнинг маоши унча кўп эмас – доим етишмовчилик. Лекин бу аёл маълум пайтларда анча қиммат харидлар ҳам қилиб турар экан.

Жиноятчиликда суяги қотмаганлиги боис Катовская тажрибали катта терговчи ўша кезлари ҳали қиличдай навқирон Умрзоқ ота ҳозирлигида ўтказган сўроқда гапни унча чувалаштириб ўтирмади. Айтишича, уни назоратчи-кассирлик ишига ўтказишгач, нафсини тия олмаган. Уззу-кун аллакимларнинг пулларини ҳисобласанг-у, қилган меҳнатинг учун арзимаган ҳақ олсанг – нафс гирдобига тушиб қолишдан ўзингни тийишинг қийин бўлар экан.

У омонатчиларнинг пулини ўзлаштиришнинг расамадини олди – кирим ордерларини ўзгартирар, олинган суммаларни операциялар қайд этиладиган кундаликка ёзмас эди. Шу зайил раҳбариятнинг назоратсизлигидан фойдаланиб, бир йилга борар-бормас, у 5 минг сўмни ўзлаштирди. Пулларни оиласи ва ўзи учун ишлатди, хонадонига керакли буюмлар ва маҳсулотлар сотиб олди. Пулларнинг маълум қисми эри билан, шунингдек қўшнилари – эр-хотин Галкинлар билан ичкиликбозлик-маишатбозлик қилишга сарфланди.

Лекин ҳадемай туғиш таътилига кетган, Катовская ишни (кассани) топшириши лозим бўлган ходима ишга қайтадиган бўлиб қолди. Демак, пул бобида қилган ўғирлик очилиб қолиши муқаррар. Ана шунда улар эр-хотин қўшнилари Галкинлар ёрдамида талончиликни «саҳналаштириш»га қарор қилдилар. Галкинлар кассада Катовскаяда пул камомади борлигини билишарди, чунки улар бир неча марта қайсидир омонатчилар ўрнига кирим ордерини тўлдиришган эди.

Қўшнилар ўғирликка тайёргарликда фаоллик кўрсатишди. Галкин армияда бирга хизмат қилган бир йигитнинг суратини Катовскаяга кўрсатди: кассир шу йўл билан «қароқчи»нинг ташқи қиёфасини ишонарли тарзда, муфассал тавсиф эта олди. Бундан ташқари, у кассирга яна бир неча минг сўмни ўмариб, ҳаммасини ўғирликка, талон-торожга ағдариб қўйишни маслаҳат берди.

«Ҳаваскорлик йўсини»даги жиноятга Михаил деган қўшнини ҳам жалб этдилар. У қароқчи-талончи ролини ўйнаши лозим эди. Галкин унга ўз пойабзали ва чарм қўлқопини берди.  

Ҳамма иш режалаштирилганидек содир бўлди. Аммо Михаил шошилинчда тўлдирилган ордер бланкаларини беришни унутди. Катовская эса хатони тўғрилашга улгурмади...

Охирги сўроқдан кейин кассир қўлга олинди, икки кундан кейин терговчилар унинг эридан ҳам айб эътироф этилган кўрсатмалар олишга муваффақ бўлдилар. Кассирнинг эри талончилик деб аталган мазкур ҳолатни бор тафсилоти билан тасдиқлади ва ўғирланган сумманинг бир қисмини қайтарди. Эр-хотин Галкинлар ҳам айбни бўйинга олишни унча чўзмадилар. Михаил деган қўшни эса сохта ўғирликка дахлдор эканлигини рад этишга ҳаракат қилди. Терговчилар охир-оқибат уни ҳам гапиртиришга муваффақ бўлдилар: Михаил айбини бўйнига олди ва ўз улушини қаерга яширганини кўрсатиб берди.

«Ҳаваскор талончилик»ка оид иш бўйича тергов охирига етди. Михаилнинг шахсини текшириш кутилмаган натижа берди. Унинг бу жиноятга дарҳол рози бўлиши беҳуда эмас экан. Илгари у ҳамтовоқлари билан ўғирлик содир этган бўлиб, барчаси қўлга олинган ва жавобгарликка тортилган экан...

 

Ольга МАРШАНСКАЯ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси марказининг
давлат суд эксперти.

Прочитано: 842 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика