Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 35 / Парламент хабарлари

Давлат мулкини оқилона тасарруф этишни кўзлаб

Барча ривожланган мамлакатларнинг қарор топган амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодиётни (унинг давлат секторини) давлат томонидан бошқариш негизида давлат мулкини бошқарув ётади. Давлат мулкини хоҳ мамлакат ичкарисида, хоҳ унинг сарҳадларидан ташқарида мақбул тарзда, муваффақиятли йўсинда бошқариш, бу соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун зарур.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзолари Собир ЖАББОРОВ ва Полянте СВЕШНИКОВ «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси* ҳақида қуйидагиларни гапириб бердилар. 

 

– Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётда давлат секторини қисқартиришга қаратилган давлат мулкини хусусийлаштириш дастурларини мунтазам равишда қабул қилиб келмоқда. Лекин давлат мулкини бошқариш соҳасида бир қанча жиддий муаммолар борки, улар норматив базани такомиллаштириш ва унга оғишмай риоя этилишини таъминлаш орқали мазкур муаммоларни ҳал этиш учун туб чора-тадбирлар қабул қилинишини тақозо этмоқда.

Ҳозирги вақтда миллий қонун ҳужжатларимизда давлат мулки билан боғлиқ муносабатлар Конституция, Фуқаролик, Ер, Солиқ, Уй-жой кодекслари ва бошқа бир қанча қонунлар билан тартибга солиниб келмоқда. Чунончи, Фуқаролик кодексида мол-мулк турлари белгилаб қўйилган, шунингдек мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни олиш ва тугатиш шартлари назарда тутилган. Ер, Солиқ ва Уй-жой кодексларида эса тегишинча ер, мол-мулк мулкдорларининг солиқ мажбуриятлари билан боғлиқ мулкий муносабатлар, мулк ҳуқуқи, уй-жой фондига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш масалалари расамадга солиб келинмоқда. «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Ижара тўғрисида»ги қонунларда давлат мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишнинг ўзига хос хусусиятлари жузъий тарзда белгилаб берилган, шунингдек мол-мулк мулкдорларининг ва эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш боғлиқ масалалар тартибга солиниб келинмоқда. Бироқ, умуман олганда, улар бу соҳадаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳамма жиҳатлари ва қирраларини тўлиқ қамраб олмоқда, деб бўлмайди.

Айни ана шунинг учун ҳам тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун, бинобарин давлат мулкини ҳисобга олиш ва бошқариш, бундай мулкнинг таркиби ва турлари, уни бошқаришнинг ҳуқуқий асослари, асосий мақсадлари, вазифалари ва принциплари ҳамда мол-мулк мулкдори сифатида давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тиклаш масалалари қамраб олинган қонун талаб этилмоқда.

Ҳозир у ёки бу объект давлат тасарруфида сақлаб қолиниши зарурлиги билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар, давлат корхоналари ва муассасаларининг, давлат бошқарув органларининг оператив бошқарувига, шунингдек хўжалик юритувчи субъектлар фойдаланишига берилган давлат мулкини бошқариш билан боғлиқ масалаларнинг етарлича аниқ тартибга солинмаганлигини таъкидлаб ўтишни жоиз деб ҳисоблаймиз. Боз устига, Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги мол-мулкини бошқаришнинг бир хил стандартлари ва механизми йўқ. Давлатнинг хўжалик жамиятларидаги, хўжалик бошқаруви органларидаги ҳуқуқлари тўғрисида ҳам, давлат мол-мулкини ҳуқуқий жиҳатдан таснифлаш ва ҳисобини юритиш ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Қонун ҳужжатларимизда давлат мулки субъекти Ўзбекистон халқи эканлиги белгилаб қўйилган. Халқ номидан бу мулк ҳуқуқини реализация қилишни мамлакат Парламенти ва Президенти, шунингдек улар томонидан ваколат берилган давлат органлари амалга оширадилар. Айни бир вақтда бир қанча давлат органларининг фаолиятини тартибга солувчи қонунлар ва низомларда мазкур органларнинг давлат мол-мулкини бошқариш ва ундан фойдаланиш борасидаги вазифалари ва функциялари кўрсатилмаган. Худди шунингдек давлат мол-мулкини бошқаришнинг асосий мақсадлари, вазифалари, мезонлари, устуворликлари ва принциплари ягона қонун даражасида таърифланмаган ҳам.

Муҳокама этилаётган қонун лойиҳасида мазкур кемтикликларни норматив-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ҳамда мавжуд коллизияларни бартараф этиш давлат мол-мулкини бошқаришнинг – давлат томонидан мулкий ҳуқуқлар қўлга киритилганидан эътиборан бу ҳуқуқлар тугатилгунига қадар бўлган пайт мобайнида бошқаришнинг, шунингдек давлат мулкининг турли объектларини бошқаришнинг, қатор тармоқларда эса унинг таркиби ҳамда тузилишини мақбуллаштиришнинг яхлит тизимини юзага келтиришнинг имконини беради. Бундан ташқари, давлат мол-мулкини бошқаришни амалга ошираётган давлат органларининг ваколат доирасини аниқ фарқлаб белгилаб қўйиш ҳамда уларнинг бу борадаги жавобгарлигини ошириш назарда тутилмоқда. Акцияларнинг давлат пакетлари (улушларини) корпоратив бошқаришнинг, давлат мулки субъектлари ўзаро аниқ ҳамкорлигининг ҳамда давлат мулкини асраш, бут сақлашни, ундан самарали фойдаланишни таъминлаш ишлари учун уларнинг масъуллигини оширишнинг ҳуқуқий асосларини жорий этиш ҳам муҳим жиҳатлардан ҳисобланади.

Норма ижодкорлиги нуқтаи назаридан яна бир муҳим жиҳатни қайд этиб ўтиш жоиз: мазкур қонун лойиҳасининг қабул этилиши моддий сарф-харажат талаб қилмайди ва давлат даромадларини қисқартиришни ёки давлат харажатларини кўпайтиришни, шунингдек мамлакат Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришлар қилишни назарда тутмайди. Қонун иқтисодиёт соҳасида янада либераллаштириш йўлидан борилишни англатади ва давлат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб қолади.

 

*Қонун лойиҳаси norma.uz сайтида жойлаштирилган.


Маъруф УСМОНОВ суҳбатлашди.

Прочитано: 2165 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика