Ишхонамизда бир ходим ишдан бўшаяпти. Тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисида маълумотномани тўлдираётганда биз шундай муаммога тўқнаш келдик: ходимга иш ҳақидан ташқари, жорий йилда моддий ёрдам берилган ва совға топширилган. Уларни Маълумотноманинг 1-«Солиқ солиш шкаласига мувофиқ ставкалар бўйича солиқ солинадиган даромадлар» бўлимида ҳисоблаб ёзилган миқдорда кўрсатишимиз керакми? Ёки, агар бўлса, солиқ солинмайдиган чегарадан ошадиган сумманигина кўрсатамизми?
– Моддий ёрдам суммаси ва совғанинг қиймати Тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисида маълумотноманинг 1-бўлимида тўлиқ миқдорда кўрсатилиши керак.
Мисол. Ходимга жорий йилнинг 10 апрелида 1,1 млн сўмлик совға берилди. Маълумотноманинг 1-бўлимида унинг тўлиқ қиймати – 1 100 минг сўм кўрсатилади. ЖШДС солиқ солинмайдиган қисми – 576 630 сўм (96 105 (2014 йил 1 январдаги ЭКИҲ) х 6) эса 5-«Имтиёзлар (солиқ солишдан озод қилинган даромадлар)» бўлимида кўрсатилади.