Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 31-32 / Аудитор маслаҳат беради

Муассис манфаатларини кўзлайдиган ҳомийлик

Хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари юридик шахсларга ҳомийлик ёрдами кўрсатишлари ва уларга ўз ҳисобрақамларидан пул маблағларини ўтказишлари мумкинми?

Ваколатхона бухгалтери.

 

– Амалиётда «ҳомийлик» атамасини тушунишда икки хил ёндашув мавжуд. Биринчи ҳолда бунда юридик ва жисмоний шахслар томонидан кўрсатиладиган ҳомийлик (беғараз) ёрдам тарзида пул маблағлари, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ёки хайрия мақсадида бошқача мадад кўрсатишда ифодаланган ҳомийлик фаолияти тушунилади. Шу сабабли кўпинча ана шундай ҳомийлик ҳақида сўз юритилганда амалдаги қонун ҳужжатларида қуйидаги тегишли формулировкалардан фойдаланилади: «ҳомийлик (беғараз) ёрдамлари», «хайрия (ҳомийлик) ёрдамлари»1 ва ҳоказо. Уни кўрсатишда юзага келадиган муносабатлар «Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонун (2.05.2007 йилдаги ЎРҚ-96-сон) билан тартибга солинади.

Хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари уларга бош офис ажратган маблағларни фақат ўз эҳтиёжлари учун сарфлашга ҳақлилиги боис2, норезидентларнинг ушбу алоҳида таркибий бўлинмалари ҳатто бош офиснинг фармойишига кўра беғараз ҳомийлик ёрдами кўрсатишга ҳақли эмаслар.

Иккинчи ҳолда ҳомийлик «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг (25.12.1998 йилдаги 723-I-сон) 12-моддасидан келиб чиқиб белгиланади, унга кўра реализация қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисидаги ахборотни тарқатиш мақсадида концерт, спорт тадбирлари ва бошқа тадбирларни уюштиришда ва уларни ўтказиш учун материаллар тайёрлашда ҳомийлар қатнашиши мумкин. Улар тўғрисидаги ахборот бундай тадбирларни ўтказиш чоғида албатта кенг доирадаги шахслар эътиборига етказилиши керак. Олдинги ҳолдан фарқ қилиб, бундай ҳомийлик беғараз тусга эга бўлмайди, балки ҳомий тўғрисида маълумотлар тарқатиш ва бозорда ижобий обрў-эътиборини яратиш мақсадида амалга оширилади. Бундай ҳомийлик тадбиркорлик субъектларининг товарлар, ишлар, хизматлар рекламасини амалга ошириш усули бўлиб, ҳақ эвазига қилинадиган операция3 ҳисобланади.

Хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари (бундан авиакомпаниялар ваколатхоналари мустасно) тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳисобланмайди. Уларни Ўзбекистонда аккре­дитациялаш фақат норезидент манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилади.

Солиқ кодекси (СК) 20-моддасининг маъносидан келиб чиқилганда ваколатхона амалга ошираётган бош компания – ЎзР норезидентининг товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди ва ваколатхонага доимий муассаса мақомини бермайди, бундан қуйидаги ҳоллар мустасно:

реклама фаолияти бош компания учун асосий фаолият ҳисобланса (СКнинг 20-моддаси бешинчи қисми 1-бандининг бешинчи хатбошиси);

бош офис эмас, балки бошқа компания ишлаб чиқарадиган (бажарадиган, кўрсатадиган) товарлар (ишлар, хизматлар) реклама қилинганда, ҳатто бундай норезидентлар бир холдингга (компаниялар гуруҳига) кирган ва биргина бренд ифодачиси бўлган тақдирда ҳам (СКнинг 20-моддаси маъносидан келиб чиқилганда);

бош офис ва бир холдингга ёки компаниялар гуруҳига кирадиган бошқа компаниялар биргаликдаги фаолиятининг маҳсулоти бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) реклама қилинганда (СКнинг 20-моддаси маъносидан келиб чиқилганда).

Ушбу меъёрларнинг таҳлили юқорида кўрсатилган аломатлар мавжуд бўлмаганда хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари Ўзбекистон бозорида ўз бош компанияларининг манфаатларини ҳимоя қилиш доирасида у ишлаб чиқарадиган ва (ёки) реализация қиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида маълумотларни тарқатишга ҳақли деб тасдиқлаш имконини беради. Бунинг учун улар лифлетлар, журналлар, буклетлар, баннерлар ҳамда норезидент (бош компания)нинг товарлари (ишлари, хизматлари)ни реклама қилишнинг бошқа воситаларини харид қилишга улар учун ҳар йили тасдиқланадиган бюджетга қўйилган сумма доирасида харажатларни амалга оширадилар. Норезидент ишлаб чиқарадиган ва (ёки) импорт қиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисидаги ахборотни истеъмолчиларга етказиш ваколатхонанинг манфаатларини Ўзбекистонда ҳимоя қилишдан бошқа нарса эмаслиги боис унинг рекламага доир харажатларини ўз эҳтиёжлари учун харажатлар деб ­эътироф этиш керак.

Ҳомийнинг товарлари, ишлари, хизматлари тўғрисидаги ахборотни тарқатиш мақсадидаги ҳомийлик товарлар (ишлар, хизматлар)ни реклама қилиш усулларидан бири ҳисобланиши сабабли хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари норезидентнинг манфаатларини кўзлаб, фикримизча, бош компания фаолиятини амалга ошириши учун Ўзбекистон банкларида улар учун очган ҳисобварақлардан маблағларни Ўзбекистоннинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказиладиган маданий, спорт ва бошқа тадбирларга ҳомийлик қилиш учун сарфлашга ҳақлилар. Ушбу мақсадда норезидентнинг ваколатхонаси, фикримизча, тадбир ўтказиш учун масъул ташкилот билан реклама хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш етарлидир. Унда қуйидагилар назарда тутилиши керак:

а) ваколатхона йўналтирадиган пул маблағларидан аниқ тадбирни ташкил этиш (ўтказиш) учун фойдаланилади;

б) улар ушбу тадбирда ваколатхонанинг бош компанияси ишлаб чиқарадиган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисидаги реклама ахборотини тарқатиш учун тўлов ҳисобланади;

в) бундай тадбирда реклама ахборотини тақдим этиш шакли, шунингдек Ўзбекистоннинг амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳақ эвазига тузиладиган шартномаларнинг бошқа муҳим шартлари.

Реклама маҳсулотини (лифлетлар, баннерлар ва ҳоказо) харид қилган тақдирда ваколатхона харажатларини ТМБни харид қилиш харажатларига киритиш керак4. Уларни амалга ошириш мумкинлиги 410-сон Низом 35-бандининг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган. Агар улар ТМБни харид қилиш билан боғлиқ бўлмаса, уларни ваколатхона учун белгиланган харажатларнинг очиқ рўйхатида (410-сон Низомнинг 35-банди) назарда тутилган ўз эҳтиёжлари учун бошқа харажатларга киритиш керак.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Ҳукумати Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон) талабларига мувофиқ «Ҳомийлик ва хайрия тарзида тадбиркорлик субъектларининг маблағларидан фойдаланишнинг очиқ-ошкора ва самарадорлигини таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор лойиҳасини ишлаб чиқяпти. У қабул қилинганидан кейин амалдаги қонун ҳужжатларига тадбиркорлик субъектларига пул маблағларини бериш тартибини бузганлик, уларни хайрия ва пул маблағларини олиш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбуран жалб этганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш масалаларини тартибга соладиган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш режалаштириляпти.

Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин норезидент ваколатхонаси томонидан бош офис товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш мақсадида унга ҳомийлик қилиниши масаласини янги қабул қилинган меъёрлар таҳлили асосида қўшимча равишда тадқиқ қилиш тавсия этилади.

 

Мазкур масалани тадқиқ қилиш чоғида эксперт меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни синчиклаб ўрганган. Шундай бўлса-да, чоп этилаётган жавоб расмий тарздаги профессионал маслаҳат ҳисобланмайди, балки уни ўрганган экспертнинг саволда баён этилган вазиятни тушунишидан келиб чиқиб билдирган фикрини ифодалайди.

Тақдим этилган фикр масалани қўшимча муҳокама қилиш учун имконият қолдиради. Уни қўллаш олдидан аниқ ҳолатларнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олиш ва вазиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ самарали ҳал этиш учун расмий профессионал маслаҳатга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.

 

1Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларини ободонлаштиришни яхшилаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори (22.01.2009 йилдаги ПҚ-1045-сон) 2-бандининг бешинчи ва олтинчи хатбошилари; Давлат мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш бўйича қабул комиссиясининг фаолият кўрсатиш тартиби тўғрисида низомнинг (халқ таълими вазирининг АВ томонидан 26.12.2007 йилда 1753-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) 8-банди «г» кичик банди; Бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги йўриқноманинг (молия вазирининг АВ томонидан 22.12.2010 йилда 2169-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) 336-банди тўртинчи хатбошиси.

2Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби ва уларнинг фаолияти тўғрисида низом (ВМнинг 23.10.2000 йилдаги 410-сон Қарорига 1-илова, кейинги ўринларда – 410-сон Низом) 35-бандининг биринчи хатбошиси.

3Фуқаролик кодексининг 355-моддаси биринчи қисмига мувофиқ шартнома бўйича тараф ўз бурчларини бажарганлиги учун ҳақ олиши ёки унга бошқа муқобил тўлов тўланиши лозим бўлса, бундай шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома бўлади.

4Қаранг: «Ваколатхонанинг вакиллик харажатлари» («Солиқ ва божхона хабарлари», 18.06.2013 йилдаги 24 (984)-сон).


Екатерина АДЕЕВА,

«BAKER TILLY UZBEKISTAN»

аудиторлик-консалтинг компаниялари гуруҳи юридик амалиёти раҳбарининг ўринбосари.

Прочитано: 2152 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика