Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 31-32 / Аудитор маслаҳат беради

Аввал ишлар бажарилди, кейин контракт тузилди

Буюртмачининг объектив ҳолатлари туфайли хорижий компания унинг учун ишларни бу бўйича шартномани тузишга қадар бажара бошлади. Натижада контракт имзолангунга қадар унга доир қуйидаги харажатлар ҳосил бўлди: ходимларга Ўзбекистондан ташқарида ҳисоблаб ёзилган иш ҳақи, уларнинг ЎзРдаги иш жойига учиб келиш ва қайтиб кетишларига тўланадиган ҳақ, бошқа ­тайёрлов ва шартнома олди харажатлари.

Доимий муассаса орқали фаолиятни амалга оширадиган хорижий компания норезидентнинг фойдасига солиқ солиш базасини белгилаётганда бундай харажатларни эътироф этиши мумкинми?

 

– Сизнинг вазиятда биринчи навбатда Солиқ кодексининг (СК) 20-моддасига эътибор қаратиш керак, унга кўра ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш бошланган кунни қатъий белгилаш мумкин бўлса, доимий муассаса шу кунда ташкил этилган деб ҳисобланади. Агар бундай кунни қатъий белгилаш мумкин бўлмаса, қуйида келтирилаётган кунлардан энг аввалгиси доимий муассаса ташкил этилган кун деб ҳисобланади:

ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш бошланадиган, контрактда кўрсатилган кун;

агар лицензия муайян контракт бўйича бирон бир ишни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш мақсадида олинган бўлса, лицензиянинг амал қилиши бошланадиган кун.

СКнинг 80-моддасига кўра юридик шахслар – Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон норезидентлари мазкур фаолиятни амалга ошириш бошланган кундан эътиборан 183 кундан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органига доимий муассаса сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани тақдим этиши шарт.

Бунда шуни эътиборда тутиш лозимки, агар фаолият шартнома тузишдан аввалроқ бошланган бўлса, доимий муассаса иш бошланган санадан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади. Ушбу ҳолатни эътибордан соқит қилиб, ДМни ўз вақтида ҳисобга қўймаслик мумкин, бу эса анча миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади (СКнинг 113-моддаси).

Ушбу меъёрлардан келиб чиқилса, сизнинг ҳолатда контракт тузиш санаси норезидент компаниянинг доимий муассасаси ташкил этилган кун деб ҳисобланмайди. Агар норезидент компания хизматлар кўрсатиш ва ишлар бажариш бошланган санани аниқ белгилай олса, айни у ДМ ташкил этилган кун бўлади. Шу сабабли ҳам доимий муассаса амал қилган даврда қилинган ва унинг фаолиятига тааллуқли бўлган харажатлар фойда солиғи ҳисоб-китоби чоғида чегирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган юридик шахснинг – Ўзбекистон норезидентининг даромадларига доимий муассаса фаолияти билан боғлиқ бўлган даромадлар киради. Унинг харажатларига Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширишдан олинган даромадлари билан бевосита боғлиқ бўлган, улар республикамизда ёки унинг ташқарисида қилинганлигидан қатъи назар, барча турдаги харажатлари киради (СКнинг 154-моддаси).

Фойда солиғи солинадиган база жами даромад билан СКнинг V бўлимида назарда тутилган чегириб ташланадиган харажатлар ўртасидаги фарқ сифатида, СК 158-моддасининг иккинчи қисмида, бошқа қонунларда ва Президентнинг қарорларида назарда тутилган имтиёзлар ҳамда СКнинг 159-моддасига мувофиқ солиқ солинадиган фойданинг камайтирилиши суммалари инобатга олинган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган солиқ солинадиган фойдадан келиб чиқиб белгиланади (СКнинг 128-моддаси).

СКнинг 141-моддасида назарда тутилишича, солиқ тўловчининг харажатлари солиқ солинадиган фойдани аниқлаш пайтида чегириб ташланади, чегириб ташланмайдиган харажатлар бундан мустасно. Асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган, СКнинг 142–146-моддаларида келтирилган харажатлар чегирилади. СКда назарда тутилган ҳолларда эса, қонун ҳужжатларига ва (ёки) солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатига мувофиқ расмийлаштирилган зарарлар ҳам солиқ тўловчининг харажатлари бўлади.

Харажатлар улар амалда қилинган солиқ даврида чегирилади. Агар муайян бир харажатлар харажатларнинг бир нечта моддасида назарда тутилган бўлса, солиқ солинадиган фойда ҳисоб-китобида улар фақат бир марта чегирилади. Шуни ҳисобга олиш лозимки, СКнинг 154-моддасига кўра юридик шахс – Ўзбекистон норезиденти доимий муассасага қуйидагилар сифатида тақдим этилган суммаларни чегиришга киритиш ҳуқуқига эга эмас:

1) ушбу норезидентнинг мол-мулкидан ва интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик ёки фойдаланиш ҳуқуқини берганлик учун олинадиган роялти, гонорарлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар;

2) ушбу норезидент хизматлари учун воситачилик даромадлари;

3) унинг томонидан берилган заёмлар бўйича пул мукофотлари;

4) норезидентнинг Ўзбекистондаги фаолиятидан олинадиган даромадлари билан боғлиқ бўлмаган харажатлар;

5) ҳужжатлар билан тасдиқланмаган харажатлар;

6) норезидентнинг Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида қилинган бошқарув ва маъмурий харажатлари.

Шу тариқа, агар мамлакатимизда доимий муассаса орқали фаолият юритаётган норезидент компанияда контракт тузишга қадар Ўзбекистондаги фаолият билан боғлиқ харажатлар вужудга келса, ушбу доимий муассасадан олинадиган фойда солиғи ҳисоб-китобида уларни қуйидаги шартлар бўлганда чегириш мумкин:

норезидент компаниянинг фаолияти (ишлари, хизматлари) бошланган кунни аниқ идентификациялаш имконияти мавжуд бўлса;

харажатлар ҳужжат билан тасдиқланса;

харажатлар мазкур ДМ орқали норезидент компаниянинг аниқ фаолиятига тааллуқли бўлса;

харажатларнинг чегирилиши ЎзР СК меъёрларида назарда тутилса;

харажатлар СКнинг 154-моддаси билан юридик шахс – Ўзбекистон норезиденти доимий муассасага чегирмаларга киритишга ҳақли бўлмаган тўловлар сифатида белгиланган суммаларга кирмайди.

 

P.S.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, мазкур масалани тадқиқ қилиш давомида эксперт меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни синчиклаб ўрганган. Шунга қарамай, чоп этилаётган жавоб профессионал маслаҳат ҳисобланмайди, балки уни ўрганган экспертнинг саволда баён этилган вазиятни тушунишидан келиб чиқиб билдирган фикрини ифодалайди. Тақдим этилган фикр масалани қўшимча муҳокама этиш учун имконият қолдиради. Бу фикр-мулоҳазани қўллашдан олдин профессионал маслаҳатга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир, у муаммони қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда самарали ҳал этиш мақсадида муайян вазиятларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш имконини беради.


Гўзал ИСЛОМОВА,

«BAKER TILLY UZBEKISTAN» АТ МЧЖ
бошқаруви раиси.

Прочитано: 1892 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика