Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 50 / Солиқ солиш

Чет эллик ходимларга солиқ солиш масалалари

 

МОДЕЛЬЕРИНГИЗ ҚАЕРНИНГ РЕЗИДЕНТИ?

 


Намангандаги бизнинг МЧЖ эркакларнинг устки кийимларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади (ХХТУТ бўйича коди – 17210).

Корхонамизда ишлаш учун хорижий ишчи кучини жалб этишга доир лицензияга асосан дизайнер-модельер лавозимига Туркия фуқароси таклиф этилди. У ўзининг фаолиятини 1.05.2009 йилда номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси асосида амалга оширади. 2012 йилда ходимимиз оилавий ҳолатларга кўра ватанига жўнади ва 1.04.2012 йилдан 24.08.2012 йилгача бўлган давр учун иш ҳақи сақланмайдиган меҳнат таътилини расмийлаштирди.

27.03.2013 йилда ташкилотимиз Наманган ДСИга унинг 2012 йилдаги жами йиллик даромади тўғрисида декларация тақдим этди. Солиқ кодексининг 169-моддасига кўра солиқ солиш объекти бўлиб жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикаси норезидентининг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромадлари ҳисобланади. ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш ва ушлаш ҳар ойда йил бошидан ошиб борадиган якун билан, даромад ҳисоблаб ёзилишига қараб, солиқ солинадиган база ва ставкалардан келиб чиқиб амалга оширилган. Бироқ 17.06.2013 йилда Наманган ДСИдан ходимимиз номига унга корхонамиз томонидан даромад солиғи нотўғри ҳисоблаб чиқарилганлиги тўғрисида хат келиб тушди. Натижада 2012 йил якунлари бўйича унинг декларацияланган даромадларига ЖШДС қўшимча ҳисобланди. Солиқ ва унга доир пеня нимага асосланиб қўшимча ҳисобланганлигини тушунтириб бериш тўғрисидаги талабимизга солиқ органи ЖШДСни ҳисоблаб чиқаришда ўн икки ой учун эмас, йил давомида ҳақиқатда ишланган саккиз ой учун ставка қўлланган дея жавоб берди.

Юқорида баён этилганлар муносабати билан бизга тушунтириш берсангиз: Наманган давлат солиқ инспекциясига тақдим этиш учун тегишли ҳужжатга ҳавола қилган ҳолда жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикаси норезидентининг даромад солиғини қандай қилиб тўғри ҳисоблаб чиқариш керак?

Бош бухгалтер.

 

 

 

 

           – Аввало шуни қайд этамизки, чет эл фу­қароси билан номуайян муддатга меҳнат шартномасини тузиш:

Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 19.10.1995 йилдаги 408-сон қарорига 2-илова);

Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомни қўллаш тартиби ҳақида йўриқнома (Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 20.11.1996 йилда 285-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган Ўзбекистонда чет эл фуқароларини ишга жойлаштириш шартларини бузиш ҳисобланади.

Чет эл фуқаролари Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини фақат унинг номига берилган меҳнат фаолияти ҳуқуқи тасдиқномаси мавжуд бўлганда ва иш берувчи олган рухсатнома асосида амалга оширадилар. Ушбу ҳужжатлар Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан 1 йил муддатга берилади, меҳнат шартномаси ҳам ушбу ҳолда фақат муддатли – 1 йилга тузилади. Агар кейинчалик рухсатноманинг амал қилиш муддати узайтирилса (фақат бир марта 1 йил муддатга узайтириш мумкин), меҳнат шартномаси ҳам бир йилга узайтирилади.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшашга рухсатномаси ва яшаш гувоҳномасига эга бўлган хорижий фуқаро билан 5 йилгача муддатга меҳнат шартномаси тузиш мумкин. Ушбу ҳолда махсус рухсатнома ва меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқнома талаб қилинмайди.

Жисмоний шахсларга, шу жумладан хорижий фуқароларга солиқ солиш улар республика резидентлари ҳисобланишлари ёки норезидент деб эътироф этилишларига боғлиқ. Солиқ кодексида (СК) резидентликка қуйидагича таъриф берилади (СКнинг 19-моддаси):

ЎзРнинг резиденти деб Ўзбекистон Рес­публикасида доимий яшаб турган ёки жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида жами 183 кун ва ундан ортиқ муддат респуб­ликада турган жисмоний шахслар эътироф этилади. Ушбу белгиланган мезонларга жавоб бермайдиган шахс норезидент деб эътироф этилади.

Чет эл фуқаролари – ЎзР резидентларининг даромадларига умумбелгиланган тартибда солиқ солинади (СКнинг 194-моддаси), яъни жисмоний шахсларнинг даромад солиғи йил бошидан олинган жами даромаддан келиб чиқиб, белгиланган солиқ шкаласи бўйича ҳисобланади. Агар 2012 йил охирида ходимингиз Ўзбекистон резиденти ҳисобланса, 2012 йил якунларига кўра унинг даромадларидан солиқ суммаси 2012 йил декабри шкаласи бўйича  белгиланиши керак.

Норезидентнинг меҳнат шартномалари бўйича олинган даромадларига 20% ставкаси бўйича солиқ солинади (СКнинг 182-моддаси), башарти ЎзР халқаро шартномаларида бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса. Чунончи, Туркия Жумҳурияти ҳукумати билан даромадларга икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида битимга (Тошкент, 8.05.1996 йил, 30.09.1997 йилдан кучга кирган) кўра Туркия резиденти (Ўзбекистон норезиденти) олган даромадга фақат Туркияда солиқ солиш мумкин (Битим 14-моддасининг 2-банди). Ушбу ҳолда Ўзбекистонда солиқ норезидентнинг ЎзР солиқ органи белгиси қўйилган тегишли аризасига асосан ушланмайди.

Шу тариқа, агар ходимингиз – чет эл фуқароси 2012 йилда Ўзбекистонда жами 183 кун ва ундан кўп вақт яшаган бўлса, унинг даромадларига йил бошидан олинган жами даромаддан келиб чиқиб, белгиланган солиқ шкаласи бўйича солиқ солинади.

 

Прочитано: 1245 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика