Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 50 / Ташқи иқтисодий фаолият

Экспортни ривожлантириш дастаги

Савдо-саноат палатасида ССП билан ТИАИСВ ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ташқи савдога ва Ўзбекистонга инвестицияларни киритишга кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси ташкил этган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унинг «Божхона ҳудудида қайта ишлаш тизимини ривожлантириш Ўзбекистон экспортини ривожлантириш дастаги сифатида» деб номланган мавзуси бугунги кунда анча долзарб. Шу боис унда нафақат пойтахтнинг бизнес ҳамжамияти, балки республикамиз бошқа минтақаларидаги йирик корхоналар ва компанияларнинг вакиллари ҳам иштирок этдилар. Булар – Олмалиқ КМК, «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» ОАЖ, «Ўзтемирйўлмаштаъмир» УК, «Қуйиш механика заводи» ШК, «Андижон механика заводи» ШК, «ALFAPLASTIK» МЧЖ, «TRANSBOJ-SERVIS» МЧЖ, «Ўзбеккимёмаш», «Агротекс» ОАЖ, «Microfinansconsulting», «Osiyo-mo’ynasi» МЧЖ, «Uzbekistan Airways Technics» АК, Темир-бетон маҳсулотлар заводи, «Guehring»оНG МЧЖ ХК, «Янгийўлсут», «Навоийшифобахшсув» ХК, «Герфед Импекс» МЧЖ, «ЎзБАТ», «Тошкент ёғ-мой комбинати», «Янгийўл ёғ-мой» ОАЖ, «Нестле Ўзбекистон» ҚК, «Хавар интерпрайзис», «Камрон бизнес чарм», «Гарнд бизнес мейкинг», «Донг Да» ҚК ва бошқалар. Иштирокчилар орасида – ДАТК, «Марказсаноатэкспорт», «Ўзбекчармпойабзали», «Ўзтадбиркорэкспорт» уюшмаси, «Ўзбек­енгилсаноат» ДАК бўлинмаларининг раҳ­барлари бор.

Давлат органлари номидан ТИАИСВ, Адлия, Иқтисодиёт вазирликлари, ДБҚ, ДСҚ ва Марказий банк ходимлари иштирок этишди.

  МАМЛАКАТИМИЗ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ ТИЛИ БИЛАН

«Толлинг» инглизча «toll» – бож сўзидан келиб чиққан. Ушбу тушунча бунинг учун мамлакатга бож тўламасдан олиб кириладиган, хорижий компаниялар тақдим этадиган қайта ишлашга берилган хом ашёни қайта ишлаш операциясини англатади. Бизнинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларимиздаги таърифга кўра, «божхона ҳудудида қайта ишлаш» шундай режимки, бунда товарлар Ўзбекистонга импорт божлари, солиқлар тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари (квоталаш, лицензиялаш ва ҳоказо) қўлланмаган ҳолда божхона назорати остида қайта ишлаш учун олиб кирилиб, кейинчалик қайта ишлаш маҳсулотлари олиб чиқилади ёки улар ўзга режим остида жойлаштирилади. Бошқача қилиб айтганда, ишлаб чиқарувчи қайта ишлаш учун хом ашё олиб кирганда, башарти тайёр маҳсулот экспорт қилинса, божлар ва солиқларни тўлашдан тўлиқ озод қилинади. У «Экспорт» режимида олиб чиқилганлиги сабабли унга нисбатан божхона тўловлари ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди. Агар у мамлакатимиз ҳудудида эркин муомалага чиқарилса, импорт божлари ва солиқлар қайта ишлаш (хом ашёни) учун фойдаланилган товарларнинг қиймати ҳамда уларга нисбатан қўлланилган тўловлар ставкаларига қараб тўланади (БКнинг 32-моддаси).

 

                БИЗГА ТОЛЛИНГ НИМА УЧУН КЕРАК?

Товарларни (озиқ-овқат маҳсулот­ларидан юқори технологик буюмларгача), шу жумладан машҳур брендлар остида ишлаб чиқариладиган товарларни бошқа мамлакатларда қайта ишлаш халқаро амалиётда жуда кенг тарқалган. Дунёдаги кўп компаниялар харажатларни имкони борича камайтириш ва рақобатбардошликни ошириш мақсадида шу йўлни тутадилар.

Ўзбекистон индустриал сиёсати мамлакатимиздаги замонавий, шу жумладан экспортга йўналтирилган корхоналарни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Ушбу сиёсат Маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босиш дастурлари, технологик жиҳозлар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар импортига имтиёзлар бериш ва бир қатор бошқа чора-тадбирлар орқали амалга оширилмоқда. Шу сабабли тадбир ташкилотчилари Ўзбекистон экспортини ривожлантириш дастаги сифатида товарларни халқаро қайта ишлаш тизимини такомиллаштиришга эътибор қаратдилар.

Савдо-саноат палатаси раиси Алишер ШАЙХОВ муаммони конструктив ва батафсил муҳокама қилиш, қайта ишлаш соҳасига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш, давлат органлари вакилларидан толлинг операцияларига тааллуқли бизнесга оид саволларга тезкор тушунтиришлар олиш имконини берадиган учрашувнинг бундай миқёс ва таркибда ўтказилишининг муҳимлигини таъкидлади.

«Ташқи савдога ва Ўзбекистонга инвестицияларни киритишга кўмакла­шиш» лойиҳасининг раҳбари Жаҳонгир ИМОМНАЗАРОВнинг таъкидлашича, божхона ҳудудида қайта ишлаш режими компанияларга афзалликлар берибгина қолмай, давлатнинг бутун иқтисодиётига фойда келтиради. Макроиқтисодий даражада қайта ишлаш корхоналар қувватини таъминлаш, уларнинг жорий харажатларини камайтириш имконини беради. Бунда Давлат бюджетига солиқ тўловларининг тушиши ҳам таъминланади. Толлинг етказиб берувчилар ва харидорлар бозорини кенгайтиради, рақобатни кучайтиради. Уни ЖСТ халқаро меҳнат тақсимотининг шаклларидан бири сифатида эътироф этган. Қайта ишлаш бўйича операциялар турли мамлакатларда кўплаб тармоқларда кенг тарқалган.

 

ИСТИҚБОЛЛАР ВА МУАММОЛАР

Лойиҳа эксперти Холида УСМОНОВА Ўзбекистонда товарларни халқаро қайта ишлашнинг турли жиҳатларини ёритди. У ўз тақдимотини толлингнинг фойдаси ҳақида тушунтириш беришдан бошлади. Чунончи, божхона ҳудудида қайта ишлаш ишлаб чиқарувчига зарур импорт хом ашёсидан фойдаланиш имконини беради, оборот маблағларни кўпайтиради, буюртмаларни ижро этиш муддатларини қисқартиради, халқаро бозорларга чиқиш имкониятини кенгайтиради, жаҳон ишлаб чиқариш ҳалқаларига интеграциялашиш, ишлаб чиқариш қувватларини қўшимча таъминлаш, бошқаришнинг замонавий усулларини жорий этишни таъминлайди, талабнинг ўзгаришига мослаштиради. Ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан олганда, бу – иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш; янги иш ўринларини барпо этиш; аҳоли даромадларини, қайта ишлаш тармоқларига инвестициялар ҳажмларини, тайёр маҳсулот экспортини кўпайтириш; ички бозорни мамлакатимиз маҳсулоти билан тўлдириш демакдир.

Давлат оладиган фойдага келсак, бу – ташқи бозорларга чиқиш, қайта ишловчи корхонадан солиқлар тарзида бюджетга маблағларнинг келиб тушиши, ишлаб чиқарувчи мамлакатларнинг тўлов балансига ижобий таъсир, инвестициявий ва валюта камомадининг камайиши, чет эллик шахслар мамлакатда харид қилган Ўзбекистон товарларидан (ички толлинг) халқаро қайта ишлаш учун фойдаланилиши демак.

Эксперт товарларни қайта ишлаш операцияларининг асосий босқичлари ва кетма-кетлиги, ушбу таомилни давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида сўзлаб берди. У техник-иқтисодий асосланмани (ТИА) ишлаб чиқиш, унинг экспертизаси ва ­ТИАИСВда келишилиши, божхона расмиятчиликларига асосий эътиборни қаратди. Хусусан, товарларнинг қайта ишланиши тижорат тусига эга бўлмаган; қайта ишлашдан мақсад товарларни таъмирлаш ҳисобланадиган; битта контракт бўйича қайта ишланадиган товарларнинг божхона қиймати 500 ЭКИҲдан ошмайдиган ҳолларда товарлар ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари биргина божхона органига тақдим этилганда ТИАни келишиб олиш талаб қилинмаслигига иштирокчилар эътиборини қаратди.

 

ҚАЙТА ИШЛАШНИ ­РИВОЖЛАНТИРИШГА ­НИМА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛЯПТИ? 

Холида Усмонова лойиҳа доирасида ЎзР божхона ҳудудида қайта ишлашни тартибга соладиган амалдаги қонун ҳужжатларининг экспертизаси ўтказилганлигини маълум қилди. У қайта ишлаш режимининг имкониятларини самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи асосий ғовларни белгилаш имконини берди.

1. Ўзбекистонда қайта ишлаш тизимини ривожлантириш механизми ва фойдасини англамаслик. Ўтган асрнинг 90-йилларида асосан хом ашё йўналишидаги, оборот маблағларининг йўқлиги туфайли бартер муносабатлари билан бирга амалга оширилган толлинг операцияларидан фаол равишда фойдаланилиши уларга нисбатан салбий муносабатни шакллантирди. Рақобат кучайган ҳозирги даврда келгусида экспорт қилиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудида қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга инвестицияларни жалб этиш учун янада мослашувчан ва қулай шароитлар яратилиши тақозо этилади. Бунинг учун корхоналарга тегишли рухсатномаларни тезкор олиш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш, божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида хом ашё ва материаллардан фойдаланишда янада эркинроқ бўлиш имкониятини бериш зарур.

2. Ўзбекистон божхона ҳудудида қайта ишлашни амалга ошириш учун рухсатномалар олиш таомилининг узоқ давом этиши ва мураккаблиги. Халқаро амалиётда қайта ишлашга буюртмаларни бажариш муддатлари турли мамлакатларда одатда маҳсулот турига боғлиқ бўлади. Мисол учун, кийим тикишга 20–40 кун кетади. Айни буюртмани бажариш муддатлари уни жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилишда ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Ўзбекистон қонун ҳужжатларига кўра божхона органи томонидан товарларни қайта ишлашга рухсатнома бериш ёки уни беришдан бош тортиш тўғрисида қарор қабул қилинишига бунинг учун барча зарур ҳужжатлар олинган кунидан бошлаб 30 кун ажратилади, бу ҳақда ариза берувчи ёзма шаклда хабардор қилинади. Бундан ташқари, қайта ишлаш жараёни ­ТИАни ТИАИСВда келишиш лозим (14 иш куни). Келишиш ва рухсатнома олишга кам деганда 40–50 кун кетиши туфайли ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчи рақобатда орқада қолади ва фойдали буюртма олишга даъво қила олмайди.

3. Қайта ишлашга рухсатномани икки идора – ТИАИСВ (ТИАни келишиш босқичида) ва ДБҚдан олиш зарурлиги. 1634-сон Низомга кўра ТИАни келишиш ва товарларни қайта ишлашнинг ЎзР иқтисодий манфаатларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш божхона ҳуду­дидан ташқарида ва Ўзбекистон божхона ҳудудида қайта ишлаш учун зарур.

Халқаро амалиётда маҳсулотни божхона ҳудуди ва ундан ташқарида қайта ишлаш билан боғлиқ масалаларни келишиш тартибига турлича ёндашилади. Ички корхоналарни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатиши ва мамлакатнинг иқтисодий манфаатларига мувофиқ келмаслиги мумкин бўлган божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашдан фарқ қилиб, божхона ҳудудида қайта ишлаш қайта ишловчи корхоналарни ривожлантиришга туртки бўлади. Шу боис ТИАда фақат бизнеснинг хос ҳуқуқи бўлган масалаларнинг узун рўйхати келтирилиши ўринсиз деб биламиз. ТИАИСВ ва ДБҚ учун маҳсулот чиқиши меъёри ғоятда муҳим ахборот ҳисобланади, у ихтисослашган институтларнинг маълумотларига кўра текширилади ёки маълумотлар базаси билан солиштирилади.

4. Қайта ишловчи корхона товарларни қайта ишлаш хизматларини кўр­сатиш учун харид қила­диган хориж товарларига ўз валюта маблағлари ҳисобига ҳақ тўлай олмаслиги. БК 32-моддасининг иккинчи хатбошисида белгиланишича, божхона ҳудудида қайта ишлаш режими остида ҳар қандай товарлар, шу жумладан қайта ишлаш операцияларида фойдаланиш учун олиб кириладиган товарларни жойлаштирилиши мумкин. Масалан, чет эл автомобилларини таъмирлаш учун эҳтиёт қисмларни олиб келиш лозим. Бироқ «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимида БЮДни расмийлаштириш чоғида ваколатли банклар валютани чет эллик резидентга ўтказмайдилар.

5. Товарларни қайта ишлашга божхона органларининг рухсатномасини бериш учун расмий йиғим 150 еврони ташкил қилади. БКда божхона органларининг рухсатномаси зарур бўлган, бироқ улар учун ҳақ тўлаш талаб этилмайдиган бир қатор божхона режимлари белгиланган. Божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида жойлаштириш учун эса Вазирлар Маҳкамасининг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарори билан белгиланган тўловни тўлаш зарур.

6. Импорт божларини қайта ишланган маҳсулот қийматидан келиб чиқиб ундириш. БК 32-моддасининг бешинчи хатбошисига мувофиқ қайта ишлаш маҳсулотлари эркин муомалага чиқарилганда импорт божлари ва солиқлар қайта ишлаш учун фойдаланилган товарларнинг қиймати ҳамда уларга нисбатан қўлланилган тўловлар ставкаларига қараб тўланади. Ушбу формулировка толлинг операцияларидан кейин Ўзбекистонда қоладиган товарлар бўйича божхона тўловларини ҳисоблаб ёзиш ва ундириш таомилини бир хилда тушуниш имконини бермайди. Шуни ҳисобга олиш лозимки, халқаро амалиётда қайта ишлаш маҳсулотлари эркин муомалага чиқарилганда импорт божлари ва солиқлар олиб кирилган товарларнинг божхона қийматидан келиб чиқиб тўланади. Бу қайта ишловчи корхоналарнинг ўсиши ва бозорни мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулот билан тўлдиришни рағбатлантиради.

7. Божхона ҳудудида қайта ишлашнинг айрим босқичларини белгилайдиган меъёрий ҳужжатларнинг йўқлиги. Чунончи:

божхона ҳудудида қайта ишлашни амалга оширишга божхона органининг рухсатномасини олиш тартибини;

божхона ҳудудида қайта ишлаш тартибини белгилайдиган ҳужжатлар йўқ.

Бундан ташқари, «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» режимида жойлаштириш тақиқланган товарларнинг рўйхати белгиланмаган.

8. Товарларни қайта ишлашга оид контрактлардан валюта тушумини мажбурий сотиш талаби. Хорижий рақобатчиларда валюта тушумини сотиш мажбуриятларининг йўқлиги ўзбекистонлик қайта ишловчиларнинг рақобат позицияларини анчагина пасайтиради. Бунинг устига, қайта ишлашга олиб кирилган товарлар ёки қайта ишлаш маҳсулотлари билан ҳақ тўланишини назарда тутадиган қайта ишлашга оид контрактлардан валюта тушумини мажбурий сотиш талаби, агар валюта амалда келиб тушмаса, корхона зиммасига қўшимча юк бўлиб тушади.

 

ТОЛЛИНГНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ

Таҳлилий хат асосида, толлингни қўллайдиган бизнес вакиллари иштирокида Ўзбекистонда товарларни халқаро қайта ишлашни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича таклифлар тайёрланди. Таклифлар сирасига қуйидагилар киради:

Фуқаролик кодексига товарларни халқаро қайта ишлаш (толлинг) ва толлинг шартномалари тушунчаларини киритиш;

987-сон Низомни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси хўжалик субъектлари томонидан тузиладиган экспорт контрактлари (шартнома ва битимлар)ни рўйхатга олиш ва импорт контрактлари (шартнома ва битимлар)ни экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга (ТИАИСВ, МВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 3.07.2006 йилда 1588-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) толлинг контрактларини рўйхатдан ўтказишга тааллуқли бўлим ёки банд тарзида қўшимча киритиш;

«Божхона ҳудудида қайта ишлаш» режимида жойлаштириш тақиқланган товарлар рўйхати ва қайта ишлаш маҳсулотларини алмаштириш тартибини белгилаш.

Валюта тўғрисидаги қонун ҳужжат­ларида қайта ишлаш хизматларига олиб кирилган хом ашё, қайта ишлаш маҳсулот­лари ёки чиқиндилар билан ҳақ тўлашни назарда тутадиган толлинг контрактларидан валюта тушумини мажбурий сотиш талабини бекор қилиш; қайта ишловчи корхона қайта ишлаш учун харид қиладиган хориж товарларига ўз валюта маблағлари ҳисобидан ҳақ тўлашга рухсат бериш так­лифи киритилди.

Шунингдек БКнинг 32-моддасида қайта ишлашга берилган хом ашё, қайта ишлаш маҳсулотлари ва чиқиндиларга улар импорт қилинганида ва олиб чиқилганда божхона тўловлари солиш тартибини аниқлаштириш; товарларни қайта ишлашга рухсатнома бериш муддатларини қайта кўриб чиқиш ва уларни олиш тартибини белгилаш; бундай рухсатномани олиш учун йиғим ставкасини қайта кўриш ёки бекор қилиш; божхона органларида қайта ишлаш бўйича шартномаларни рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилаш ёки улар ҳам, импорт шартномалари сингари, рўйхатдан ўтказилмаслигини белгилаш тавсия қилинади.

Шунингдек олиб кирилган товарларни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш мумкин бўлмаган (ёки идентификациялаш керак бўлмаган) ҳолларни белгилаш мақсадга мувофиқдир.

 

ТАОМИЛНИ СОДДАЛАШТИРИШ УЧУН

Рухсат бериш таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида ДБҚ Божхона назоратини ташкил қилиш бош бошқармасининг бош инспектори Жамшид ҚОДИРОВ сўзлаб берди. Унинг маърузаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди, зеро у идоранинг қайта ишлаш режими устидан божхона назоратини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини тубдан ислоҳ қилиш бўйича муайян даражада инқилобий бўлган таклифларини изҳор этди.

Божхона қўмитаси томонидан Божхона ҳудудида рухсатнома бериш ва товарларни қайта ишлаш божхона режимида жойлаштириш тартиби тўғрисида низом лойиҳаси ишлаб чиқилган. Вазирлар Маҳкамасининг 15.08.2013 йилдаги 225-сон қарорига кўра, товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудида ёки ундан ташқарида қайта ишлашга рухсатнома бериш таомили (ВМнинг 225-сон қарорига 1-илова) Тадбиркорлик фаолия­ти соҳасида рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхатига киритилганлиги боис, ишчи гуруҳ лойиҳанинг «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуннинг (20.12.2012 йилдаги ЎРҚ-341-сон) 5-моддаси билан белгиланган қуйидаги рухсат бериш таомиллари асосий қоидаларига мувофиқ бўлишини жиддий кузатди:

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ­лари ва қонуний манфаатлари, фуқаролар­нинг ҳаёти ва соғлиғи ҳимоя қилинишининг, жамоат хавфсизлигини­нг ҳамда атроф муҳит муҳофаза қилинишининг таъминланиши;

рақобатни чеклайдиган рухсат бериш тартиб-таомиллари белгиланишига йўл қўйилмаслиги;

рухсат бериш тартиб-таомилларининг ошкоралиги, очиқлиги ва тушунарлилиги;

рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат­ларнинг «бир дарча» орқали берилиши;

рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат­ларни бериш тартибига доир талабларнинг ягоналиги;

тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари­нинг устуворлиги.

Шу мақсадда Низом лойиҳасида «ва бошқа ҳужжатлар» ёки «божхона органи томонидан белгиланади» тусидаги ҳаволаларсиз, қайта ишлашга рухсатнома олиш учун ҳужжатларнинг аниқ рўйхати назарда тутилади. Шунингдек рухсатномаларнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш, тугатиш ва бекор қилишнинг аниқ ҳоллари ўрнатилади ва уларни беришни рад этиш учун асослар белгиланади. Шу тариқа, назорат қилувчи органнинг ваколатлари ҳуқуқий доира билан аниқ равишда чекланади. Божхона органининг тадқиқотлари, текширишлари ва берган техник баҳоларининг батафсил рўйхати ҳамда қайта ишлаш маҳсулотлари, чиқиндилар ва ишлаб чиқариш талафотларини расмийлаштиришнинг аниқ тартиби ҳам бунинг далилидир.

Шуни қайд этиш лозимки, Низом лойи­ҳаси «сукут – аломати ризо» қоидаси* жорий этилишини, ҳужжатларни элект­рон шаклда тақдим этиш имкониятини, шунингдек бошқа органларнинг рухсат бериш тусидаги ҳужжатларини божхона органи тадбиркорлик субъекти иштирокисиз олгани ҳолда соддалаштирилган тартибда «бир дарча» орқали олишни тақозо этади. Товарларни қайта ишлашга оид контрактни божхона органларида ҳисобга қўйишнинг ва валюта тушумини мажбурий сотиш талабининг бекор қилиниши чиндан ҳам жиддий ва муҳим ўзгартириш бўлиши мумкин. Агар ушбу қоидалар тасдиқланса, албатта.

***

Фикр алмашиш чоғида қайта ишлашнинг турли жиҳатларига тааллуқли бўлган кўплаб саволлар, таклифлар, амалий кузатишлар тилга олинди. Мисол учун, Андижондаги корхона молия директори ипак ишлаб чиқарилишига доир кўтарган муаммо тармоқ учун долзарбдир. ТИА келишилаётганида маҳсулот чиқишининг аниқ меъёри кўрсатилади, бироқ олиб кириладиган ипак қурти уруғларининг жонланиши ва пиллани қайта ишлаш чоғида турли сабабларга кўра унга риоя этишга муваффақ бўлишнинг иложи йўқ. Баъзан шартнома тузилган фермер хўжаликлари панд беряптилар – талабларнинг бузилиши сабабли улардаги қурт уруғларининг бир қисми нобуд бўляпти. Натижада божхона назорати чоғида муаммолар юзага ­келяпти, корхона молиявий чиқим қилиб, талафотларга ўз валюта маблағларидан тўлаяпти. Маҳсулот чиқиши меъёрларига, мисол учун, тегишли лабораторияларнинг хулосаси асосида нормативларга тузатиш киритиш имкониятини киритиш керак.

Чирчиқ қувур ишлаб чиқариш заводи вакили уларга бир марталик толлинг хизматлари кўрсатишга доир кўп таклифлар тушаётганлигини сўзлаб берди. Бироқ бир марталик акцияга ТИА ишлаб чиқишнинг зарурлиги туфайли улар таклифлардан воз кечишяпти, чунки ТИАИСВ билан келишиш ва унинг хулосасини олиш таомили сермеҳнат ва кўп вақт кетадиган таомилдир. У ишлаб чиқариш цикли очиқ-ошкор ва операциялари оддий бўлган корхоналар учун ушбу таомилни соддалаштиришни таклиф қилди.

Айрим иштирокчилар ғайриоддий вазият ҳақида сўзлаб бердилар: қайта ишлашга хом ашё берган буюртмачи корхона омборида мавжуд бўлган худди шундай тайёр маҳсулотни экспорт қила олмайди, чунки бу толлинг операцияларини ўтказиш қоидаларига зиддир. Уларнинг фикрича, норматив базага ушбу банд бўйича қўшимча киритиш зарур.

Учрашувда маълум бўлишича, ТИФ вакиллари учун умумий бўлган ўзига хос ­муаммолар доираси шаклланган. Улар жумласига ТИА таркибига оид талаблар, тўлов сифатида буюртмачи тайёр маҳсулотнинг бир қисмини қолдиргани сабабли аслида келиб тушмаган валюта тушумини сотиш мажбурияти ва ҳоказолар киради.

«ALFAPLASTIK» МЧЖ бош директорининг ўринбосари Убайдулло Қудратуллаев иштирокчилар номидан ташкилотчиларга мазмунли учрашув учун миннатдорчилик билдириб, унда иштирок этганидан мамнун эканлигини изҳор этди. Муаммоларни муҳокама қилишнинг бундай шакли бизнес ва давлат органлари ҳамкорлигининг самарали механизми учун асос ҳисобланади. Фикримизча, тадбиркорлар амалий фаолиятлари учун кўпгина фойдали ва муҳим маълумотларга эга бўлишди, вазирлик ва идораларнинг вакиллари эса бу ерда айтилган таклиф ва тавсияларни ҳисобга олиб, улардан қонун чиқариш фаолиятида фойдаланадилар.

Учрашувга якун чиқараркан, ССП ­раиси Палатанинг эшиклари ҳамкорлик учун доим очиқлигини, у тадбиркорларни ташвишлантираётган масалаларни ушбу даргоҳда муҳокама қилишга тайёр эканлигини таъкидлади.

 

_____________________________

 

        *Божхона органининг жавоби белгиланган муддатда олинмаган тақдирда ТИФ иштирокчиси буни рухсат бериш деб баҳолаши мумкин.

 

Прочитано: 2960 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика