Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 50 / Автотранспорт ташвишлари

Очиқ осмон остида сақланадими ёки бостирма остида?

Тошкент шаҳар ҳокимининг «Тошкент шаҳрида автомототранспорт воситаларини сақлаш қурилмаларини ободонлаштириш ва шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ тартибга келтириш тўғрисида»ги қарорини (8.04.2013 йилдаги) жойларда ижро этиш тўғрисида сўз борган «Гараж муаммоси» мақоласи («СБХ»нинг 10.09.2013 йилдаги 36-сони) чоп этилгач, таҳририятга бир нечта мурожаатлар қилинди. Уларнинг муаллифлари газетада кўтарилган мавзуга ўз муносабатларини билдирибгина қолмай, бир қатор саволлар ҳам берганлар. Гаражлари бузилган ёки яқин вақт ичида бузиладиган автомобилчиларнинг саволларига Тошкент шаҳар Ҳамза тумани гараж бошқармаси раҳбари Абдушоҳид ­БЕКНАЗАРОВ жавоб беради.

 

 

           – Агар гаражлар бузилган, уларнинг ўрнида тўхташ жойини қуриш режалаштирилмаган бўлса, гаражнинг собиқ эгаси шу туманда жойлашган бошқа тўхташ жойида жой олиши мумкинми? У қандай шартлар билан берилади?

– Тўхташ жойида жой олиш учун гараж эгаси турар жойидаги ҳокимлик ҳузуридаги гараж бошқармасига ариза билан мурожаат қилиши керак (ариза эркин шаклда бўлиб, уни ёзиш учун намунани гараж бошқармасидан олиш мумкин). Унга гараж эгаси паспорти ва автомобиль техпаспортининг нусхалари, гаражга ордернинг асл нусхаси (бунда гараж эгасида унинг нусхаси қолиши кераклигини унутманг) илова қилиниши керак.

Гараж бошқармасида ҳужжатларнинг бутун пакети автомобиль эгасининг йиғмажилдига тикилади, унинг нусхаси эса автотўхташ жойи эгасига юборилади. Агар тўхташ жойи қуриб битказилмаган бўлса, унинг учун жой банд қилиб қўйилади. Агар тўхташ жойидан фойдаланилаётган бўлса, унда жой ажратилиб, мурожаат қилувчига бириктирилади.

Бузилган гаражлар ўрнида тўхташ жойи қурилмаса, гараж бошқармаси мурожаат этувчининг уйига энг яқин тўхташ жойи­да ўрин ажратиш масаласини кўриб чиқади. Шуни таъкидлаш лозимки, бунда унинг фуқаро учун қулайлиги асосий омил ҳисобланади. Биринчи навбатда тўхташ жойларидаги ўринлар бузилган гаражларнинг эгалари ўртасида тақсимланади. Шундан кейингина улар илгари гаражи бўлмаган шахсларга берилади.

– Агар шаҳарнинг бир туманидаги гараж эгаси квартирасини сотиб бошқа туманга кўчиб ўтса, у янги яшаш жойидаги автотўхташ жойи­даги ўринга даъво қилиши мумкинми? Бундай ҳолда уни олиш таомили қандай бўлади?

– Шаҳарнинг бошқа туманига кўчиб ўтилганда ариза бериш ва автотўхташ жойида ўрин олиш таомили бундан аввалги саволга жавобда баён этилган ҳолатга ўхшашдир.

Агар ҳужжатлар илгарироқ расмийлаштирилган ва бошқа тумандаги тўхташ жойидаги ўринлар ажратиб бўлинган бўлса, кўчиб ўтишда гараж бошқармасига мурожаат қилиш ва автомобиль эгасининг йиғмажилдини янги яшаш жойидаги бошқа ҳокимликка бериш тўғрисида ариза ёзиш керак. Туманнинг бошқа қисмига кўчганда ҳам зарурат бўлганда гараж бошқармасига уйга яқинроқ бошқа тўхташ жойига ўтказиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш керак.

– Автомобилларни доимий сақлаш жойларида кўрсатиладиган хизматлар нархлари тасдиқланганми?

– Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 31.07.2013 йилдаги 213-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) 16-бандига кўра автомототранспортни сақлаш бўйича тўлов ушбу хизматларни кўрсатувчи юридик шахслар томонидан белгиланадиган тарифлар, лекин халқ депутатлари тегишли туман (шаҳар) Кенгаши томонидан хизматларнинг ушбу тури учун белгиланган тўловнинг чекланган миқдоридан юқори бўлмаган тарифлар бўйича амалга оширилади.

Ҳозирги пайтда Кенгашлар томонидан автомобилларни сақлаш хизматларининг чегараланган қиймати белгиланмаган. Шу сабабли у автотўхташ жойлари эгалари томонидан мустақил тарзда, қоровулнинг иш ҳақи, электр энергиясига ҳақ тўлаш, амортизация, таъмирлаш ишлари, солиқлар, мажбурий тўловлар ва бошқа харажатларни назарда тутадиган, тўхташ жойини сақлаш бўйича даромадлар ва харажатлар сметалари асосида ҳисоб-китоб қилинади.

Автомобилларни доимий сақлаш хизматларига нархлар таҳлилининг кўрсатишича, бугунги кунда улар ойига 15 000 сўмдан 45 000 сўмгача чегарада ўзгариб туради. Халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилиниши билан ижара ҳақининг энг юқори чегарасига тузатишлар киритилади.

– Янги қурилган автотўхташ жойи­нинг эгаси соябонли жойларни пулга реализация қиляпти, буни фақат соябонсиз жойларни текинга бериш мажбуриятига эгалиги билан асослаб, соябон ўрнатиш учун автомобиль эгаларига ҳақ тўлашни так­лиф қиляпти. Унинг ҳаракатлари қонунийми? Бундай ҳолда собиқ гаражларнинг эгалари қандай йўл тутишлари керак?

– Низомда тасдиқланган режага мувофиқ бостирмали ва бостирмасиз очиқ турдаги тўхташ жойлари қурилиши назарда тутилади. Биринчи босқичда очиқ тўхташ жойлари қурилади, кейин бостирма бунёд этилади. Низомнинг 11-бандига кўра автомобиль тўхташ жойлари ҳудудида автомобиль тўхташ жойларини қуриш лойиҳасида назарда тутилмаган вақтинчалик ва капитал иншоотларни барпо этиш ва ўрнатиш тақиқланади. Тегишинча, бостирма қуриш режасида назарда тутилиши ва унга мувофиқ барпо этилиши керак.

Илгари автотўхташ жойи эгаси бос­тирма учун пул талаб қилишга ҳақли бўлиб, унинг қийматини бир йўла ёки йил давомида қисмлаб тўлаш мумкин эди. Яқин вақтдан буён уларни барпо этиш харажатлари автотўхташ жойлари эгалари зиммасига юкланиши ҳақида бир қарорга келинди.

Автомобилчилар бостирмага ҳақ тўлашга мажбур эмаслар. Бироқ автомобилни бостирма остида сақлаш тўлови бостирмасиз жойдаги тўловдан кўпроқ бўлади.

Автомобилга оид саволларга

жавобни мухбиримиз

Ольга КИРЬЯКОВА тайёрлади.

Прочитано: 1076 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика