Norma.uz

Ўз кучига ишонган маъқулми ёки профессионалларга?

Кўп квартирали уй-жой фондига профессионал асосда хизмат кўрсатиш ва бошқаришнинг афзалликлари ҳақида кўп гапириш мумкин. Бироқ ширкатда танлаш имконияти бўлмаса ёки яқин атрофдаги бошқарувчи компанияларнинг (бундан буён матнда БК деб юритилади) иши кўнгилдагидек бўлмаса, ҳар қанақа тавсиянинг нафи бўлмайди ҳисоб. Энг аввало, бу жабҳа бозорида рақобат муҳитини шакллантирмоқ лозим. Бошқарувчи компания раҳбари эса бундан буён ҳам ишлар қўл учида, пала-партиш бажарилишига йўл қўяверса, буюртмачи, яъни ширкат хизмат нархи мақбул, сифати дуруст бошқа БКга мурожаат этиб қўя қолади. Бизда ишни муваффақиятли олиб бораётган, ўзи сингари тижорат тузилмалари орасида маҳорат билан иш юритаётган бошқарувчи компаниялар ҳам бор. Шулардан бири Тошкентдаги «Берёза коммунал сервис» деган бошқарувчи компаниядир. Биз ана шу компанияда бўлиб, бир уйдан иборат ва кичик ширкатларнинг аксарияти нима сабабдан компаниялар кўрсатадиган хизматга унча иштиёқ кўрсатмаётганлиги сабабини суриштирдик, кўп қаватли уйни профессионал асосда сақлаш ва асрашнинг афзалликларига уларни ишонтириш учун нима қилиш кераклигини сўрадик.

 

 

 

            НАЗАРИЯ ВА АМАЛИЁТ

– Ўз-ўзига хизмат кўрсатишни афзал билувчи ширкатлар кўп квартирали уй-жой фондига профессионал асосда хизмат кўрсатишнинг иқтисодий нафини яхши англаб етмайдилар, – дейди «Берёза коммунал сервис» БК директори Валентина Азимова. – Ҳатто бир уйдан ташкил топган ХУМШлар ҳам чоғроққина хўжалик ташкил этишга, штатли ходимларга эга бўлишга ҳаракат қиладилар, бу эса уларнинг сарф-харажатини ошириб юборади. Ширкатлардан баъзиларини бунга масъулиятсиз БК хизматларига буюртма бериб, доғда қолганликлари ва бунақа компаниялар билан алоқада бўлишни сира истамасликлари сабаб бўлса, бошқалари уй хўжалиги билан боғлиқ ташвишларни БК зиммасига бажонидил юклашни истасалар ҳам яқин орада бундай компания йўқлиги боис бошқача йўл тутишга мажбур бўлмоқда.

Субъектив ва объектив сабаблар орасидан залворли­роқларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Булар, энг аввало, кўп қаватли уйда яшовчиларнинг уйни профессионал асосда бошқариш имкониятларидан хабарсизлиги, уй-жой хизматлари бозорида рақобат йўқлиги боис танлов имконияти чекланганлиги, қолаверса БКларнинг профессионал савияси талаб даражасида эмаслигидир. Ана шу сабабларнинг биринчисига бироз тўхтаб ўтайлик. Уй хўжалигини бошқариш ва унга хизмат кўрсатиш усули хусусидаги қарорни ХУМШ аъзолари қабул қиладилар. Шу сабабли ҳам ширкатлар бошқаруви ўртасидагина эмас, балки квартира эгалари ўртасида ҳам тушунтириш ишлари олиб борамиз. Маълумки, уларни асосан икки нарса – кўрсатиладиган хизматларнинг нархи ва сифати қизиқтиради. Одамнинг табиати шундайки, у кўпроқ нарса олиш ва бунинг учун камроқ тўлашни хоҳлайди. Лекин ҳаётда бундай эмас. Сарф-харажатларни эса имкон даражасида камайтириш ва мақбуллаштириш мумкин. Бунинг учун уй билан боғлиқ ишларни мутахассислар зиммасига юклаш керак. Мабодо муваффақиятли тарзда ишлаб келаётган компания вакилларига мурожаат қилган бўлсангиз, уйга қараш билан боғлиқ юмушларни улар яхшироқ ва сифатлироқ адо этадилар.

СМЕТА ҲАМ, БАДАЛЛАР ҲАМ ТЎҒРИ БЎЛМАСА

Бизга кўпинча қўшни уйда яшайдиган кишилар, кўп қаватли уйга ўз кучи билан хизмат кўрсатиб келаётган ширкатлар бошқаруви аъзолари мурожаат этиб туришади. Улар бадаллар миқдорини тўғри белгилашда ёрдам сўрашади ёки смета қанчалик тўғри тузилганини текшириб беришни илтимос қилишади. Шундай кезлари БК ўз сўзини айта билиши зарур. Буюртмачилари сафи кенгайишидан манфаатдор компаниялар профессионал асосда хизмат кўрсатишнинг ҳамма афзаллик­ларини омилкорлик билан тушунтириб беришлари керак.

Одатда битта уйдан ташкил топган ширкатларнинг муаммолари уҳшаш.

Мана, кўп учрайдиган воқеалардан бири. Тўққиз қаватли уйда яшайдиган квартира мулкдорлари бошқарув сметани нотўғри тузган деб ҳисоблаб, мажбурий бадаллар оширилишига кўнмайдилар. Айни бир вақтда улар салмоқлигина ишлар бажарилишини талаб қилишардики, бу ишларни ҳар квад­рат метр саҳн учун 200 сўмга тенг бўлган бадал ҳисобидан бажариб бўлмасди.

Сметанинг ҳамма бандларини ҳисоб-китоб қилиб чиқдик, ана шунда талаб этилаётган ишларни бажариш учун бадал миқдорини 300 сўмга етказиш зарурлиги аён бўлди. Йиғилишда қайси ишларга қанча харажат кетишини эринмай тушунтирдик. Ертўлада иссиқлик тармоғи ўтказиш, томни тузатиш керак экан, бу эса озмунча харажат талаб қилмайди. 63 квартирадан иборат уй негизида ташкил топган ХУМШ штати 4 кишидан, яъни раис, сантехник, бухгалтер ва фаррошдан иборат бўлиб, уларнинг иш ҳақига бадалларнинг 45 фоизи сарфланар экан. Ходимлар кунига нари борса, 2 соат ишлашади, лекин уларга 7 соат учун ҳақ тўлайдилар. Сантехник биттагина иссиқлик тармоғига қараб туради, бинобарин ширкатда кунига 1,5-2 соат ишлайди, ёз кезлари эса умуман қиладиган иши йўқ. Фаррошнинг ҳам иши кўп эмас. Уйга туташ чоғроқ ҳудудни супуриш ва тартибга келтириш ярим соат вақтини олади, холос. Бу уй бухгалтерияси иши кунига 1 соат вақтни олади, бундан кўп эмас. Ҳисоблаб кўрилса, ХУМШ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш сарф-харажатлари юки бадалларга зўр келиб, уларнинг ҳажмини ошириб юбормоқда. ХУМШ аъзолари тўловларининг қарийб ярми штатдаги ходимларга сарфланаётган бир шароитда бадалларни кўпайтирмай туриб, уй учун керакли катта харажатларга қандай қилиб пул тўплаш мумкин деган савол кўндаланг турибди. Башарти ширкат компаниямиз хизматларига буюртма берган тақдирда, ҳар квадрат метр саҳн учун бадални 230-250 сўм атрофида белгилаш билан кифояланса бўларди.

Бошқа бир ширкат аъзолари ҳам «ишкал» смета кўтариб келишди. Уларда ҳам тўққиз қаватли уй таъминотига пул етмаётган экан. Буларда ҳам штатдаги ходимларнинг иш ҳақига барча мажбурий бадалларнинг ярмичаси кетаётган экан. Бадалларнинг 30 фоизи келгусида амалга ошириладиган капитал таъмирлаш ишларига, 10 фоизи майда ускуналар, 5 фоизи эса идора ашёлари олишга йўналтирилиши эътиборга олинса, уйга хизмат кўрсатишга... 5 фоиз қолади, холос.

Бир уйдан ташкил топган ширкатда штатли ходимлар сақлаш бошқа бир сабабга кўра ҳам самарали эмас. Сантехник, бухгалтер, фаррош ёки ижрочи директор унча банд бўлмагани сабабли 2-3 жойда ишлайди. Бир ширкатдан бошқасига югуриб юргани учун ҳам керак бўлганида улардан ҳеч бирини жойида топиб бўлмайди. Иш амал-тақал бажарилади, уйнинг ҳолати ҳам кўнгилдагидек бўлмайди, одамлар ҳам норизо.

 

БОШҚАРУВЧИ КОМПАНИЯНИНГ ­

ШИРКАТГА ­ФОЙДАСИ БОРМИ?

Ширкат, айтайлик, сизнинг БКга барча хизматлар юзасидан буюртма бергудек бўлса, унинг қиймати уйнинг техник ҳолатига қараб бадал пулларининг 30-35 фоизини ташкил этади. ХУМШда эса ходимларнинг иш ҳақига, юқорида айтганимиздек, 40-45 фоизи кетади. Компаниянинг айланмаси катта бўлгани унинг хизматлари буюртмачиларга жўяли нархларда бўлади. Шу боис бизнинг буюртмачи ширкатларимиз рентабелли ҳисобланади. Негаки, бадалларининг 35 фоизчаси уларнинг ўз ихтиёрида қолади. Капитал таъмирлаш ишларига мўлжаллаб йиғилиб борадиган 30 фоиз бунга кирмайди.

Ширкатларни жалб этиш учун БКлар тариф сиёсатини тўғри белгилаб олиши жуда муҳимдир. Одамлар ҳар бир хизмат қийматига қаноат ҳосил қилишлари, нима учун пул тўлаётганликларини билишлари, энг асосийси танлаш ҳуқуқига эга бўлишлари керак. Ишдаги бундай очиқ-ошкоралик БКга бўлган ишончни таъминлайди ва мустаҳкамлайди. Хизматлар туркумига нарх қатъий белгиланса-ю, ҳар бир хизмат баҳоси алоҳида кўрсатилмаса, ҳамма хизматга эмас баъзиларига буюртма бериш имконияти бўлмаса, бу ҳол буюртмачиларнинг хоҳишини сўндиради.

Биз хизматларнинг ҳар бир тури учун баҳони алоҳида-алоҳида ҳисоблаб чиқариб қўямиз. Хизматлар туркуми тўлиғича кўрсатилишига шартнома тузиш мумкин, шунингдек айрим турларига буюртма берса ҳам бўлади. Кейинги пайтларда мажбурий бадаллар нималардан ташкил топишини бирма-бир тавсиф этиб, ёзма усулда квартира мулкдорларига чиқариб беряпмиз. Улар у ёки бу хизматнинг бир соати қанчага тушишини, уй-жойнинг 1 квадрат метри харажатлари қандай бўлишини шундоққина кўриб-билиб олмоқдалар. Шу зайил бухгалтерия сир-асрорларидан ҳам бохабар бўлмоқдалар. Масаланинг бу жиҳатларини билиш ХУМШ билан БК ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этмоқда.

Баъзи ширкатлар маблағларимизни бошқарувчи компания тасарруф этади деб чўчишади. Лекин ХУМШларнинг пуллари уларнинг ҳисоб-китоб варағида туради, уларни ўзлари тасарруф этишади. Бажарилган ишларга доир далолатнома асосида БКга кўрсатган хизматлари учун ҳақ ўтказиб беришади, холос. Бошқарув буюртма ижросини назорат қилиб боради. Биз буюртмачиларимизга умумий йиғилишларда ҳисобот бериб борамиз.

БК хизматидан баҳраманд бўлаётган ширкат учун яна бир манфаатли жиҳат бор. Бир уйдан ташкил топган ХУМШ пухта моддий-техника базасини шакллантиришга қодир эмас, боз устига у малакали мутахассислар ва пудратчиларни ҳам истаган вақтида жалб эта олади деб бўлмайди. Бундай ширкат тежамкорликка эришиш мақсадида ишларни бажартиришга тасодифий одамларни ёллайди, аммо улар иш ижроси учун жавобгар бўла олмайди. БКда эса тарафларнинг масъулияти ва жавобгарлиги шарт­номада белгилаб қўйилади.

Кенг доирадаги буюртмачиларга кўрсатаётган хизматларимиз уларга бирмунча арзонга тушади. Бизда сантехникнинг 1 соатлик иши 10 000 сўм, бухгалтерники 12 000 сўм, электрик ва фаррошники 7 000 сўмдан. Бир уйдан ташкил топган ХУМШда улар кунига 0,5-2 соат, бир ойда 2-6 тўлиқ иш куни ишлайдилар, БКда эса иш куни мобайнида тўлиқ банд бўладилар. Барча буюртмачиларга хизмат кўрсатадилар ва маошни ҳам шунга яраша, муносиб тарзда оладилар. Ишлари ҳам муттасил назорат қилиб борилади.

БКлар керакли асбоб-ускуналар билан тўла жиҳозланганлиги ҳам ХУМШ маблағлари тежалишини таъминлайди. Масалан, бир уйдан ташкил топган ширкатларда иссиқ сув таъминоти тизимларини ювиб тозалаш учун компрессор йўқ. Компрессор ижараси уларга 1 соат учун 80 минг сўмга тушади. Бизда бундай тизимни ювишнинг ҳар соати 45 минг сўмни ташкил этади. Ёки чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш муаммосини олайлик. БК бу иш юзасидан «Омад сервис» МЧЖ билан шартнома тузган. Ҳафтада бир марта 6 тонналик юк машинасига буюртма берамиз ва барча ХУМШларимизга туташ ҳудудлардан супуриндилар олиб чиқиб кетилишини таъминлаймиз. Бу ишга 114 минг сўм тўлаймиз. Агар ширкатлар бу хизматларга ўзлари буюртма берганларида борми, 3-3,5 марта кўпроқ ҳақ тўлашга мажбур бўлардилар.

Бошқарув жўяли бўлгани учун ҳам ширкатларимиз маблағ етишмайди деб шикоят қилмайдилар. Бу йил улар электр энергияси бўйича ҳам яхшигина тежамкорликка эришдилар. Режалаштирилган харажатларнинг 10-15 фоизи тежаб қолинди. Бу энергияни тежовчи лампочкалар ишлатилганлиги шарофатидир. Болаларнинг лифтда сайр қилиб ўйнаши камайди, йўлакларга домофонли эшиклар ўрнатилди. Ҳозир уйларда катта, асосий ишлар қилиб бўлинди, энди уларга жорий хизмат кўрсатиш билан машғулмиз. Металл эшиклар, шишапакетлар ўрнатмоқдамиз, одамларнинг ўзи йўлакларни таъмирлайдиган бўлишди. Келаси йил учун мажбурий бадаллар миқдорини оширмоқчи эмасмиз. Эътиборли жиҳати бадаллар миқдори, маблағларнинг сарфланиши юзасидан аҳоли билан бошқарувчи компаниямиз ўртасида низо ва келишмовчиликлар йўқ. Ҳамма иш очиқ-ошкора, буюртмачилар манфаатларини кўзлаган ҳолда олиб борилаётгани учун ҳам шундай бўлмоқда.

 

 

 

        МАЪЛУМОТ ЎРНИДА: «Берёза коммунал сервис» БК 2006 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда. ­Фаолият доираси кўп квартирали уйларни бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлашдан иборат. Бу БКга 4 та ширкат (312 квартира) туркум хизматларнинг ҳаммаси учун, 4 та ХУМШ эса айрим хизматлари учун буюртма берган. Лифт хўжалиги 25 та ширкатга хизмат кўрсатмоқда. Мазкур БК Республика уй-жой фонди профессионал бошқарувчилари ва хизмат кўрсатувчилари ташкилотлари уюшмасининг муассисларидан биридир. У кўп квартирали уй-жой фондини энг яхши бошқариш юзасидан ўтказилган мамлакат миқёсидаги танлов ғолиби ҳамдир.

 

 

 

 

        Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

 

Прочитано: 785 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «Norma Hamkor», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 24.05.2007г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел./факс (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz

Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «Norma Hamkor», 2006-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика