Norma.uz

Бошқарувчилар сафи кенгаймоқдами?..

Уй-жой хизматлари бозорида янги иштирокчилар, омилкорлар пайдо бўлаётган кўринади. Авваллари мамлакатимизнинг кўп квартирали уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича профессионал компанияларни барпо этишда уй-жой–коммунал соҳаси вакилларининг ўзи ташаббускор бўларди. Эндиликда эса бундай компанияларнинг муассислари орасида фаолиятнинг турли соҳалари намояндаси бўлмиш жисмоний ва юридик шахсларни учратиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, уй-жой ва коммунал соҳаси тадбиркорларни тобора кўпроқ қизиқтираётган жабҳага айланаётир.

Уй-жой ва коммунал хўжалиги ислоҳотида муҳим роль ўйнайдиган бошқарувчи компаниялардан кўп квартирали уйларнинг техник ҳолатини яхшилаш борасида умид катта. Ана шу тузилма бошида катта ширкатларни майдароқ ширкатларга айлантириш тақозоси билан, уларнинг моддий-техника базасида қарор топган эди. Бошқарувчи компания тизгинини дастлабки пайтларда йирик ХУМШларнинг ё собиқ раислари, ёки ижрочи директорлари қўлга олдилар. Аслида булар уй-жойдан фойдаланиш идорасида суяги қотган ходимлар бўлиб, бозор иқтисодиёти ҳақида ҳеч бир тасаввурлари йўқ эди. Шунга қарамай, улар зиммасига бозор муносабатларини йўлга қўйиш, рақобат муҳитини шакллантиришдек муҳим вазифа юкланди. Бошқарувчи компаниялар ўзлари ҳам билмаган ҳолда бир уйдан иборат ширкатлар ҳамда кичик ширкатлар тимсолида бозорнинг бошқа тўлақонли субъектлари пайдо бўлишида кўмакдош бўлдилар. Бундай ширкатлар хизматлар буюртмачисига айланиб, бошқарувчи компаниялар билан бозор муносабатларини шартнома асосида йўлга қўйишни ўрганиб олдилар.

 

 

Бугунги кунда уй-жой жабҳаси бу борада амалий тажриба ва кўникмаси бўлмаган янгидан-янги иштирокчиларни жалб этмоқда. Бошқарувчи компаниялар ривож топишининг ҳозирги босқичида уларни ташкил этиш ишига йирик корхоналар, хусусий фирмалар, банклар, жамоат ташкилотлари ва шу сингарилар ҳам жиддий киришдилар. Умуман олганда, бунинг ёмон томони йўқ. Янги иштирокчилар пайдо бўлиши билан бозор жонланиб, рақобат янада кучаяди деб умид қилса бўлади. Ширкатлар ва уй-жой мулкдорларида, бинобарин буюрт­мачиларда энг сифатли хизматларни танлаш учун кенг имко­ниятлар юзага келмоқда. Янги бошқарувчи компания­ларнинг кўпгина муассислари аввалги муассислардан фарқли равишда бозор кўникмаларини эгаллаганлиги оқибатида ўзларини зарур техника базаси билан таъмин этишлари мумкин. Бу эса иш муваффақиятли бошланишига бўлган ишончни таъминлайди.

Уй-жой ва ­коммунал хўжалиги соҳасига бош­қа жабҳа ­вакилларининг қизиқиши боиси бу сектор давлат томонидан қўллаб-қувватла­наётганлигидадир. Ширкатларнинг уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш ишлари билан шуғулланаётган профессионал бошқарувчи компанияларга 2005-2007 йиллар мобайнида бюджетга тушадиган барча турдаги солиқлар ва йиғимлардан озод этишдек имтиёзлар1 берилди. Солиқ преференциялари бошқарувчи компаниялар (бундан буён матнда БК деб юритилади) учун 7 йил мобайнида икки марта узайтирилди2. Улар 2014 йил 1 январга қадар бўлган давр учун барча солиқлар, йиғимлар ҳамда бюджет ва мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалардан (ягона ижтимоий тўлов бундан мустасно) озод қилиб қўйилди. Бизнесни ривожлантириш учун бу бениҳоя зўр омилдир.

Бундан ташқари, кўп квартирали уй-жой фондининг техник ҳолатини яхшилаш борасида БК зиммасидаги ролни инобатга олиб, мазкур тижоратчи тузилмаларнинг моддий-техника базасини шакллантиришда кўмак бериш ва мададкор бўлишда ташаббусни давлат ўз қўлига олмоқда. Уларнинг қарор топишида ҳомийлар, хусусан банклар муайян роль ўйнамоқда, жумладан автотранспорт, асбоб-ускуна харид қилишда имтиёзли кредитлар бермоқда. Янги иштирокчиларни кўпроқ мазкур бизнесга талаб катталиги, қолаверса барқарорлик қизиқтирмоқда. Негаки, одамлар ҳамиша яхшилаб таъмирланган уйларда, рисоладагидек шароитда яшашни хоҳлашади, шунга интилишади ҳам.

Соҳадаги янги иштирокчилар коммунал жабҳадаги бизнеснинг ўзига хос хусусиятлари борасида етарлича тасаввурга эга эмасликлари, уни оддийгина, аммо сердаромад иш деб билишлари оқибатида тушунмовчиликлар ҳам бўлиб турибди. Кўп квартирали уй аслида бағоят мураккаб техник объект­дир. Зотан, унда яшовчи квартира эгаларининг ижтимоий ҳолатини инобатга олиш, улар билан талаб даражасида мулоқот ўрнатиш зарур. БКлар ишининг муваффақияти кўп жиҳатдан шунга боғлиқдир. Янги компанияларнинг аксарияти ўз хизматларига буюртмачи бўлмиш ХУМШлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини билмайдилар, кўп квартирали уйни асраш, таъминотини йўлга қўйишни ҳам, ишни нимадан бошлаш зарур эканлигини ҳам яхши тасаввур этмайдилар. Баъзиларда уй-жой жабҳаси ортиқча саъй-ҳаракатларсиз, осонгина пул топиш мумкин бўлган соҳа деган эскича тасаввур сақланиб қолган. Уни қолдиқ принципи асосида ишни ташкил этиб, ғайрат-шижоат кўрсатмаса ҳам бўладиган соҳа деб биладилар, шарт­номаларда ёзиб қўйилган жавобгарликка нописандлик билан қарайдилар. Оқибат-натижада эса ХУМШлар бундай БКлар хизматидан воз кечадилар. Амалиётда бундай ҳоллар учраб турибди.

Айрим БКларнинг раҳбарлари даромадлар ва харажатлар сметаси қандай тузилишини тузукроқ тасаввур этмайдилар, уни бизнес-режа деб атайдилар, кўрсатилаётган хизматлар баҳосини ҳисоблашдаги тасаввурлари ҳам етарли эмас. Уларнинг аксарияти ширкатлар учун туркум хизматларнинг баҳосини ошириб юборган: баҳолар тўланган мажбурий бадалларнинг 40-50 фоизини ва ундан ҳам ортиқроғини ташкил этмоқда. Улардан нима учун айни шунча баҳо белгиланди деб сўралса, тайинли жавоб айтолмайдилар. Демак, айрим турдаги хизматлар баҳоси охиригача пухта ҳисобланмаган, қайд этилган қиймат ё осмондан олиб, ёки «қўшни БК шунча ҳақ олмоқда» принципи асосида белгиланмоқда.

Бундай амалиёт, табиийки, ширкатларга ёқмайди. Негаки, у уйларнинг техник ҳолатини, меҳнатнинг ҳақиқий сарф-харажатини эътиборга олмаётир, буюртмачиларни танлаш имкониятини торайтирмоқда. Шуниси ҳам борки, ширкатларга хизматларнинг жами ҳажмини зўрлаб тиқиштиришади. Ҳолбуки, баъзиларга бундай хизматлар умуман керак эмас, бошқаларнинг эса кармони кўтармайди. Ҳатто кулгилироқ ҳолатлар ҳам учраб келмоқда. Янги ташкил топган БК раҳбари ўз бизнесини яхшироқ йўлга қўйиш мақсадида мутахассислар билан маслаҳатлашгани келиб, уларга туркум хизматларининг баҳоси ҳисоблаб чиқарилган мажбурий бадалларнинг 90 фоизини ташкил этишини айтган. Бу тариф сиёсати моҳиятини мутлақо тушунмасликдир. Агар шундай қилинса, яъни БК бор пулларни оладиган бўлса, ширкат ихтиёрида нима қолади? Ким ҳам бундай бошқарувчи компанияга мурожаат қилади дейсиз?! Айни бир вақтда хизматларнинг ҳар бир тури баҳосини алоҳида-алоҳида ҳисоблаб чиқариш ишнинг очиқ-ошкоралигини, бинобарин, буюртмачилар ишончини таъминлайди. Юқорида айтилганларнинг ҳаммаси БК ходимлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш зарурлигидан далолат бермоқда.

Муваффақиятли тарзда иш олиб бораётган бошқарувчи компания ширкатга профессионалларнинг уй хўжалигига кўрсатадиган хизмати афзаллигини яққол кўрсатиб бериши мумкин. Бир уйдан ташкил топган ва кичик ХУМШларнинг аксарияти буни тушунгач, БКлар билан иккиланмай шартнома тузаверадилар. Хизматлар баҳоси ҳақиқатан йироқ тарзда белгиланган, хизматлар ижроси янада яхшиланиши жоиз бўлган жойларда эса ширкат БК катта ҳақ эвазига қиладиган хизматларни, ишларни ўзи бажариши мумкин. Натижада ширкат БК билан шартномани бекор қилади ва уйга ўз кучи билан хизмат кўрсатишга ўтади. Шу йўсин тижоратчи тузилмаларнинг масъулиятсизлиги уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасидаги давлат сиёсатига соя солади, ислоҳотларнинг янада олға боришига тўсқинлик қилади, бу борада орттирилган яхши тажриба ва ютуқларни ҳам йўққа чиқаради.

Яна бир муҳим жиҳат бор. Ўзини етарлича иш жабҳаси билан таъминлаш мақсадида баъзи БКлар маъмуриятчилик йўлини тутиб, ширкатларга босим ўтказишга, уларни БКлар билан шарт­нома тузишга мажбурлаш йўлига ўтиб оладилар. Бу эса қонун ҳужжатларини бузишдир. Тўғри, мамлакатимизда кўп қаватли уйларни профессионал тарзда бошқариш ва уларга хизмат кўрсатиш афзал деб билинади. Лекин танлов ҳуқуқи ширкатнинг ихтиёрида қолмоғи керак. Ширкат уйни профессионал тарзда бошқариш фойдалилигини кўрса, албатта БКга боради. Демак бошқарувчи компания мижозларни жалб этмоқчи бўлса, ўз профессионал маҳоратига ХУМШларни ишонтира билиши лозим. Зўрлик қилиш билан эса иш битмайди.

«Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон Қонун) 15 ва 19-моддаларига асосан бошқарув усули ҳақидаги қарор ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинади. Агар танловда профессионал компания маъқул топилса, мазкур Қонуннинг 25-моддасида ширкат бошқаруви уни танлов асосида танламоғи лозимлиги айтилганлиги эътиборга олинмоғи лозим. Мухтасар қилиб айтганда, энг аввало, ишларнинг ва хизматларнинг сифати, шартнома мажбуриятларининг масъуллик билан ижро этилиши БК ишининг асосий кўрсаткичи бўлиб қолмоғи керак.

 

 

 

1Президентнинг 11.02.2005 йилдаги «Коммунал хизматлар тарифларининг асоссиз равишда ўсиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда улар учун ўз вақтида ва тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши учун истеъмолчиларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сон қарори.

2Президентнинг 25.07.2006 йилдаги «1991 йилгача қурилган кўп хонадонли тураржой биноларининг умумфойдаланадиган жойлари ва муҳандислик коммуникациялари капитал таъмирланишини якунлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-425-сон ҳамда 24.12.2010 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2011 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-1449-сон қарорлари.

 

Прочитано: 800 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика