Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 46 / Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Депутатлар 2014 йилги давлат бюджетини тасдиқладилар

14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан так­лиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Ўзбекистон Республикасининг
2014 йилги Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқдилар. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Рес­публикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – молия вазири Р.Азимов ҳамда Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари С.Отамуродов маъруза қилдилар.

Шу нарса таъкидландики, мамлакатимизнинг 2014 йилги Давлат бюджети лойиҳаси 2013 йил январь ойида ўтказилган Ҳукумат мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ҳамда жорий йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларининг прогноз баҳоси асосида ишлаб чиқилган. Бюджет лойиҳаси иқтисодиётнинг барқарор юқори суръатларда ўсишини, иқтисодий барқарорликни, экспорт ўсишининг мувозанатлаштирилган кўрсаткичларини, ташқи савдо ва тўлов балансининг ижобий сальдосини сақлаб қолишга, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилгандир. Айни бир вақтнинг ўзида 2014 йилда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш миқёсларини жадаллаштириш ва кенгайтириш ҳамда йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурларини фаол амалга ошириш давом эттирилади.

2014 йилда ялпи ички маҳсулот 108,1 фоизга, саноат маҳсулоти 108,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш 106 фоизга ва капитал қўйилмалар 109,5 фоизга ўсиши назарда тутилмоқда. Давлат бюджети лойиҳасида юридик шахсларнинг фойдасидан олинадиган солиқнинг базавий ставкасини 9 фоиздан 8 фоизга камайтириш назарда тутилмоқда, бу эса 132 млрд сўмни корхоналар ихтиёрида қолдириш имконини беради. Жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқ бўйича даромадларга солиқ солишнинг энг кам ставкасини 8 фоиздан 7,5 фоизга камайтириш назарда тутилмоқда.

Мамлакатимизнинг келгуси йилдаги асосий молиявий ҳужжати аниқ ижтимоий йўналишга эга. Унда ижтимоий соҳа, соғлиқни сақлаш, таълим, мада­ният соҳаларини янада ривожлантиришга, умуман, меҳнат ҳақини жадал оширишга, манзилли ижти­моий қўллаб-қувватлашни таъминлашга катта эътибор қаратилган. Чунончи, 2014 йилда таълим соҳасига ажратиладиган харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 7,5 фоизини, соғлиқни сақлашга ажратиладиган харажатлар эса ЯИМнинг 3,1 фоизини ташкил этади, бу эса баркамол ва соғлом авлодни вояга етказиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш бўйича қабул қилинган дастурларда назарда тутилган тадбирларни тўлиқ ҳажмда молиялаштириш имконини беради. Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун сарфланадиган харажатлар 2013 йилдаги 59,3 фоиздан 2014 йилда 59,6 фоизга кўпаяди.

Фуқароларни ижтимоий таъминлашга ажратиладиган харажатларни ошириш кўзда тутилмоқда. Ижтимоий нафақалар тўлаш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш, шунингдек, компенсация тўловларига сарфланадиган харажатлар ЯИМга нисбатан 1,4 фоиз миқдорида назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 майда қабул қилинган қарори билан тас­диқланган 2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар Дастурини амалга ошириш доирасида мамлакатимизда янги тиббий-ижтимоий муассасалар қурилиши ва мавжудларини таъмирлаш ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга доир тадбирларни молиялаштириш, аҳолининг ушбу тоифаларини мақсадли даволаш ва соғломлаштиришни амалга ошириш, шунингдек, уларнинг уй-жой маиший шароитларини яхшилаш учун Давлат бюджетидан маблағлар ажратиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизнинг 2014 йилги Давлат бюджети лойиҳасида кам ҳосил берадиган ерларда пахта етиштирувчи фермер хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, шу жумладан қишлоқ жойларда йўлларни буткул ва жорий таъмирлаш ҳам назарда тутилган.

Давлат бюджетидан молиялаштириладиган марказлаштирилган инвестициялар ҳажми 1,5 трлн сўмни ёки ЯИМга нисбатан 1,0 фоизни ташкил этади, ушбу маблағлар қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлашга ва янги ташкил этилаётган турар жой массивларида ижтимоий инфратузилма объектларини ва ички йўллар барпо этишга йўналтирилади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, касаначилик ва оилавий тадбиркорликнинг турли шаклларини кенгайтириш, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари ва лицейларнинг битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳисобига Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш – мамлакатимизни келгуси йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан биридир. 2014 йилда 983,6 мингта янги иш ўринлари ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Давлат молиявий маблағларини бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланилишини кучайтириш ва давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида 2014 йил 1 январдан бошлаб 2014-2015 йилларда синаб кўриш учун Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини амалга киритиш назарда тутилмоқда. Ана шу давр мобайнида заруратга қараб ўзгартиш ва қўшимчалар киритиб борилади.

Бюджет кодексини амалга киритишдан асосий мақсад – амалиётдаги мавжуд қарама-қаршиликлар ва эскириб қолган нормаларни бартараф этиш, шунингдек, амалиётда қўлланиладиган нормалар, қоидаларни, бюджет жараёни қатнашчиларининг ваколатларини тизимлаштириш имконини берадиган ягона қонун ҳужжатида бутун бюджет жараёнини тизимлаштиришдан иборатдир.

 Савол-жавоблардан сўнг мамлакатимизнинг 2014 йилги Давлат бюджети лойиҳаси атрофлича муҳокама этилди, ушбу муҳокама давомида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини, таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданиятни, жамиятимиз ҳаётининг бошқа соҳаларини ривожлантириш дастурларини ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштириш муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар.

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджетини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

Қонунчилик палатасининг

Ахборот ­хизмати материали асосида тайёрланди.

 

Прочитано: 2208 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика