Norma.uz

Е-kommunal.uz: Қулай ва ишончли

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ахборот соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага жорий этиш имконини бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 27 июндаги тегишли қарори билан тасдиқланган 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантиришнинг комплекс дастури қабул қилиниши мамлакатимиз ахборот ресурслари, тизим ва тармоқларини жадал юксалтиришга хизмат қилаётир. Буни коммунал хўжалик ва уй-жой фондининг e-kommunal.uz портали мисолида ҳам кўриш мумкин.

ЎзА мухбири «UZINFOCOM» компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази директори Иброҳим ЖЎРАЕВ билан мазкур порталда қандай имкониятлар яратилгани ҳақида суҳбатлашди.

 

 

 

        – Коммунал хўжалик ва уй-жой фондининг e-kommunal.uz портали Президентимизнинг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган «Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш доирасида яратилди. Порталнинг асосий вазифаси ҳокимиятларнинг ўзаро, аҳолининг уй-жой-коммунал соҳа ва коммунал хизмат вакиллари, шунингдек, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг соҳанинг юқори ташкилотлари билан ҳамкорлигини янада такомиллаштиришдир. Мақсадимиз – интерфаол ва ахборот хизмати кўрсатиш орқали коммунал хизматнинг аҳоли, тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши учун ягона ахборот маконини ташкил этиш, коммунал хизматлар фаолиятида ошкораликни таъминлашдан иборат. Портал ёрдамида истеъмолчиларга интерфаол хизматлар кўрсатиш мақсадида коммунал хизмат ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти автоматлаштирилмоқда.

Порталда қандай имкониятлар яратилган?

– Портал коммунал соҳага оид кўплаб ахборот хизматларини тақдим этади. Бу ерда янгиликлар, бажари­лаётган таъмирлаш ишлари ҳақида ахборот, коммунал хизмат кўрсатиш жадвали, соҳага доир масалаларни тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишиш, коммунал хизмат телефон рақамларини олиш мумкин. Портал ёрдамида истеъмолчилар ўзининг жорий ҳисобрақами ҳақида билиши, «SMS-to'lov» электрон тизими орқали кўрсатилган хизматлар учун пул тўлаши, тегишли давлат органларига мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаатларни тақдим этиш тартиби жуда оддий. Фойдаланувчи бунинг учун ID.UZ идентификация тизимида ўзининг ҳисобга олиш ҳужжатини тасдиқлаши, тайёр мурожаат формасини тўлдириши, зарур ҳолларда эса унга қўшимча файлларни қўшиши керак. Сўнгра фойдаланувчи томонидан танланган соҳа ва тоифага қараб, тизим унинг мурожаатини тегишли давлат органига жўнатади.

Мурожаат модулига барча ҳоким­ликлар, Тошкент шаҳридаги коммунал хизматлар, коммунал соҳани назорат қилувчи органлар уланган. 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунига мувофиқ фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш муддати улар тақдим этилган пайтдан бошлаб, 30 кунни ташкил қилади. Бироқ, амалиёт шуни кўрсатадики, интернет технологияларининг жорий этилиши мурожаатларни кўриб чиқиш муддатини 5 иш кунигача қисқартириш имконини беради. Портал ишга тушганидан буён фойдаланувчилар томонидан мингдан зиёд мурожаат келди. Ижрочилар уларнинг саккиз юздан ортиғига жавоб қайтарди.

Портал фойдаланишга топширилгандан сўнг қандайдир қийин­чиликлар юзага келмадими?

– Дастлаб мурожаатлар устида ишлаш муддатлари ўтган ҳолатлар кузатилди. Аммо, кейинчалик мурожаатларни мониторинг қилиш модулини ишлаб чиқдик. Шу боис масъул давлат органлари кўриб чиқиш муддати кечиктирилаётган мурожаатларни кузатиб, бундай камчиликларни бартараф этишга доир шошилинч чоралар кўрмоқда.

Коммунал соҳанинг ҳар бир тегишли давлат органи ва идорасида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ҳақида низомлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Портал орқали юборилган мурожаатлар ҳам қоғоздаги мурожаатлар каби бир хил юридик кучга эгадир.

Бундан ташқари, айрим коммунал хизматлар ва тегишли давлат органлари вакиллари портал ишга тушгандан кейин баъзи мурожаатларни истеъмолчи билан боғланиш учун маълумот ва ҳатто унинг уй рақами кўрсатилмагани боис тезкор тартибда кўриб чиқа олмади. Шундан сўнг мурожаатлар модули қайта кўриб чиқилди ва ўзгартирилди. Энди мурожаатда тўлдирилиши шарт бўлган ва фойдаланувчи ҳақидаги зарур маълумотларни ўз ичига олган алоҳида жой ажратилди. Агар фойдаланувчи ўзи ҳақидаги маълумотларни қайд этмаса, мурожаатини жўната олмайди.

Шу билан бирга, дастлабки пайтларда ижрочилар саволни кўриб чиқмасдан туриб, жавоб қайтарган ҳолатлар ҳам учради. Шундан сўнг фуқаролар ўз мурожаатларини кўриб чиқишдан қониқиш ҳосил қилгани ёки қилмаганини таҳлил этиш модулини ишлаб чиқдик. Энди фойдаланувчи ижрочиларнинг жавоб­ларини ҳам баҳолаши мумкин. Агар фуқаро берилган жавобдан қониқса, тизим мурожаатни тўлиқ бажарилган деб ёпади. Фойдаланувчининг яна айрим саволлари бўлса ёки жавобдан қониқмаса, у бунинг сабабини ёзиб, мурожаатни қайта жўнатиши мумкин. Бунда тизим автоматик равишда мурожаатни такрорий сифатида қабул қилади ва юқори органларга юборади.

Портални яратишда қандай технологиялар қўлланилди ва келажакда унга қандай ўзгартишлар киритиш режалаштирилмоқда?

– Портални яратишда ўз технологик ечимларимиздан фойдаландик. «UZINFOCOM» компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази улардан ўз фаолияти доирасида 10 йилдан кўпроқ вақтдан буён фойдаланиб келмоқда. Портални ривожлантиришга оид режаларимиз кўп. Масалан, яқин вақтларда фойдаланиш қулай бўлиши учун уни модернизация қилиш, дизайнини янгилаш, автоматлаштирилган жараёнларни оптималлаштириш, уй-жой хўжалиги соҳасида қўшимча хизматлар ишлаб чиқиш, коммунал хизматларнинг барча биллинг тизимлари ва марказий маълумотхоналарини маълумотлар базасига интеграциялаштириш, ХУМШ шахсий кабинетини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, ҳокимликлар, коммунал хизмат ва тегишли давлат органлари билан портал фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича яқин ҳамкорлик қилинмоқда.

Марказ томонидан коммунал хўжалик соҳасига оид янги лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилаяптими?

 – Уй-жой хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатаётган давлат органлари фаолиятини автоматлаштириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда, турли лойиҳалар, хусусан, «Yordam» мобил илова лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилаётир. Унинг ёрдамида фойдаланувчи ўз мурожаатини мобил телефон орқали давлат органига юбориши мумкин. Амалиёт мазкур лойиҳа самарали эканини исботлади.

Шунингдек, марказ ҳокимликлар билан ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатган. Улар учун уй-жой хўжалиги соҳасини мониторинг ва таҳлил қилиш бўйича ахборот тизимлари ишлаб чиқилмоқда. Коммунал хизматлар билан биллинг тизимлар ишлаб чиқиш ва жорий қилиш ишлари йўлга қўйилган, коммунал хизматлар ҳақини тўлаш учун электрон тўловлар тизими интеграциялаштирилмоқда. Лойиҳалар кўп. Аммо битта портал ёрдамида ҳамма нарсани автоматлаштириб бўлмайди. Шу боис уй-жой-коммунал хўжалигини ривожлантириш ва автоматлаштириш соҳасида тегишли барча хизматлар билан биргаликда ишламоқдамиз.

ЎзА мухбири

Роман БОНДАРЧУК суҳбатлашди.

Прочитано: 2508 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика