Norma.uz

Ширкат хусусий дўкон эмас!

Мен пенсиямни банкдан олишим билан ўша ерда коммунал хизматлар ҳақини тўлайман. Менга ҳам, бошқа пенсионерлар каби, бу жуда қулай – ҳеч қаерга боришнинг кераги йўқ. Бироқ кассада қайд этилган коммунал хизматлар ва тарифлар рўйхатида уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш учун бадаллар кўрсатилмаган. Шахсан мен ХУМШ раҳбариятига ишонмайман ва улар қўлига тўлашни хоҳламайман, чунки ширкат раиси гўё унинг хусусий дўконидек уйга хизмат кўрсатиш нархларини ўзи белгилайди. Марҳамат қилиб тушунтириб берсангиз, нима учун банк кассасида кўп квартирали уйда умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадалларни тўлаш тарифлари мавжуд эмас?

Н.Плюшченко.

Тошкент шаҳри.

– Аввал биз нима учун ҳақ тўлаётга­нимизни билиб олайлик. Коммунал хизматлар – совуқ ва иссиқ сув таъминоти, сув чиқариш (канализация), электр таъминоти, газ таъминоти ва иситиш хизматлари тақдим этилишидир. Электр энергияси ва газ учун тарифларни рес­публика Молия вазирлиги, иссиқ ва совуқ сув, канализация, иситиш учун тарифларни Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Молия вазирлиги, вилоятлар ҳокимликлари молия бошқармалари ва Тошкент шаҳар Молия бош бошқармаси белгилайди.

Ширкат аъзолари кўп квартирали уйда умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадалларни киритадилар. Умумий мол-мулк квартирамиз ташқарисидаги нарсалардир. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан кейин – Қонун) 28-моддасига кўра унга қуйидагилар киради: кўп квартирали уйнинг умумий жойлари (холлар, коляскахоналар, ахлат камералари ва ҳоказолар); таянч ва тўсиқ конструкция­лар (деворлар, тўсиқлар, балконлар, лоджиялар, пештоқларнинг ойналаштириш конструкциялари); квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўралма) пиллапоялар; зинапоялар (йўлакдаги, бинога ташқаридан кириш зинапоялари); лифтлар; лифтнинг шахталари ва бошқа шахталар (масалан, вентиляция учун); даҳлизлар; техник қаватлар; ертўлалар; чердаклар ва томлар; уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари; жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан ортиқ квартирага хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар ва қурилмалар.

Ширкат уйда жой мулкдорларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан умумий мол-мулкни сақлаш учун ташкил этилади. Қонуннинг 30-моддасида уларнинг умумий мол-мулкни сақлаш бўйича харажатларни биргаликда зиммаларига олишлари мажбурияти белгиланган. Улар ХУМШ аъзоларининг мажбурий бадаллари билан қопланиши керак, уларнинг миқдорини умумий йиғилиш белгилайди. Бадал миқдори уй учун зарур ишларни бажаришга даромад ва харажатлар сметасида режалаштирилган харажатларга мувофиқ келиши керак. Агар ширкат аъзолари уйда том, ертўла, уй ичи тизимларини таъмирлашни хоҳлашса, бадал юқори бўлади, чунки бу жуда серчиқим ишлардир. Агар уйнинг аҳволи яхши бўлса ва барча қимматга тушувчи ишлар қилинган бўлса, бадал миқдорини умумий йиғилишнинг қарори билан камайтириш ёки бир муддат оширмаслик мумкин.

Қандай бўлмасин, уй учун нима қилиш кераклигини, бунинг учун қанча маблағлар зарурлиги ва мажбурий бадалнинг миқдори қанча бўлишини ҳал этиш – ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг хос ҳуқуқи. Агар уйда яшовчилар буни қилишмаса ва ўз уйларидаги ишларга аралашишмаса, улар учун барча масалаларни раис ҳал қилади. Уй эгалари эса норози бўлиш ва талаб қилишдан нарига ўтмайдилар.

ХУМШ – газетхонимиз ёзганидек раис­нинг хусусий дўкони эмас, балки хусусий жой мулкдорларининг ғамхўрлиги, кўп квартирали уйдаги турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигидир (Қонуннинг 5-моддаси).

Кўп квартирали уйларимизнинг техник ҳолати турлича. Бир уй таъмирланган, бошқаси эса кўп харажат талаб этади. Айни шу сабабли умумий мол-мулкни сақлаш бадаллари бир хил бўлмаслиги мумкин. Бир уйда улар юқори бўлса, бошқасида – паст. Уларни миқдори қатъий белгиланган, ҳеч бўлмаганда навбатдаги оширишгача барча учун мажбурий коммунал хизматлар тўловлари билан солиштириб бўлмайди. Шу боис коммунал хизматлар тарифлари тўғрисидаги ахборот истеъмолчиларга улар учун ҳақ тўланадиган банк кассаларида кўрсатилади.

Президентнинг «Коммунал хизматлар тарифларининг асоссиз равишда ўсиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда улар учун ўз вақтида ва тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши учун истеъмолчиларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (11.02.2005 йилдаги ПҚ-5-сон) билан ширкатлар ва коммунал хизматлар кўрсатиш корхоналарига улар томонидан кўрсатилган уй-жой-коммунал хизматлар, шу жумладан умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадалларни киритиш учун аҳолидан нақд пул маблағларини мустақил йиғиш тақиқланган. Ширкат яқин орадаги банк билан шартнома тузади, унда ХУМШ аъзолари умумий мол-мулкни сақлаш бадалларини касса орқали тўлайдилар. Ушбу банк қаерда жойлашганлигини ўз ХУМШингизда билиб олишингиз мумкин. Бухгалтер сизга тўлов учун квитанцияни тўлдириши керак. Баъзи ХУМШларда аҳолига қулай бўлиши учун бухгалтер банк кассири сифатида расмийлаштирилади. Шунда у ХУМШ аъзоларидан бадал қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Мажбурий бадалларни нақд пул билан ширкатда тўлаш ҳуқуқ доирасида бораётганлигига ишонч ҳосил қилиш учун бухгалтердан, агар у расмийлаштирилган бўлса, банк гувоҳномасини талаб қилишингиз мумкин. Ёдда тутинг, бундай ҳолда мажбурий бадалларни тўлаш чоғида сизга белгиланган намунада банк квитанциясини беришлари керак.

 

 

 

        Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

 

Прочитано: 989 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика