Norma.uz

Ишдан бўшашга мажбурлаш

 

2018 йилда меҳнат шартномамни бекор қилиб, белгиланган компенсацияни тўлаб беришди. 2019 йилда яна ўша лавозимга ишга қабул қилишди. Ҳозир эса пенсияга чиққанлигим сабабли раҳбарнинг ташаббуси билан мени ишдан бўшатишмоқчи бўлишяпти. Лекин компенсация тўлашни хоҳлашмаяпти, айтишларича, иккинчи марта компенсация тўланмас экан.

Маъмурият тўғри йўл тутяптими? 

 

– Амалдаги қонун ҳужжатларида раҳбарнинг ташаббуси билан меҳнат шартномалари бекор қилиниши муносабати билан ходимларга Меҳнат кодексида назарда тутилган пуллик компенсацияларни тўлашда бирор-бир чекловлар белгиланмаган.

Қоидага кўра, ходимлар сони қисқартирилиши муносабати билан раҳбарнинг ташаббусига кўра меҳнат шартномаларини бекор қилишда (МК 100-м. 2-қ. 1-б.) ташкилотларда аввал штати қисқартирилган ходимларни ишга қабул қилишнинг ички тартиби амал қилади ҳамда қайтадан ишга қабул қилиш мумкин бўлган муддатлар белгиланади.

Лавозим қисқартирилганидан кейин қисқа муддат ичида нима сабабдан яна ташкилотнинг штат жадвалига киритилаётганлиги тушунарсиз бўляпти.

Иш берувчи ходимнинг штатини қисқартирганидан кейин яна уни ишга қабул қилишга қарор қилса, аввал тўланган компенсация меҳнат шартномаси яна иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда компенсация олиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Сизнинг ҳолатда – МКнинг 100-моддаси 2-қисми 7-бандига кўра ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганлиги асосида меҳнат шартномаси бекор қилиняпти.

Кўпгина ташкилотларда жамоа шартномасида ёки бошқа локал ҳужжатларда меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги муносабати билан ходимларга қўшимча пуллик компенсация тўлаш назарда тутилади ҳамда тўлов тўлаш қоидаларига оид шартлар белгиланади. Локал ҳужжатларга мувофиқ иш берувчи ушбу компенсацияни тўлашни рад этиши мумкин.

Саволда кўрсатиб ўтилган асос бўйича меҳнат шартномасининг бекор қилиниши Меҳнат кодексининг талабларига мувофиқ (МК 100–104, 107-м.) расмийлаштирилиши ва амалга оширилиши лозим.

Шуни эътиборга олишингиз лозимки, иш берувчи пенсионер ходимга қонунга биноан тўланиши лозим бўлган компенсация тўловларини тўламаслик учун унга ўз ташаббусига кўра «Пенсияга чиқиши муносабати билан» ишдан бўшашни таклиф қилиши мумкин. Бундай турда ишдан бўшатиш МКнинг 100-моддаси 2-қисми 7-бандига биноан ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши деб ҳисобланмайди ҳамда пуллик компенсация тўланмайди, фойдаланилмаган барча таътиллар учун компенсация бундан мустасно (МК 151-м.). Ходим бунинг фарқига бормай, иш берувчининг илтимосига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиши мумкин. Иш берувчининг бундай ҳаракатларига ишдан бўшашга мажбурлаш сифатида қаралади.

Эслатиб ўтамиз:

• иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишда ходимдан бирор-бир ариза талаб этилиши мумкин эмас;

• пенсионер билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш иш берувчининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади.

Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномалари бекор қилинганда пуллик компенсация тўловлари миқдори фарқ қилиши мумкин.

Меҳнат шартномаси ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгариши муносабати билан бекор қилинганда (МК 100-м. 2-қ. 1-б.) ходимга қуйидаги тўловлар тўланиши лозим:

• барча ишланган кунлар, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинадиган кун учун ходимга тўланиши лозим бўлган иш ҳақи;

• фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация (фойдаланилмаган таътиллар мавжуд бўлганда меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда) (МК 151-м.);

• тарафларнинг келишувига биноан огоҳлантириш муддати ўрнига пуллик компенсация (МК 102-м.);

• ходимларни ишдан бўшатишда корхонанинг локал ҳужжатларида ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган тўловлар;

• ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси (МК 109-м.);

• иш қидириш даврининг 2-ойи учун ўртача ойлик иш ҳақи (МК 67-м.);

• ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин у 30 кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, 3-ой учун ўртача ойлик иш ҳақи (МК 67-м.);

• муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда неустойка (бундай шарт меҳнат шартномасида қайд этилган бўлса) (МК 104-м.).

Ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда, иш берувчининг ташаббусига кўра ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда (МК 100-м. 2-қ. 7-б.) иш берувчи қуйидаги тўловларни тўлаши шарт:

• ҳақиқатда ишланган кунлар, шу жумладан меҳнат муносабатлари бекор қилинадиган кун учун иш ҳақи;

• фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация (фойдаланилмаган таътиллар мавжуд бўлганда) (МК 151-м.);

• меҳнат шартномаси бекор қилинган корхонанинг локал ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча тўловлар;

• тарафларнинг келишувига биноан огоҳлантириш муддати ўрнига пуллик компенсация (МК 102-м.);

• ишдан бўшатиш нафақаси (МК 109-м.);

• МКнинг 104-моддасига мувофиқ муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганлиги учун неустойка (бундай шарт меҳнат шартномасида қайд этилган бўлса).

Пенсионерларни ишдан бўшатишда МКнинг 67-моддасида белгиланган иш қидириш даврида 2 ва 3-ойлар учун ўртача иш ҳақининг сақланиб қолиши назарда тутилмаган.

 

Валерия Ляндрес,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 33 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика