Norma.uz

Дастлабки тўловлар

 

Болани парваришлаш нафақасини тўлаш учун мурожаат қилиш Пенсия жамғармасига илк ташриф учун сабаб бўлади. Бу борада тез-тез учраб турадиган саволларга «Norma» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев жавоб берди.

 

– Эшитишимча, болани икки ёшгача парваришлаш нафақаси миқдори оширилибди. Шу тўғрими?

– Ҳақиқатан ҳам, 1 сентябрдан бошлаб 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ўрнига кам таъминланган оилаларга энг кичик фарзанди 3 ёшга тўлгунга қадар болалар нафақаси жорий этилди. Бунда, болалар нафақасини тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилади. Шунингдек тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача оширилади. Нафақа миқдори оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланади (11.08.2021 йилдаги ПФ-6277-сон Фармоннинг 1-б.).

Кам таъминланган оилаларга ойлик миқдорлар қуйидагича белгиланган:

а) болалар нафақаси:

• 250 000 сўм – 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун, 325 000 сўм – ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун;

• 150 000 сўм – оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча;

• 100 000 сўм – оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун;

б) моддий ёрдам – 380 000 сўм.

Бунда янги тартиб 2021 йил 1 сентябрдан кейин нафақалар тайинланган шахсларга нисбатан татбиқ этилишини ҳисобга олиш лозим. 2021 йил 1 сентябрга қадар тайинланган нафақалар аввалги шартлар бўйича тўланади (ПФ-6277-сон Фармоннинг 2-б.).

 

– Ҳеч қаерда ишламаган болали аёл, турмуш ўртоғининг доимий иш жойи мавжуд бўлмаган тақдирда, нафақа олишга ҳақлими? У қаерга мурожаат қилиши ва қандай ҳужжатларни тақдим этиши лозим?

– Кам таъминланган оилаларга болани парвариш қилиш нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш ВМнинг «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (5.03.2021 йилдаги 122-сон) билан тартибга солинади.

Аёл оиласи кам таъминланган деб эътироф этилганда болани парваришлаш нафақасини олишга ҳақли бўлади. Оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган МҲЭКМнинг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила кам таъминланган оила деб эътироф этилади.

Нафақа олиш учун Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғининг номига ариза фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига тақдим этилади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

• ариза берувчи оила аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси паспорти нусхалари ёки ID-карталари;

• чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи нусхаси;

• болалари васийлик остида бўлган тақдирда, аризага васийлик ва ҳомийлик органининг қарори нусхаси;

• оиланинг мавжуд чорва моллари ва паррандалари тўғрисида маълумот;

• ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги тижорат банки ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқлари ва ариза берилган ойдан олдинги 3 ой мобайнида уларнинг номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни Марказий банк томонидан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» АТга тақдим этиш тўғрисида ариза.

Нафақа олиш учун аризал фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига оила ушбу нафақа олишни истаган ойдан олдинги ойнинг 16-санасига қадар тақдим этилади.

 

– Қандай ҳолатларда нафақа тўлаш рад этилиши мумкин?

– Қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлганда, оилани кам таъминланган оила деб эътироф этиш ва болали оилаларга моддий ёрдам тайинлаш рад этилади:

а) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад белгиланган мезондан ошганда;

б) идоралараро электрон ахборот тизими орқали олинган маълумотлар бўйича Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрида ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида жами биттадан ортиқ кўчмас мулки ёки 1 ва ундан ортиқ нотурар жой бинолари мавжуд бўлганда;

в) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида қонун ҳужжатларида ўз номига расмийлаштирилган ёки бош ишончнома асосида фойдаланилаётган:

• ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситаси мавжуд бўлганда;

• жами 2 ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситалари мавжуд бўлганда;

г) ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг тижорат банкларидаги депозит ҳисобварақларида ариза берган ойда МҲЭКМнинг 5 баравари ва ундан ортиқ миқдорда маблағлари мавжуд бўлганда;

д) ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида ариза берган ойда МҲЭКМнинг 5 баравари ва ундан ортиқ миқдорда бозор қийматидаги қимматли қоғозлари мавжуд бўлганда;

е) Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, ЎзР Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, ДХХ, ДБҚ, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларнинг хизматчилари ва ходимлари ёки уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи ва болалари) томонидан аризалар тақдим этилганда;

ж) болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам олувчи ва унинг оила аъзоси томонидан ушбу Низомнинг (ВМнинг 5.03.2021 йилдаги 122-сон қарорига 1-илова) 11-бандида белгиланган тартибга риоя қилмаган ҳолда такрорий ариза тақдим этилганда. Бунда такроран тақдим этилган ариза «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» АТга киритилгандан сўнг ариза кўриб чиқилмасдан, аризачига рад жавоби аризада кўрсатилган электрон манзилга ёки SМS-хабарлар орқали мобил телефон рақамига жўнатилади;

з) оилада меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган аъзолари мавжуд бўлганда;

и) оилада охирги 12 ой давомида иш қидираётган аъзоси меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифларини мунтазам равишда (2 ва ундан ортиқ маротаба) рад этганда;

к) даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд бўлганда.

Бола парвариши бўйича нафақа тайинлаш рад этилганда, ариза берувчига хабар электрон шаклда (аризада кўрсатилган электрон манзилига ёки SМS-хабарлар орқали мобил телефон рақамига) юборилади (122-сон Низомнинг 19-б.).

 

– Бюджет ва нобюджет соҳаларда ишлайдиган оналарга тўланадиган нафақа миқдори фарқ қиладими? Масалан, ҳозир болани 2 ёшгача парваришлаш нафақаси қандай миқдорда тўланади? Ташкилот нобюджет соҳада фаолият юритади. Оила кам таъминланган оила тоифасига киритилмаган.

Ҳа, фарқ қилади. ПФ-6277-сон Фармонга мувофиқ 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб нобюджет соҳаларида ишлайдиган оналарга бериладиган ҳар ойлик нафақалар миқдори МҲЭКМнинг 60%и ёки 493 200 сўм миқдорида тўланади (1.09.2021 йилдан МҲЭКМ – 822 000 сўм).

Бюджет ташкилоти ходимларига БҲМнинг 200%и ёки 540 000 сўм миқдорида нафақа тўлаш давом эттирилади (Низом, АВ рўйхат рақами 1113, 14.03.2002 й.).

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 90 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика