Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 41 / Раҳбар эътиборига

Суд ишдан бўшатилган ходимни ишга тиклади, бироқ унинг ўрнига бошқа ходим ишга олинганди…

 

Ишдан бўшатилган, бироқ кейинроқ суднинг қарори билан ишга тикланган ходимнинг лавозимига янги ишга олинган ходим билан қандай муносабатда бўлиш керак? Уни ишдан бўшатиш мумкинми ёки бошқа иш таклиф қилиш лозимми? 

 

Суднинг қарори қандай ижро этилади

Биринчи навбатда, ишдан бўшатилган ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ бекор қилнилади ва ходим аввалги иш жойига тикланади. Бу ходим билан тузилган меҳнат шартномаси тугатилиши тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш ва уни аввалги иш жойига тиклаш тўғрисида буйруқ чиқариш орқали амалга оширилади.

Шунингдек мазкур янги буйруқда ишга тикланган ходимга мажбурий прогул даври учун иш ҳақи ҳамда суд томонидан белгиланган миқдорда моддий зарар учун компенсация тўланишини кўрсатинг.

Буйруққа асосан меҳнат дафтарчасига қуйидаги намунадаги янги ёзувни киритинг: «______-сонли ёзув ҳақиқий эмас деб ҳисобланиб, аввалги ишига тикланди». Меҳнат дафтарчасининг 4-графасида ишга тиклаш тўғрисидаги буйруққа ҳавола келтиринг (Йўриқноманинг 2.8-б. 2-хатбошиси, АВ рўйхат рақами 402, 29.01.1998 й.).

Эслатиб ўтамиз: 2020 йил 1 январдан бошлаб электрон меҳнат дафтарчалари юритилишига қарамай, амалдаги қонун ҳужжатларига қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларини бекор қилувчи тузатишлар киритилмаган. МКнинг 80-моддасига ҳамда 29.01.1998 йилдаги 402-сон Йўриқномага мувофиқ, ишга кираётган шахс меҳнат дафтарчасини тақдим этиши шарт, биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно, иш берувчи эса унга тегишли ёзувларни киритиши лозим. Шу боисдан ҳозирги пайтда электрон меҳнат дафтарчаси қоғоз шаклидагиси билан бирга юритиляпти, 1.01.2020 йилдан бошлаб биринчи маротаба ишга қабул қилинган шахслар бундан мустасно. Уларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари расмийлаштирилмаяпти, сабаби меҳнат органлари томонидан бундай дафтарчаларнинг берилиши тўхтатилган. Мазкур ҳолатда иш тўғрисидаги ёзувлар фақат электрон меҳнат дафтарчасига киритилади.

 

Ишдан бўшатилган ходимнинг ўрнига бошқа ходим ишга қабул қилинганда

МКнинг 106-моддаси 2-бандига кўра ушбу ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши лозим.

Ушбу асос бўйича меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ходимнинг хоҳишига қарши амалга оширилишига қарамай, иш берувчининг ташаббусига кўра ишдан бўшатишга тааллуқли бўлмайди. Бу иш берувчи меҳнат шартномаси ноқонуний тарзда бекор қилинган ҳолатларда ходимни аввалги иш жойига тиклаши шарт бўлган ҳолатлар билан боғлиқдир. Бундай норма қонун талабидан келиб чиқади. Шу боисдан бу асос «тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича» ишдан бўшатишга тааллуқли бўлади.

Бундай асос бўйича ишдан бўшатиш шартлари қандай бўлади? Иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш ҳолатидаги талаблардан бироз енгилроқ талаблар қўйилади.

Шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда МКнинг 106-моддаси 2-банди бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш


Меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисида олдиндан огоҳлантириш


Назарда тутилмаган


Касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг розилиги


Талаб этилмайди


Ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш


Ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда амалга оширилади (МК 109-м.)


Бошқа ишга ўтишни таклиф этиш


Амалга оширилади (МК 92-м.)


Ҳомиладор, 3 ёшгача боласи бўлган ходималар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш


Йўл қўйилади


 

Эътибор беринг: МКнинг 106-моддаси 2-бандига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда, аввал МКнинг 92-моддаси 2-қисми қоидаларига биноан ходимга бошқа ишни таклиф қилинг. Биринчи навбатда – мутахассислиги ва малакасига мос ишни, агар бундай иш бўлмаса – корхонада мавжуд бошқа ишни таклиф этиш лозим.

Ходим бошқа ишга ўтишни рад қилган бўлса ёки корхонада унга мос иш бўлмаса, меҳнат шартномаси умумий асосда бекор қилиниши мумкин.

МКнинг 106-моддаси 2-бандига асосан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Ишдан бўшаш кунида ходимга ишдан бўшатилиши тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини ва қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини беринг (биринчи маротаба ишга қабул қилинган ходимлар бундан мустасно), ЯММТда меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини рўйхатдан ўтказинг.

 

Ишдан бўшатилган ходимнинг лавозими қисқартирилганда

Ходим ишда бўлмаган даврида унинг лавозими қисқартирилган бўлса, иш берувчи аввал бундай қисқартиришни (буйруқ ушбу лавозимга тааллуқли бўлганда буйруқни, ёки агар буйруқ билан бир нечта лавозимлар қисқартирилган бўлса ушбу лавозимга тааллуқли қисмини) бекор қилиши, лавозимни штат жадвалига қайтариши, сўнгра стандарт схема бўйича ходимни ишга тиклаши лозим.

 

Ходимни аввалги иш жойига тиклаш факти электрон меҳнат дафтарчасида қандай акс эттирилади

Қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини тўлдириш қисмида ҳаммаси тушунарли бўлса, электрон шакли бўйича эса аниқ бир жавоб келтирилмаган. Ҳозирги пайтда ЯММТда бундай функционал мавжуд эмас. Шу боисдан иш берувчининг ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги маълумотларни ЯММТга киритиш бўйича ҳаракатларини аниқлаштириб олиш учун (71) 200-70-30 телефон рақамига ёки «Электрон меҳнат дафтари» Телеграм-каналига мурожаат қилинг.

 

Саволларга «Norma» МЧЖнинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти, юрист Ленара Хикматова жавоб берди.

Прочитано: 54 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика