Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 41 / Божхона

Ортиқча тўланган тўловларни қайтариш муддатлари

 

Корхонамизда ортиқча тўланган божхона тўловлари мавжуд, буни имзоланган солиштириш далолатномалари ҳам тасдиқлайди. Божхоначиларнинг айтишича, Божхона кодексининг 113-моддасига мувофиқ бир йил ўтганлиги сабабли ортиқча тўловлар қайтарилмас экан.

Улар ҳақми ёки судга мурожаат қилиш мумкинми? Божхона органларида неча йил давомида мажбуриятлар ҳисобдан чиқарилади? 

 

– Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари шундай тўловлар тўланган ёхуд ундирилган пайтдан эътиборан 3 йил ичида қайтарилиши (ёки дастлабки пул маблағлари ҳисобига ўтказилиши) лозим.

Тариф преференциялари қўлланилган (тикланган) тақдирда, ортиқча тўловлар тўланган ёки ундирилган пайтдан эътиборан 1 йил ичида лозим даражада расмийлаштирилган товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни тақдим этиш шарти билан қайтарилиши керак (БК 353-м.).

Ортиқча тўланган ёки ундирилган, шу жумладан Давлат бюджетига ўтказилган божхона тўловларининг суммалари дастлабки пул маблағлари ҳисобига қайтариб бериладиган ҳолатлар БКнинг 354-моддасида келтирилган.

 

Ҳужжат тилидан

Ортиқча тўланган ёки ундирилган, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилган божхона тўловларининг суммалари қуйидаги ҳолларда дастлабки пул маблағлари ҳисобига ўтказилади ёки божхона органлари томонидан тўловчига қайтариб берилади:

товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритилиши муносабати билан божхона тўловлари суммалари қайта ҳисобланганда;

агар божхона режими шартларида илгари тўланган божхона тўловлари суммаларини қайтариш назарда тутилган бўлса;

агар товарнинг божхона тўловларини тўлаш уларни ҳисоблаб чиқаришнинг белгиланган тартибини бузган ҳолда амалга оширилган бўлса;

божхона тўловларининг ставкалари ўзгарган бўлса;

божхона ҳудудига олиб кирилган товарга нисбатан божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёз тикланган бўлса;

агар божхона тўловлари тўланган товарлар божхона назорати остида йўқ қилиниши лозим бўлса;

эгаси божхона органи бўлган божхона омбори тугатилиши муносабати билан товарлар берилаётганда сақлаш учун тўланган божхона йиғимлари суммаларининг бир қисми қайтарилганда;

божхона тўловларини ҳисоблашда ортиқча тўловга олиб келган техник хатоликлар аниқланганда.

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳолларда ҳам қайтариб берилиши мумкин.

БК 354-моддаси.

 

Шу билан бирга тўловчи дастлабки пул маблағлари ушбу маблағлардан охирги фойдаланилган куннинг эртасидан эътиборан 3 йил ичида қайтариб берилишини талаб қилишга ҳақли. Бунда ариза билан бир вақтда тўловчи ва божхона органи ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси тақдим этилади (БК 335-м.).

Ҳужжат тилидан

Божхона органи ўн беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномасида кўрсатилган маълумотларни солиштириб чиқади.

Ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси божхона органининг мансабдор шахси ва тўловчи томонидан имзоланган куннинг эртасидан эътиборан уч иш куни ичида божхона органи дастлабки пул маблағлари қайтарилишини амалга оширади.

Тўловчида божхона тўловларини, шунингдек пеня ёки фоизларни тўлаш бўйича қарздорлик бўлган тақдирда, дастлабки пул маблағлари тўловчининг розилиги билан ушбу қарздорлик чегириб қолинган ҳолда қайтариб берилади.

Агар дастлабки пул маблағларини қайтариб бериш ҳақидаги ариза ушбу моддада кўрсатилган муддат ичида тақдим этилмаган бўлса, ушбу пул маблағлари божхона органи томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.

БК 335-м. 3–6-қ.

 

Ахтамхон ИНЯМИНОВ,

ЎзР ДБҚнинг Даромадлар ва божхона статистикаси бош бошқармаси бошлиғи.

 

Таҳририятдан: 2022 йил 1 январдан бошлаб ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариши тўғрисидаги қарор қабул қилингандан кейин ушбу маблағлар 3 иш куни мобайнида ТИФ иштирокчисига қайтарилади (10.09.2021 йилдаги ПФ-6310-сон Фармоннинг 2-б. «в» кичик б.).

Прочитано: 31 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика