Маҳсулотларни идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш ва уларнинг айланмасини кузатиб бориш қоидаларига (31.12.2020 й. 833-сон ВМҚга 2-илова) қўшимча киритилди, унга асосан ҳар бир реализация қилинган (сотилган) маҳсулот бирлиги учун маркировкалаш кодлари тўғрисидаги маълумотларни сақловчи фискал ҳужжат (онлайн-НКТ) ва (ёки) электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирмаган ҳолда маҳсулотни рақамли маркировка билан реализация қилиш (сотиш) ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жазолашга сабаб бўлади (22.09.2021 й. 595-сон ВМҚга 3-илова 9-б.). Бироқ ҳозирча рақамли маркировкалаш кодларини акс эттиришнинг техник имконияти мавжуд эмас. Вазиятни рақамли маркировкалаш оператори «CRPT TURON» МЧЖ менежери Фазлиддин САЙДУЛЛАЕВ тушунтирди:
– Ҳақиқатан, Рақамли маркировкалаш қоидаларида энди 95-банд мавжуд, бундан ҳисобварақ-фактура ва онлайн-НКТ чекларида рақамли маркировкалаш кодларини акс эттирмаслик ҳуқуқбузарлик деб эътироф этилиши келиб чиқади. Бироқ шунга эътибор қаратингки, ушбу қоида, 595-сон ВМҚ билан киритиладиган барча нормалар каби, 2021 йил 22 декабрда кучга киради. Яъни тайёрланишга вақт бор.
Рақамли маркировкалашни онлайн-НКТ чекларида акс эттириш имконияти мавжуд. Онлайн-кассаларга нисбатан тегишли талаблар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн назорат-касса машиналари, виртуал касса ва фискал модулга қўйиладиган техник талаблар акс эттирилган (23.11.2019 й. 943-сон ВМҚга 2-илова).
2021 йил 1 октябрдан бошлаб тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ЭҲФда товарларни рақамли маркировкалаш кодларини акс эттириш имконини берадиган функционални синовдан ўтказадилар. Йил якунига қадар уни барча ЭҲФ операторлари босқичма-босқич жорий этадилар.
Таъкидлайман: ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн-НКТ чекларида рақамли маркировкалаш кодларини акс эттириш талаби фақат қуйидагиларга асосан мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарларга нисбатан жорий этилади:
● Тамаки маҳсулотларини рақамли идентификация воситалари билан маркировкалаш хусусиятлари тўғрисида низом (833-сон ВМҚга 3-илова);
● Алкоголь маҳсулотларини рақамли идентификация воситалари билан мажбурий маркировкалаш хусусиятлари тўғрисида низом (833-сон ВМҚга 4-илова);
● Дори воситалари ва тиббий буюмларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш тартиби тўғрисида вақтинчалик низом (20.05.2021 й. 322-сон ВМҚга 3-илова);
● Сув ва салқин ичимликларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш тартиби тўғрисида вақтинчалик низом (322-сон ВМҚга 4-илова);
● Маиший техникаларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш тартиби тўғрисида вақтинчалик низом (322-сон ВМҚга 5-илова).
2023 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларига онлайн-НКТга уланган ва штрих-кодлари ва рақамли маркировкалаш кодларини тўғри ўқишни таъминлайдиган махсус қурилмаларни харид қилишда ҳисоблаб чиқарилган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи (айланмадан олинадиган солиқ, қатъий белгиланган миқдорда ЖШДС) суммаларини ҳар бир қурилма учун 4 БҲМ доирасида камайтириш ҳуқуқи берилди (4.10.2021 йилдаги ПҚ-5252-сон қарор 3-б.).
2022 йил 1 январдан бошлаб давлат солиқ органларини қуйидагилар ҳақида хабардор қилган фуқароларга мукофот (тадбиркорлик субъектига солинган жариманинг 20%и) тўлайди:
● чек ёки унга тенглаштирилган ҳужжатни бермасдан товарларни реализация қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳолатлари ҳақида;
● мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўлланилганлиги ёки маркировка мавжуд эмаслиги тўғрисида (ПҚ-5252-сон қарор 1-б. «а» кичик б.).
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.