Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 41 / Мутахассис тушунтиради

Ижара шартномалари 1 январдан бошлаб қандай рўйхатдан ўтказилади

 

ДСҚ ijara.soliq.uz сайтини синовдан ўтказмоқда. 2022 йил 1 январдан бошлаб унда юридик шахслар ва жисмоний шахслар томонидан тузиладиган кўчмас мулк ижараси ёки текин фойдаланиш шартномалари рўйхатдан ўтказилади (22.09.2021 йилдаги 595-сон ВМҚ 3-б. «в» кичик б.). Ижара шартномаларини масофадан туриб рўйхатдан ўтказиш тизими ҳақида «Yangi texnologiyalar» ИАМ директори ўринбосари Ғиёс ҚАРШИЕВ гапириб берди:

 

– 25.05.2018 йилдаги ПҚ-3741-сон қарорга мувофиқ жисмоний шахслар ўртасида тузилган кўчмас мулк ижараси шартномалари солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйилиши шарт (25.05.2018 йилдаги ПҚ-3741-сон 2-б.; Низом, АВ рўйхат рақами 3077, 11.10.2018 й.). Қулайлик учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетларида шартномаларни масофадан туриб рўйхатдан ўтказиш имконини берадиган махсус функционал яратилган. Унинг ёрдамида 2022 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларнинг барча кўчмас мулк ижараси шартномалари рўйхатдан ўтказилиши керак.

Юридик шахслар томонидан тузиладиган бундай шартномаларни мажбурий рўйхатдан ўтказиш лозимлиги бу – янги талаб. У 2022 йил 1 январдан кучга киради (595-сон ВМҚ 3-б. «в» кичик б.).

2022 йил 1 январдан бошлаб ҳам жисмоний шахслар, ҳам юридик шахслар ўзларининг кўчмас мулк ижараси ёки текин фойдаланиш шартномаларини ijara.soliq.uz сайтида рўйхатдан ўтказишлари шарт. Ҳозир ресурс тест режимида ишламоқда.

 

2022 йил 1 январдан бошлаб давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилмаган шартномалар асосида ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулк объектларида сақланаётган ТМЗлар қолдиқлари инвентаризациядан ўтказилмайди ва солиқ солиш мақсадларида солиқ тўловчининг омборида мавжуд эмас деб баҳоланади (22.09.2021 йилдаги ­595-сон ВМҚ 3-б. «в» кичик б.).

 

Шартномани сайтда рўйхатдан ўтказиш

Бунинг учун шартноманинг иккала томони қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириши лозим:

● ижарага берувчи шартнома тўғрисидаги маълумотни киритади;

● ижарага олувчи киритилган маълумотни текширади ва унинг тўғрилигини тасдиқлайди. Фақат шундан кейин шартнома рўйхатдан ўтказилган деб эътироф этилади.

Ижарага берувчи:

1) ijara.soliq.uz сайтига киради;

2) юридик шахснинг ЭРИси ёрдамида шахсий кабинетга киради. Очилган шаклда унинг маълумотлари тўлдирилган бўлади;

3) тегишли майдонга ижарага олувчининг ­СТИРини киритади (шундан кейин ижарага олувчининг маълумотлари автоматик тарзда тўлдирилади);

4) ижарага (текин фойдаланишга) бериладиган кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотни тўлдиради;

5) ижарага олувчи шартномага мувофиқ қандай коммунал тўловларни тўлашини қайд этади;

6) шартномага асосан қўшимча шартларни ёзади ва «Жўнатиш» тугмасига босади.

Тизим шартнома рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотномани шакллантиради.

Ижарага олувчи:

● ўзининг ЭРИси билан ijara.soliq.uz сайтига киради;

● шартномалар рўйхатидан шартнома рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотномани топади, уни ўрганади, шундан сўнг тасдиқлайди ёки рад этади.

Ижарага олувчи тегишли тугмага босган ҳолда маълумотномани тасдиқлагандан сўнг, шартнома рўйхатдан ўтказилган ҳисобланади. Тизим ноёб рақам ва QR-код билан рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномани шакллантиради.

Сервис ишининг тест режими 2021 йил 1 декабрга қадар давом этади. Солиқ тўловчиларнинг фикр-мулоҳазалари қуйидагилар орқали қабул қилинади:

● ДСҚнинг call-маркази орқали – 1198;

● «Бевосита мулоқот» телефон рақами орқали – 71 244-98-98;

● Facebookдаги «Тадбиркор ва Солиқчи» гуруҳида.

 

Сервисни синовдан ўтказиш вақтида шартномаларни ijara.soliq.uzда рўйхатдан ўтказиш аҳамиятли юридик оқибатларга, шу жумладан – солиқларни ҳисоблаб чиқаришда, оқибатларга олиб келмайди. Тест режими техник қисмни маромига етказиш, носозликларни бартараф этиш учун зарур. Ҳозир қанчалик кўп шахслар унда иштирок этса, 1 январдан ҳаммаси аниқ ишлаши учун имконият шунчалик юқори бўлади.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Прочитано: 414 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика