Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 17 / Солиқ солиш

Чиқиб кетаётган таъсисчи билан ҳисоб-китобларда ҚҚС

 

Корхона чиқиб кетаётган таъсисчи билан ҳисоб-китоб қилмоқда. Бу ҳолда ҚҚС тўлаш бўйича мажбурият юзага келадими? 

 

– Корхона қуйидагилар билан ҳисоб-китоб қилганда ҚҚС бўйича мажбурият юзага келиши ёки келмаслиги юзасидан тез-тез савол беришади:

● чиқиб кетаётган таъсисчи билан;

● устав фондида таъсисчининг улуши камайган тақдирда;

● корхона томонидан таъсисчидан ушбу корхона устав фондидаги улушини сотиб олишда.

Саволга жавоб таъсисчига айнан қандай активлар ўтказилишига боғлиқ.

 

I вариант – пул маблағлари билан ҳисоб-китоб

Агар корхона келтирилган ҳолларда таъсисчига пул маблағларини ўтказса, ҚҚС бўйича айланма юзага келмайди.

 

Мисол. Чиқиб кетган таъсисчи билан пул маблағлари билан ҳисоб-китоб қилиш

Корхонанинг устав фонди тўлиқ шакллантирилган ва 100 млн сўмни ташкил этади – «А» жисмоний шахснинг улуши билан – 60 млн сўм (60%) ва «В» жисмоний шахснинг улуши билан – 40 млн сўм (40%).

«А» жисмоний шахс устав фондидаги ўз улушини пул билан олган ҳолда таъсисчилар таркибидан чиқади. Корхона таъсисчига улушнинг номинал қийматини 60 млн сўм ва унинг улушига тўғри келадиган соф фойданинг бир қисмини – 50 млн сўм тўлайди.

Мазкур вазиятда ҚҚС бўйича айланма юзага келмайди, бироқ 50 млн сўмдан дивидендлар тарзидаги даромадлардан олинадиган солиқ ушлаб қолинади.

 

II вариант – товарлар (хизматлар) билан ҳисоб-китоб

Агар корхона чиқиб кетган таъсисчига товарлар (хизматлар)ни ўтказса, бундай ўтказиш ҚҚС солинадиган айланма ҳисобланади (СК 239-м. 4-қ. 3-б.).

 

Мисол. Чиқиб кетган таъсисчи билан товарлар билан ҳисоб-китоб қилиш

Корхонанинг устав фонди тўлиқ шакллантирилган ва 400 млн сўмни ташкил этади – «А» жисмоний шахснинг улуши билан – 120 млн сўм (30%) ва «В» жисмоний шахснинг улуши билан – 280 млн сўм (70%).

«А» жисмоний шахс таъсисчилар таркибидан чиқади. Корхона у билан товарлар билан ҳисоб-китоб қилади. Таъсисчига улушнинг номинал қиймати 120 млн сўм ва унинг улушига тўғри келадиган соф фойда – 100 млн сўм тўланиши керак.

Дивидендлар тарзидаги даромадлардан олинадиган солиқни аниқлаймиз. Чиқиб кетган таъсисчи – Ўзбекистоннинг солиқ резиденти, шу боис солиқни 5% ставка бўйича ушлаб қоламиз:

100 х 5% = 5 млн сўм.

Таъсисчига ўтказилиши лозим бўлган товарнинг қиймати ҚҚС билан:

120 + 100 – 5 = 215 млн сўм.

Ушбу сумма ҚҚСни ўз ичига олади, шу боис ҚҚС = 215 / 115 х 15 = 28,04 млн сўм.

 

III вариант – молиявий активлар билан (пулдан ташқари) ҳисоб-китоб қилиш

Корхоналарнинг устав фондидаги улушларини, кооперативларнинг пай фондларидаги ва инвестиция пай жамғармаларидаги пайларни, қимматли қоғозларни ҳамда ҳосила молиявий воситаларни реализация қилиш, бундан солиқ солиниши лозим бўлган ҳосила молиявий воситаларнинг асос активини реализация қилиш мустасно, ҚҚС солишдан озод этиладиган молиявий хизматларга киради (СК 244-м. 1-қ. 3-б.).

Ҳосила молиявий восита – бу шартнома томонлари ҳуқуқ ва мажбуриятларининг асос активларга нисбатан тақсимланиши бўйича шартнома, уларнинг натижасида бир томон бошқа томонга асос бошланғич молиявий воситада мавжуд молиявий рискларни ўтказади.

Асос актив сифатида чет эл валютаси, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулк, фоиз ставкалари, кредит ресурслари, нарх ёки фоиз ставкаларининг индекслари, муддатли битимларнинг бошқа молиявий воситалари иштирок этиши мумкин (СК 50-м. 4-қ.).

Агар молиявий актив молиявий актив ҳосила молиявий воситанинг асос активи ҳисобланмаса, уни чиқиб кетган таъсисчига ўтказишда юзага келадиган айланма ҚҚСдан озод этилган.

 

Мисол. Чиқиб кетган таъсисчи билан бошқа корхонанинг акциялари билан ҳисоб-китоб қилиш

Корхонанинг устав фонди тўлиқ шакллантирилган ва 150 млн сўмни ташкил этади – «А» жисмоний шахснинг улуши билан – 90 млн сўм (60%) ва «В» жисмоний шахснинг улуши билан – 60 млн сўм (40%).

«А» жисмоний шахс устав фондидаги ўз улушини олган ҳолда таъсисчилар таркибидан чиқади. Корхона у билан бошқа корхонанинг акциялари билан ҳисоб-китоб қилади. Улар ҳосила молиявий воситанинг асос активи ҳисобланмайди. Таъсисчига УФдаги унинг улушининг номинал қиймати 90 млн сўм ва унинг улушига тўғри келадиган соф фойданинг бир қисми – 50 млн сўм тўланади.

Соф фойда суммасидан дивидендлар тарзидаги даромадлардан олинадиган солиқни ушлаб қоламиз:

50 х 5% = 2,5 млн сўм.

137,5 млн сўм (90 + 50 – 2,5) суммага таъсисчи бошқа корхонанинг акцияларини олади. Мазкур вазиятда акцияларни реализация қилиш бўйича айланма 137,5 млн сўм ҚҚСдан озод этилган.

 

ҚҚС бўйича айланма ҳисобланмайдиган операцияларни (I вариант ва унга мисол) ва ҚҚСдан озод этилган айланмаларни (III вариант ва унга мисол) фарқлаб олинг.

ҚҚСдан озод этилган айланмалар ҚҚСни ҳисобга олишнинг мутаносиб усули қўлланган тақдирда ҚҚС солинадиган ва солинмайдиган айланмалар салмоғини аниқлашда ҳисобга олинади.

ҚҚС бўйича айланма ҳисобланмайдиган операциялар мутаносиб усулда «ҳисобга олинадиган» ҚҚС ҳисоб-китобида иштирок этмайди.

 

Саволга Молия вазирлигининг билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи
Баҳодир БОЙҚОБИЛОВ жавоб берди.

Прочитано: 723 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика