Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 17 / Назорат

Солиқ қонунчилигини бузганлик учун санкциялар ҳақида нималарни билиш лозим

 

Солиқ тўловчи жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган шартлар талайгина. Судларда солиққа оид низоларни ҳал этишда ушбу шартлар эътиборга олиниши мумкин. Ушбу шартларни, шунингдек санкцияларнинг принциплари ва ўзига хос жиҳатларини билмай туриб, уларни қўллаш осон кечмайди.

 

Енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар…

Солиқ тўловчининг (шу жумладан солиқ агентининг қонун ҳужжатларида жавобгарлик белгиланган ғайриқонуний айбли қилмиши (ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги) солиққа оид ҳуқуқбузарлик деб эътироф этилади (СК 210-м.).

Солиқ тўловчини жавобгарликка тортишнинг асосий шартлари ва принципларини санаб ўтамиз:

● солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади (СК 13-м.);

● шахс солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар бўйича ва тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин. Бунда солиққа оид содир этилган айни бир ҳуқуқбузарлик учун такроран жавобгарликка тортилиши мумкин эмас (СК 212-м. 1, 2-қ.);

● шахснинг айби қонунда белгиланган тартибда исботланмагунига қадар у солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб ҳисобланмайди. Шахс ўзининг солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор эмаслигини исботлаши шарт эмас – исботлаш солиқ ва бошқа органларнинг вазифаси (СК 212-м. 6-қ.);

● солиқ тўловчининг солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликка тортилиши тегишли асослар мавжуд бўлган тақдирда унинг мансабдор шахсларини маъмурий, жиноий ёки қонунда назарда тутилган бошқа жавобгарликдан, шунингдек уни тўланиши керак бўлган солиқлар (йиғимлар) ва пеняларнинг суммаларини тўлаш (ўтказиш) мажбуриятидан озод этмайди (СК 212-м. 4, 5-қ.);

● ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатни (ҳаракат ва ҳаракатсизлик) қасддан ёки эҳтиётсизлик оқибатида содир этган шахс солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб эътироф этилади. Бунда солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар инобатга олинади (СК 214-216-м.);

● солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги учун жавобгарликка тортилиш муддати – 5 йил (СК 217-м.);

● ҳар бир шахс солиқ органларининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга. Бунда солиқ органининг сайёр солиқ текшируви ёки солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарори устидан юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганидан кейингина ушбу қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин (СК 30-боби).

 

Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича қандай санциялар қўлланилади

Солиқ органлари томонидан:

● солиқ аудити натижасида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар СКнинг 158 ва 159-моддаларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади;

● солиқ текшируви ва (ёки) солиқ назоратининг бошқа тадбирлари натижасида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар СКнинг 165 ва 166-моддаларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади (СК 157-м.).

Солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ органлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) молиявий санкцияларни ва маъмурий жазо чораларини қўллаш («Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонун 5-м. 9-б.);

б) бозорлар, савдо комплекслари ҳудудларида ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида аниқланган молиявий-иқтисодий ва солиқ соҳаларида ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги фактлари юзасидан терговга қадар текширувлар ўтказиш, улар бўйича жиноят ишлари қўзғатиш, жиноят ишларини терговга тегишлилигига кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш (Қонун 5-м. 17-б.);

в) масалани ҳал этиш солиқ органларининг ваколат доирасидан чиққан ҳолларда, қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактларига доир материалларни прокуратура, ички ишлар, ДХХ органларига ва судларга топшириш ( Қонун 6-м. 12-б.);

 

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланганда қандай санкциялар қўлланилади

Молиявий санкциялар:

● хўжалик юритувчи субъектлар – юридик ва жисмоний шахсларга (шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга) нисбатан СКнинг 28 ва ­29-бобларида назарда тутилган миқдорларда қўлланилади;

● жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларда жарима 2 баравар камайтирилади, оғирлаштирувчи ҳолатларда эса 2 баравар оширилади (СК 216-м., 218-м. 3-қ.);

● солиқ органининг жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори олинган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда ихтиёрий равишда тўланганда жарима миқдори 2 бараварга камайтирилади (СК 218-м. 4-қ.);

● икки ва ундан ортиқ солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, молиявий санкциялар ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида тарзда ундирилади (СК 218-м. 6-қ.);

● суд тартибида қўлланилади, субъектлар ўз айбини тан олган ва ихтиёрий равишда тўлов тўлаган ҳолатлар бундан мустасно (Қонун 5-м. 9-б.).

Маъмурий жазо қуйидаги ҳолатларда қўлланилади:

● ҳуқуқбузарлик ўз хусусиятига кўра жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлмаган тақдирда. Башарти ишни кўриб чиқиш пайтида солиқ органи ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари бор деган хулосага келса, материалларни прокурорга топширади (МЖТК 10, 278-м.);

● мансабдор ва жисмоний шахсларга (шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга) нисбатан МЖТКнинг 13 ва 16-1-моддаларида назарда тутилган миқдорларда жарималар солиш тариқасидаги жазолар қўлланилади;

● МЖТКнинг 264-моддасига мувофиқ белгиланадиган санкциялардан келиб чиққан ҳолда бевосита солиқ органлари томонидан қўлланилади. Қолган санкциялар МЖТКнинг 245-моддасига мувофиқ судлар томонидан қўлланилади;

● икки ёки ундан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирда, маъмурий жазо ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида-алоҳида қўлланилади (МЖТК 34-м.);

● ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилади (МЖТК 36-м.).

Маъмурий жазо қўлланилишида енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи мавжуд бўлади. Шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор устидан юқори турувчи органга ёки жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг қарори устидан эса апелляция инстанцияси судига шикоят берилиши мумкин (МЖТК 31, 32, 315-м.).

Жиноий санкциялар юзасидан қуйидагиларни таъкидлаб ўтиш лозим:

● ҳеч ким суднинг ҳукми бўлмай туриб жиноят содир қилишда айбли деб топилиши ва қонунга хилоф равишда жазога тортилиши мумкин эмас (ЖК 4-м.);

● шахс айбдор эмаслигини исботлаши шарт эмас ва айбдорлиги юзасидан барча шубҳа-гумонлар ушбу шахснинг фойдасига ҳал этилиши лозим (ЖПК 23-м.);

ЖКнинг X–XIII-1-бобларига мувофиқ мансабдор ва жисмоний шахсларга (шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга) нисбатан жазо қўлланилади;

● жиноятни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд (ЖК 55, 56-м.);

● шахс 2 ёки ундан ортиқ жиноятни содир этганда тайинланган жазоларни тўла ёки қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича жазо тайинланади (ЖК 59-м.).

Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун санкциялар қуйидагиларга нисбатан қўлланилади:

● жисмоний шахслар (СК 30-м.);

● якка тартибдаги тадбиркорлар (СК 31-м.);

● юридик шахслар (СК 32-м.);

● чет эл юридик шахсининг доимий муассасаси (СК 36-м.);

● мансабдор шахслар (МЖТК ­15-м.);

● хизматчилар (ЖК Махсус қисми 8-бўлими).

 

Санкциялар қандай тартибда қўлланилади

Санкциялар қуйидаги кетма-кетликда қўлланилиши мумкин:

1) фақат молиявий санкциялар. Масалан, ҚҚСнинг солиқ тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйишнинг белгиланган тартиби солиқ тўловчи томонидан бузилганда, – солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳисобга қўйиш санасидан ҳақиқатда ҳисобга қўйилган санагача бўлган даврда олган даромадининг 5%и миқдорида, лекин 5 млн сўмдан кам бўлмаган миқдорда жарима солинади (СК 219-м.);

2) фақат маъмурий санкциялар. Масалан, солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини (СТИР) қўлланиш тартибини бузиш – фуқароларга 1 БҲМдан 3 БҲМгача, мансабдор шахсларга эса – 3 БҲМдан 7 БҲМгача* миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТК 175-3-м.);

3) фақат жиноий санкциялар. Масалан, cохта тадбиркорлик, яъни уставида кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш мақсадини кўзламасдан ссудалар, кредитлар олиш, фойдани (даромадни) солиқлардан озод қилиш (солиқларни камайтириш) ёки бошқача мулкий манфаат кўриш мақсадида корхоналар ва бошқа тадбиркорлик ташкилотлари тузиш, – 100 БҲМдан 200 БҲМгача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖК 179-м.);

4) маъмурий ёки жиноий санкциялар. Масалан, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш учун фақат маъмурий ёки фақат жиноий санкциялар назарда тутилган. Давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркор томонидан олинган даромад миқдорига қараб жазо белгиланади. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун маъмурий санкциялар жарима қўринишида қуйидаги тартибда қўлланилади:

● ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, 5 БҲМдан 7 БҲМгача миқдорда жарима (даромад белгиланмаган тақдирда);

● ҳуқуқбузарликни анча миқдордаги назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда содир этишда ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, 7 БҲМдан 10 БҲМгача миқдорда жарима;

● ҳуқуқбузарликни кўп миқдордаги назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда содир этишда ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, 10 БҲМдан 50 БҲМгача миқдорда жарима (МЖТК 176-м.).

Назорат қилинмайдиган даромадни оширишни давом эттириш жиноий жавобгарликка тортилишга олиб келади: 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 300 БҲМдан 600 БҲМгача миқдорда жарима ёки 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖК 188-м.).

Бунда биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаган ва зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирган бўлса, ҳуқуқбузарлик нарсаларини мусодара қилмасдан жавобгарликдан озод этилади (МЖТК 176-м., ЖК 188-м.).

Айрим ҳолатларда бундай хатти-ҳаракатлар учун маъмурий жазо чоралари қўлланилганидан кейингина жиноий санкциялар қўлланилади (ЖК 192-3-м.);

5) молиявий ва маъмурий санкциялар. Масалан, солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик ушбу солиқ ҳисоботи асосида тўланиши (қўшимча тўланиши) лозим бўлган солиқ суммасини белгиланган муддатда тўланмаган ҳар бир кечиктирилган кун учун 1% миқдорида, лекин кўрсатилган сумманинг 10%идан ортиқ бўлмаган миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Молиявий санкция билан бир вақтда 1 БҲМдан 3 БҲМгача миқдорда маъмурий санкция қўлланилади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – 3 БҲМдан 10 БҲМгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (СК 220-м.; МЖТК 175-м.);

6) молиявий, маъмурий ёки жиноий санкциялар (маъмурий санкция қўлланилганидан кейин). Масалан, солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) учун молиявий, маъмурий ва жиноий санкциялар қўлланилиши мумкин.

Солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) – яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ базаси суммасининг 20%и миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (СК 223-м.).

Қасддан содир этилган ҳолатлар аниқланган тақдирда молиявий санкциялар билан бирга маъмурий жазо чоралари ҳам қўлланилади. Солиқ олинадиган объектларни қасддан яшириш (камайтириб кўрсатиш) – фуқароларга 3 БҲМдан 5 БҲМгача, мансабдор шахсларга эса – 5 БҲМдан 7 БҲМгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик анча миқдорда содир этилган бўлса, – фуқароларга 5 БҲМдан 10 БҲМгача миқдорда, мансабдор шахсларга эса – 10 БҲМдан 15 БҲМгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТК 174-м.).

Солиқ солинадиган объектларни қасддан яширишни анча миқдорда содир этиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин рўй берган бўлса, – 150 БҲМгача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Бунда биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича солиқ органининг қарорини олган кундан эътиборан 30 кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилинади (ЖК 184-м.);

Кўриб турганимиздек, санкциялар тури ва миқдори етказилган зарар миқдорига боғлиқ бўлади:

● анча миқдорда – 100 БҲМдан 300 БҲМгача;

● кўп миқдорда – 300 БҲМдан 500 БҲМгача;

жуда кўп миқдорда – 500 БҲМ ва ундан ортиқ (МЖТК 164-м. 7-қ.; ЖК Махсус қисми 8-бўлими).

Қуйидаги савол жуда кўп берилади: нима учун айнан бир шахсга нисбатан маъмурий ва жиноий санкциялар қўлланилади? Маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг жиноий қилмишлардан фарқи шундаки, уларнинг содир этилиши жамиятга анча миқдорда зарар етказмайди, уларда жиноятга доир қонун ҳужжатларида қайд этилган жамият учун хавф туғдирадиган аломатлар бўлмайди. Фарқлашда эса жамият учун хавфлилик даражаси асосий мезон ҳисобланади. Етказилган зарар миқдори қанчалик кўп бўлса, ушбу ҳуқуқбузарликни кўриб чиқишда Жиноят кодекси қўлланилиши эҳтимоли шунчалик юқори бўлади.

 

Жорилла АБДУЛЛАЕВ,

«Norma» МЧЖ етакчи эксперти.

*2021 йил 1 январь ҳолатига кўра базавий ҳисоблаш миқдори – БҲМ – 245 000 сўм.

Прочитано: 389 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика