Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 17 / Божхона

Эшиклар ҳамиша очиқ!

 

Божхона соҳасида янги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва амалиётга жорий қилинаётган интерактив хизматлар самарадорлиги уларнинг ташқи савдо иштирокчилари томонидан тўлақонли ўзлаштирилишига узвий боғлиқ. Бу эса тадбиркорлар билан тез-тез юзма-юз учрашиб, янгиликларни содда ва тушунарли тилда етказиш, очиқ мулоқотлар уюштиришни тақозо этади.

 

Давлат божхона хизмати органлари томонидан мазкур йўналишда сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина 2021 йилнинг 1-чорагида марказдан тортиб, энг чекка ҳудудларгача божхоначи ва тадбиркорларнинг 300 дан ортиқ сайёр учрашувлари, семинар ва турли очиқ мулоқотлари ташкил қилинган. Бу тадбирларда Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда давлат божхона хизмати органларида «Қоғозсиз ва электрон божхона»нинг мантиқий давоми бўлган «Рақамли божхона» тамойилини жорий қилиш, бунинг учун илғор замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлат божхона қўмитасида ўтказилган навбатдаги «Очиқ эшиклар куни»да турли вазирлик ва идораларнинг мутахассислари, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, божхона брокерлари ҳамда ҳудудий божхона бошқармалари студияларидан мулоқотга чиққан маҳаллий тадбиркорлик субъектлари видеоконференция тарзида фикр алмашдилар.

Божхона соҳасида сўнгги беш йилликнинг энг муҳим янгилиги 2 йил муқаддам божхона органлари фаолиятига жорий этилган «Хавфларни бошқариш» автоматлаштирилган ахборот тизими бўлди. Шу вақтга қадар божхонада товар ва транспорт воситалари ялпи божхона назоратидан ўтказилган бўлса, эндиликда мазкур тартиб бекор қилиниб, ушбу тизим кўмагида танлаб текшириш тамойили йўлга қўйилди. Содда қилиб айтганда, «яшил», «сариқ», «қизил» ва «кўк» йўлаклар жорий этилди.

Тизим фаолиятига назар солсак, ҳозирга қадар экспортда – 83,3%, импортда – 60,9% юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда. Кўриклар сони 1,2 мартага камайиб, самарадорлиги 1,5 баробарга ортди. Вақт сарфи экспортда – 1,7 ва импортда – 1,4 бараварга қисқарди.

2021 йилдаги энг муҳим янгилик эса божхона юк декларацияларини автоматик расмийлаштирув тизими йўлга қўйилиб, 1 223 та божхона юк декларацияси ўртача 3-4 дақиқада инсон омилисиз расмийлаштирилиши бўлди.

Божхона омборлари учун QR-кодли лицензиялар бериш йўлга қўйилди, товарлар ва транспорт воситаларини белгиланган жойлардан ташқарида ва (ёки) божхона органларининг иш вақтидан ­ташқари вақтда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун божхона йиғимларини ундиришда электрон шаклдаги ҳужжат – буюртма наряд таъсис этилди.

Очиқ мулоқотда божхона соҳасида ишлаб чиқилаётган янги ҳужжатлар лойиҳалари ҳам тадбиркорлар билан атрофлича муҳокама қилинди. Масалан, товарларни декларациялаш тартибида декларацияларни расмийлаштириш муддатларини қатъий чегаралаш таклиф этилмоқда. Бу муддат «яшил йўлак»да 3 соатдан, «сариқ йўлак»да эса 8 соатдан ошмаслиги лозим. Шунингдек, тадбиркорга декларациядаги хато ва камчиликларини ихтиёрий тузатиш учун 1 кунгача муддат берилиши назарда тутилмоқда.

Дастлабки, даврий ва тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияларини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасида эса товарларни чегара-божхона постининг ўзида расмийлаштириб, чегарадан тўғридан-тўғри ўз омборига етказиш имкони ҳам йўлга қўйилиши мумкин. Натижада товарларнинг божхона кузатуви амалиётига ҳожат қолмайди.

Очиқ мулоқотда тадбиркорларга «Ягона дарча» божхона ахборот тизимидаги янгиликлар атрофлича етказилди. 2020 йил 1 январдан ишга туширилган «Ягона дарча» божхона ахборот тизими 6 та органнинг 17 та сертификат ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларини олиш учун онлайн электрон мурожаат этиш ва ҳужжатларни рақамли форматда олиш имконини бермоқда. Жорий йилда эса яна 2 та назорат қилувчи идора тизимга интеграция қилинади ва умумий ҳисобда 39 турдаги рухсатнома ҳужжатларини олиш мумкин бўлади.

Рақамларга кўра, тизим жорий қилинганидан буён ҳозирга қадар  унда 34,4 мингдан ортиқ ТИФ қатнашчиси рўйхатдан ўтказилган ва ваколатли давлат органлари томонидан 700 мингдан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари расмийлаштирилган. Бу эса, табиийки, тадбиркорларнинг вақти, харажатлари ва тонналаб қоғознинг тежалишига хизмат қилмоқда.

 

Ҳусан ТАНГРИЕВ,
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати бош инспектори.

Прочитано: 318 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика