Тадбиркорлик субъектларига жорий этилаётган имтиёзлар уларнинг жадал фаолият олиб боришлари учун ҳар томонлама қулайлик яратмоқда. Эътиборлиси ушбу имтиёзлардан корхоналар янги иш ўринларининг яратилиши ҳамда истиқболли режаларни йўлга қўйиш учун унумли фойдаланишмоқда.
Сирдарё вилоятидаги бир кунда 4,2 тонна ип-калава маҳсулотини ишлаб чиқарувчи «BARAKA TEKS» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси имтиёз ва енгилликлардан самарали фойдаланаётган корхоналардан биридир. Фаолиятини 2011 йилда 65 нафар иш ўрни билан бошлаган мазкур корхонада бугунги кунда 250 нафардан ортиқ ишчилар меҳнат билан банд бўлишмоқда.
Карантин чекловлари корхона фаолиятига ҳам таъсир этмасдан қўймади. Лекин Президентимизнинг коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини пасайтиришга қаратилган фармонлари ҳамда чекловларни босқичма-босқич юмшатиш бўйича ташаббуслари ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини янада жонлантирди десак муболаға бўлмайди.
Корхона ўтган 2019 йилда 2,3 млн АҚШ доллари миқдорида, жорий йилнинг 4 ойи давомида 390 минг АҚШ долларига тенг қийматдаги маҳсулотларни Хитой, Туркия ва Россия каби давлатларига экспорт қилди. Ўз навбатида, ислоҳотларнинг ижобий самараси сифатида корхонанинг 2019 йилдаги соф фойдаси 2,4 млрд сўмни ташкил этганлигидан ҳам кўришимиз мумкин. Шу билан бирга корхона иқтисодчилари бу кўрсаткични бу йилда 3 млрд сўмдан оширишни мақсад қилишган.
– Ўз олдимизга нафақат корхона фойдасини балки юртимиз иқтисоди учун ўз ҳиссамизни қўшишни ҳам мақсад қилганмиз, – дейди корхона раҳбари Хурматилло Мадрахимов. – Давлат бюджетига 2019 йил ва жорий йилнинг бугунги кунига қадар қарийб 922,7 млн сўм солиқ ва бошқа тўловларни амалга оширганмиз, олган даромадимиз ҳам шунга яраша, бу йил ҳам ишлаб чиқариш суръатларини бир неча баробарга оширишни режа қилганмиз.
Қайд этиб ўтиш керакки, тадбиркорларга ўз ўрнида берилган имтиёз ва енгилликлар, янги корхоналарнинг барпо бўлишига, иш ўринларининг яратилишига, ишлаб чиқариш суръатлари янада жадаллашишига, иқтисодиётимизни ривожланишига хизмат қилади.
Сирдарё вилояти солиқ ва божхона бошқармалари Ахборот хизматлари.