Ёз яқинлашиши билан серҳосил турли хил бир-биридан мазали меваларимиз дастурхонлар кўркини, бозор расталарининг олд қисмини эгаллай бошлайди.
Заҳматкаш деҳқонларимиз томонидан етиштирилган ушбу меваларимиз нафақат ички бозорларимиз балки ташқи бозорларда ҳам ўз харидорларига эгадир.
Серқуёш ўлкамизда етиштирилган сархил мева-сабзавотларни экспорт қилиш мавсуми аллақачон бошланган. Бирин-кетин пишиб етилаётган маҳсулотлар жаҳон бозорларига йўл олмоқда.
Айни пайтда гилос экспорти ўзининг қизғин палласида. Жорий йилнинг 27 май ҳолатига кўра, Самарқанд вилоятида жами 102 тонна, қиймати 195 минг АҚШ долларлик гилос экспорт қилинди.
Ушбу мавсумда Россия Федерацияси ва қўшни Қозоғистон ўзбек гилосининг асосий харидори эканлигини таъкидлаб ўтиш мумкин. Шунингдек, экспортёрлар томонидан Беларусь, БАА, Польша, Хитой, Жанубий Корея, Туркманистон, Таиланд каби давлатларга ҳам ушбу маҳсулот экспорти йўлга қўйилган.
Айни дамда Самарқанд вилоятида рўйхатдан ўтган экспортёрлар томонидан гилос экспорти операциялари давом этмоқда.
Бунда эса вилоят божхона ходимлари томонидан ҳозирги шароитдаги карантин талабларига риоя этилган ҳолда, товарларни экспортга расмийлаштириш жараёни соддалаштирилган тартибда, тез фурсатларда амалга оширилмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.