Апрель ойида биз кўргазмада иштирок этиб, у ерда дори препаратларининг намуналарини тарқатмоқчимиз. Уларнинг ўрамларида Sample, Free (намуналар, бепул) деб ёзилган бўлади. Ҳозирги вақтда биз ҳажми жиҳатидан намуналардан фарқ қилувчи шундай дори воситаларини сотишни бошлаганмиз.
Дори намуналарини қонун доирасида қандай қилиб олиб кириш ва тарқатиш мумкин? Бу борада қандай буйруқлар, қарорлар бор? Қандай талабларга жавоб беришимиз лозим?
– Божхона кодексининг 13-моддасига биноан товарлар бўлиб ҳисобланган дори препаратларини (намуналарини) эркин муомалага чиқариш фақат уларни «Эркин муомалага чиқариш» (импорт) божхона режимига расмийлаштириш орқали амалга оширилиши мумкин. Бу шундай режимки, унда божхона ҳудудига олиб кирилган товар уни ушбу ҳудуддан қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз шу ерда эркин муомалада қолади (БКнинг 55-моддаси).
Божхона тўловлари тўланган ва иқтисодий сиёсат чораларига риоя этилган тақдирда товар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилади ва божхона ҳудудида эркин муомалада турган товар мақомини олади (БКнинг 56-моддаси).
«Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида олиб кириладиган товарларни божхонада расмийлаштиришда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур (Рўйхат, ВМнинг 20.07.2015 йилдаги қарори билан тасдиқланган):
● божхона юк декларациясини, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ҳоллари бундан мустасно;
● транспорт ҳужжатлари, ўров варағи бундан мустасно;
● товарларнинг келиб чиқиши сертификати (манфаатдор шахснинг хоҳиши бўйича ва унинг зарурлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда).
Маълумот учун. Товарлар уларнинг кузатув ҳужжатларидан фойдаланилган ҳолда юридик шахслар учун ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар учун қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача бўлган товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда декларацияланади, товарлар ташқи савдо контрактлари (шартномалари, келишувлари) бўйича мажбуриятларни бажариш доирасида олиб ўтилаётган ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳоллар бундан мустасно (БКнинг 260-моддаси).
Эслатиб ўтиш жоизки, фармацевтика маҳсулотларини (ТИФ ТНнинг 30 гуруҳи) ва тиббий мақсадлар учун мўлжалланган маҳсулотларни (ТИФ ТНнинг 9018 товар позицияси) келгусида реализация қилиш учун «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида олиб кирувчи ташкилотлар уларни БЮДда декларациялашда мажбурий тартибда савдо номларини, халқаро патентланмаган номларини, моделларини, техник тавсифларини, дори-дармонларни чиқариш шаклларини, дозасини, ишлаб чиқарувчисини ва ишлаб чиқарилган давлатни кўрсатадилар. Бунда, агар битта БЮДда юқорида кўрсатилган параметрлардан, ҳаттоки биттаси бўйича фарқ қилувчи товарлар расмийлаштирилаётган бўлса, у ҳолда улар турли хил товарлар сифатида алоҳида декларацияланади (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 8-банди 2-хатбошиси).
Мурожаатингизга қараганда, сизни дори препаратларининг намуналарини олиб киришда имтиёзларга тааллуқли масалалар қизиқтиради. Ушбу тоифадаги товарлар бўйича алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Бироқ барча товарлар учун имтиёзли шартларда олиб келишнинг қоидалари бор.
Божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар ҳақида
Ташқи савдо сиёсатини амалга ошираётганда илгари тўланган божхона божини қайтариш, божхона божи ставкасини пасайтириш ва божхона божини тўлашдан озод этиш тарзида тариф имтиёзлари берилишига йўл қўйилади. Божхона божидан озод этиш тарзидаги тариф имтиёзлари бериладиган товарларнинг рўйхати БКнинг 297-моддасида келтирилган. Унда дори препаратлари мавжуд эмас.
Тариф преференциялари божхона божларини тўлашдан озод этиш, улар ставкаларини камайтириш ёки муайян давлатларда ишлаб чиқарилган товарларни божхона ҳудудига преференциал олиб киришда квоталар белгилаш тарзида берилади (БКнинг 300-моддаси).
Эркин савдо ҳудудини ташкил этиш тўғрисидаги келишувга биноан ЎзР билан эркин савдо ҳудудини ташкил этган давлатларда ишлаб чиқарилган ва уларнинг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга нисбатан божхона божлари қўлланилмайди (Рўйхат, АВ томонидан 8.04.1998 йилда 429-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Бож тарифи билан белгиланган ставкалар миқдоридаги божхона божлари ЎзР савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режимини қўллаётган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан, товарни жўнатувчи ва экспорт қилувчи мамлакатдан қатъи назар қўлланилади. Божхона органига товарнинг келиб чиқиши тўғрисида белгиланган намунадаги сертификатни тақдим этган ҳолда ушбу преференцияларни олиш мумкиндир.
Савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёхуд ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан божхона божларининг ставкалари икки баравар оширилади (БКнинг 300-моддаси).
Маълумот учун. Юридик шахслар томонидан олиб кириладиган, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараварини ва ундан кам миқдорни ташкил этадиган товарлар божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимларини тўлашдан озод этилади (БК 299-моддасининг 8-банди).
Гулнора АБДУНАЗАРОВА,
махсус мухбиримиз.