Солиқ кодексида белгиланган қарорлар устидан шикоят бериш тартиби фақат солиқ органларининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатларига тааллуқли эканлиги ушбу Кодексда илк бор аниқлаштирилган. Солиқ тўловчи қандай қарорлар устидан шикоят бериши мумкинлиги ва буни қандай қилиб тўғри амалга ошириш ҳақида адвокат, «Norma» МЧЖнинг юридик масалалар бўйича эксперти Элеонора МАЗУРОВА сўзлаб берди.
Норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжат – бу солиқ органларининг бир ёки бир нечта солиқ тўловчиларга қаратилган, муайян ҳаракатларни содир этишга ундовчи кўрсатмаси мавжуд бўлган ҳужжатлар ҳисобланади (талабнома, қарор, далолатнома ва бошқалар) (СК 230-м. 2-қ.).
Солиқ тўловчининг инсофлилиги ва айбсизлиги презумпциясини белгилаган янги таҳрирдаги СК амалга киритилгандан кейин (СК 13 м., 212-м. 6-қ.) сайёр солиқ текшируви ва аудити натижалари устидан шикоят бериш ҳоллари қўпайиши мумкин.
Судлар шикоят ва даъво аризаларига «кўмилиб кетмасликлари» учун солиқ органларининг қарорлари устидан судгача шикоят қилиш мажбуриятини белгиловчи норма жорий этилди (СК 231-м. 4-қ.). Бу судга боришдан олдин, солиқ тўловчи низоли қарор устидан юқори турувчи солиқ органига шикоят бериши лозимлигини билдиради. Ва фақат у кўриб чиқилгандан кейин солиқ тўловчи судга мурожаат қилишга ҳақли. Бундай тартиб Европа форматига яқинлаштирилган.
Янги нормада, ҳар қандай янгиликда бўлгани каби, ҳам ижобий, ҳам салбий жиҳатлари мавжуд.
Ижобий жиҳатлари:
● судларга юкламанинг камайиши, сабаби судга солиқ тўловчилардан келиб тушадиган аризалар сони камаяди;
● солиққа оид низоларнинг аксарияти суддан ташқари тартибда кўриб чиқилади. Ва фақат низо келишув йўли билан ҳал қилинмаган тақдирда у судга узатилади;
● судлар келиб тушган ишлар устида анча самарали ишлай бошлайди;
● юқори турувчи солиқ органлари шикоятларни тезкор тарзда кўриб чиқади, деган умид бор.
Салбий жиҳатлари:
● шаклланган амалиётга кўра, солиқ тўловчилар юқори турувчи солиқ органининг холис бўлиши даргумон, у кўпроқ солиқ тўловчини ёнини олишдан кўра «идоравий бирдамлик» тамойили сабаб солиқ инспекциясига ён босади, деб ҳисоблашади.
Шунингдек, илгаригидек, солиққа оид жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор у солиқ тўловчига берилган пайтдан эътиборан бир ой ўтгач кучга киради. Шикоят бериш учун айнан шундай муддат белгиланган (СК 232-м.).
У юқори турувчи солиқ органи томонидан кўриб чиқилганидан кейин солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят бериш мумкин. СК судга шикоят бериш учун муддат белгиламайди, шу боис асосийси, даъво қилиш муддати ўтказиб юборилмаса бўлди (СК 88-м.).
Юқори турувчи солиқ органи шикоятни олган кундан бошлаб бир ой ичида қарор қабул қилиши шарт. Ушбу муддат зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотни олиш учун 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин (СК 235-м. 8-қ.).
Шикоятнинг ўзи эса низоли қарор чиқарган солиқ органига юборилади ва айнан шу орган уни юқори турувчи инстанцияга жўнатади (СК 232-м. 1-қ.).
Шу боис, текширув ва аудит натижалари бўйича қарор устидан шикоят берилган ҳолатда, солиқ тўловчидан шикоятни олган ҳолда инспекция унинг қарори қонуний кучга кирмаганидан бохабар бўлади ва шикоят берилган қарор бўйича солиқ, пеня ёки жарима тўлаш юзасидан талабномалар тақдим этмайди.
Шикоят бериш таомилидаги барча ўзгаришлар ҳақида жадвал орқали билиб олишингиз мумкин.
Солиқ органлари қарорлари устидан шикоят бериш таомили ва муддатлари қандай ўзгарди
Аввал |
Ҳозир |
Солиқ органининг ҳар қандай қарори ёки ҳужжати устидан юқори турувчи солиқ органи ёки судга шикоят бериш мумкин бўлган. Юқори турувчи солиқ органига шикоят бериш судга худди шундай шикоят беришни истисно этмаган |
СКда назарда тутилган қарорлар устидан шикоят бериш тартиби фақат солиқ органларининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатларига тааллуқли эканлиги аниқлаштирилган. Фақат солиқ тўловчи ҳуқуқларини бузса, улар устидан юқори турувчи солиқ органи ёки судга шикоят бериш мумкин (СК 230-м.)
|
Ғайриқонуний тарзда қўшимча солиқлар ҳисобланган ва жарималар ундирилган тақдирда солиқ органига нисбатан пеня қўлланилмаган
|
Сайёр солиқ текшируви ёки солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарор бекор қилинган тақдирда, ғайриқонуний тарзда ундирилган солиқлар ва жарималар суммаси фоизларни – пеняни инобатга олган ҳолда қайтарилади (СК 230-м.)
|
Қарор устидан шикоят бир вақтда юқори турувчи солиқ органи ва судга берилиши мумкин бўлган
|
Энди солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиш фақат юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганидан кейингина мумкин бўлади. ЎзР Давлат солиқ қўмитаси қарорлари устидан шикоят бир йўла судга берилади (СК 231-м.) |
Берилган шикоятни чақириб олиш имконияти назарда тутилмаган эди
|
Энди шикоятни тўлиқ ёки унинг қайсидир қисмини чақириб олиш мумкин. Бироқ. шикоятни чақириб олиш солиқ тўловачини ўша асосларда шикоят билан такроран мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилади (СК 231-м.) |
Шикоят бир йўла юқори турувчи солиқ органига берилган
|
Солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан шикоят юқори турувчи солиқ органига қарорлари устидан шикоят қилинаётган солиқ органи орқали берилади (СК 232-м.) |
Шикоят шахс ўз ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан 30 кун ичида берилиши мумкин бўлган
|
Шикоят юқори турувчи солиқ органига шахс ўз ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин (СК 232-м.) |
Шикоят бериш муддатини узайтириш тартиби назарда тутилмаган эди
|
Энди муддат узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, у юқори турувчи солиқ органи томонидан тикланиши мумкин (СК 232-м.)
|
Шикоят ёзма шаклда берилган
|
Ёзма ёки электрон шаклда юборилиши мумкин (СК 233-м.) |
Шикоят берган шахс уни кўриб чиқиш чоғида эшитилмаган
|
Шикоятни кўриб чиқиш чоғида солиқ органи ўз ташаббусига кўра ёки мурожаат қилувчининг илтимосига кўра шикоятни эшитишни ташкил этиши мумкин (СК 235-м.) |
Шикоятни кўриб чиқиш якунлари бўйича юқори турувчи солиқ органи: ● шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришга; ● устидан шикоят берилган қарорни бекор қилиш ёки ўзгартиришга; ● моҳияти бўйича қарор чиқаришга ҳақли бўлган
|
Юқори турувчи солиқ органининг ваколатлари кенгайтирилди. Шикоятни кўриб чиқиш якунлари бўйича у: ● шикоятни қаноатлантирмасдан қолдириши; ● солиқ органининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатини бекор қилиши; ● солиқ органининг қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилиши; ● солиқ органининг қарорини тўлиқ бекор қилиши ва иш юзасидан янги қарор қабул қилиши; ● солиқ органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) ноқонуний деб эътироф этиши ва ишнинг моҳияти бўйича қарор чиқариши мумкин (СК 235-м.) |
Шикоят бериш доирасида тақдим этилган барча қўшимча ҳужжатлар чекловларсиз кўриб чиқилган
|
Энди, шахс шикоятни кўриб чиқиш чоғида қўшимча ҳужжатларни тақдим этса, у нима учун ушбу ҳужжатлар текширув ёки аудит ўтказиш чоғида ўз вақтида тақдим этилмаганлиги юзасидан узрли сабабларни кўрсатиши лозим (СК 235-м.) |
Текширувлар натижалари бўйича қарор қабул қилиш таомилини бузиш қарорни бекор қилиш учун асос бўлмаган
|
Энди қарор қабул қилишда солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш таомилини бузиш қарорни бекор қилиш учун асос ҳисобланади (СК 235-м.) |