Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхона дастлаб битта маҳсулот ишлаб чиқарган. Айни пайтда фаолият турини ўзгартириб, умуман бошқа маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаган. Аввалги маҳсулотни ишлаб чиқаришда фойдаланилган ускуна ҳозир ишлатилмаяпти, консервация ҳам қилинмаган. Ускуна бўйича эскириш ҳисобланади.
Ишлаб чиқаришда фойдаланилмайдиган асосий воситаларнинг эскириши чегириб ташланадими?
– Фойда солиғини ҳисоблашда ускуна бўйича амортизация суммаси чекланган нормалар доирасида солиқ солинадиган базадан чегирилади.
Фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда ушбу шахсларнинг жами даромадидан даромад олиш билан боғлиқ барча харажатлар чегириб ташланади. Асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар даромад олиш билан боғлиқ харажатлар деб эътироф этилади. Асосланган харажатлар деганда баҳоси пул шаклида ифодаланган, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар тушунилади.
Ҳар қандай чиқимлар, башарти улар ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бирига мувофиқ келган тақдирда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар деб эътироф этилади:
1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;
2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;
3) қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса (СК 305-м.).
5-сон БҲМС «Асосий воситалар»да (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосий воситаларни фойдали ишлатиш муддати давомида амортизация ажратмаларини ҳисоблаш тўхтатилмайди деб белгиланган, асосий воситалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервациялашга ўтказилган ҳолатлар, шунингдек уларни буткул тўхтатиш шарти билан объектни қуриб битказиш, тўлиқ жиҳозлаш, қайта қуриш, замонавийлаштириш, техник қайта қуроллантириш даври бундан мустасно.
Асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш ҳисобот давридаги корхона фаолияти натижаларидан қатъи назар амалга оширилади ва у дахлдор бўлган ҳисобот давридаги бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади (5-сон БҲМСнинг 33-банди). Бинобарин, қонун ҳужжатлари, айнан 5-сон БҲМС қоидаларидан келиб чиққан ҳолда ускунадан фойдаланиш тўхтатиб турилган пайтда амортизация ҳисобланади.
Бунда қонун ҳужжатларида баён этилган қуйидаги бошқа қоидалар ҳам мавжуд: 3 ой мобайнида АВдан ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланишга зарурат бўлмаганда, ундан фойдаланишга ёки янги мулкдорга сотишга эҳтиёж юзага келгунга қадар, бироқ 24 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга консервацияга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади. АВни консервация қилиш ва фойдаланишни қайтадан бошлаш тартиби Фойдаланилмаётган асосий воситаларни, қурилиши тугалланмаган объектларни консервация қилиш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 16.09.2003 йилдаги 401-сон қарори билан тасдиқланган) белгиланган.
Барча ҳужжатлар лозим даражада расмийлаштирилган ва 401-сон Низомда белгиланган тартибга риоя этилган бўлса, корхона 5-сон БҲМСнинг 32 ва 35-бандларига асосан консервацияга ўтказилган техник ускунага амортизацияни ҳисобламасликка ҳақлидир.
Эксперт фикри
Ускуна фойдаланилмаётган дастлабки 3 ой давомида амортизация харажатлари иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган, асосланган харажатлар ҳисобланади ва СКнинг 306-моддасида белгиланган амортизациянинг чекланган нормалари бўйича чегирилиши лозим.
Ускунани консервация қилмаган бўлсангиз, 4-ойдан бошлаб амортизация харажатлари иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган, асосланган харажатлар ҳисобланмайди ва фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайди.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.