Хитойдан ускуна импорт қиламиз. Импорт қилиш чоғида ҚҚС бўйича имтиёздан фойдаланамиз (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Тегишинча, божхонада ҚҚС тўламаганмиз. Таннархни шакллантириб, маҳсулотларни Ўзбекистон ҳудудида харидорларга реализация қиламиз.
Корхона олиб киришда ҚҚС бўйича имтиёз тақдим этилган ускунада тайёрланган маҳсулотларни ҚҚС билан реализация қилиши лозимми? Товарлар импорт қилиш чоғида ҚҚСсиз божхонадан ўтказилган бўлса, уларни ҚҚС билан сотиш керакми?
– Импорт қилиш чоғида ҚҚС тўлашдан озод этилган товарлар, шунингдек импорт қилишда божхонада ҚҚСсиз расмийлаштирилган ускунада ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилишни белгилаш учун ушбу товарлар ва маҳсулотлар ҚҚСдан озод этилган айланмаларга кириш-кирмаслигини аниқлаштириб олиш лозим.
Реализация қилишда ҚҚС тўлашдан озод этилган товарлар (хизматлар) СКнинг 243-246-моддаларида ва бошқа норматив ҳужжатларда санаб ўтилган. Ушбу ҳужжатларда маҳсулотингиз ва товарларингиз келтирилмаган бўлса, импорт қилиш чоғида ҚҚС бўйича имтиёзлар қўлланилган-қўлланилмаганлигидан қатъи назар, уларни ҚҚС билан реализация қилишингиз шарт.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.