Янги таҳрирдаги Солиқ кодексини ўрганиш жараёнида 317-модданинг 20 ва 21-бандлари бўйича саволлар юзага келди.
Ушбу бандларни мисолларда тушунтириб берсангиз.
– Фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатлар жумласига қуйидагилар киради:
● сотиб олишга, ишлаб чиқаришга, қурилишга, монтаж қилишга, ўрнатишга доир ва амортизация қилинадиган активларнинг қийматига қўшиладиган бошқа харажатлар, шу жумладан қўшимча қуриш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳолларида амалга ошириладиган, амортизация чегирмалари воситасидаги харажатлар жумласига киритиладиган харажатлар;
● солиқ тўловчининг амортизация қилинмайдиган мол-мулкнинг бошланғич қийматига бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ киритиладиган харажатлари (СК 317-м. 20, 21-м.).
Сотиб олиш, ишлаб чиқариш, қуриш, монтаж қилиш, ўрнатиш ва амортизацияланадиган активларнинг қийматига киритиладиган бошқа харажатлар 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»га (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ аниқланади.
Асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган бошланғич қийматини ўзгартиришга тегишли асосий воситалар қуриб битказилган, қўшимча жиҳозланган, реконструкция қилинган, замонавийлаштирилган, техник қайта қуроллантирилган, қисман тугатилган ва улар қайта баҳоланган ҳолатларда йўл қўйилади (5-сон БҲМСнинг 21-банди).
Амортизацияланмайдиган мол-мулкнинг таннархига (бошланғич қийматига) киритиладиган харажатлар, қоидага кўра, амортизацияланмайдиган ТМЗ ва асосий воситаларни харид қилишга доир харажатлардир (СК 306-м. 2-қ.; 5-сон БҲМСнинг 35-банди). Мол-мулкнинг таннархига (бошланғич қийматига) киритиладиган харажатлар 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»да (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган.
Нега Солиқ кодексида бундай харажатлар чегирилмайдиган харажатлар деб белгиланган?
Солиқ тўловчининг олган фойдаси фойда солиғи бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланади. Жами даромад ва харажатлар ўртасидаги фарқ юридик шахснинг фойдаси ҳисобланади (СК 295-м.):
жами даромад – чегириладиган харажатлар = солиқ солинадиган фойда.
Мол-мулк қийматига киритиладиган харажатлар улар амалга ошириладиган пайтда чегириладиган харажатлар деб эътироф этилмайди, бироқ СК 305-моддасида белгиланган чегириш мезонларига риоя этган ҳолда кейинчалик мол-мулк бўйича амортизация ажратмалари воситасида чегириб борилади ёки мол-мулкни (ТМЗ ва амортизацияланмайдиган АВни) ҳисобдан чиқариш чоғида бирйўла чегирилади.