Ломбард тилла буюмларни гаровга олиб кредитлар беради. Солиқ солинадиган айланма 20%ни, солиқ солинмайдиган айланма 80%ни ташкил этади.
Солиқ солинадиган ва солинмайдиган айланма мавжуд бўлиб, ҳисобга олишнинг мутаносиб усулидан фойдаланганимизда, ҚҚС ажратиб кўрсатилган сотиб олинган товарлар, ишлар, хизматлар ҳисобварақ-фактураларида уларнинг суммасини ҳисобга олишимиз мумкинми?
– Ҳа, бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини аниқлашда, солиқ тўловчи ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш орқали ҚҚСнинг умумий суммасини камайтиришга ҳақли бўлади (СК 266-м.).
Солиқ тўловчи солиқ солинадиган ва солиқ солишдан озод этиладиган айланмаларни амалга оширса, солиқ солинадиган айланмага тўғри келадиган ҚҚС суммаси ҳисобга олиш учун қабул қилинади. Ҳисобга ўтказилиши лозим бўлган солиқ суммаси солиқ тўловчининг танловига кўра алоҳида-алоҳида усулда ва (ёки) мутаносиб усулда аниқланади. Мутаносиб усул бўйича солиқ тўловчи томонидан ҳисобга олиш учун қабул қилинадиган солиқ суммаси солиқ солинадиган айланма суммасининг товарларни (хизматларни) реализация қилиш (солиқни ҳисобга олмасдан) бўйича айланманинг умумий суммасидаги жорий календарь йил ичида ўсиб борувчи якун билан аниқланадиган солиштирма миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Мутаносиб усулдан фойдаланиш чоғида ҳисобга олиш учун қабул қилинмаган ҚҚС фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириб ташланадиган харажатлар таркибида ҳисобга олинади (СК 268-м.).