Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 36 / Кадрлар бўлими

Маошни аванссиз олса бўладими?

 

Корхонада иш ҳақини ойда бир марта олишга рози бўлган ходимлар бор, бу ҳақда уларнинг аризалари мавжуд. Маошни аванссиз бериш ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайдими?

Вазиятни «Normа» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:

 

- Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Бундан ташқари, жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкин.

Ходимларнинг айрим тоифалари учун фақат алоҳида ҳолларда Ҳукумат томонидан иш ҳақи тўлашнинг бошқа муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин (МК 161-м.).

Меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартлари ҳақиқий эмас (МК 5-м.). Шу тариқа, ҳатто буни ходимнинг ўзи истаган тақдирда ҳам, иш ҳақини ойда бир марта тўлаш мумкин эмас, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, иш берувчи ва ходим ўртасида иш ҳақини ойда бир марта тўлаш тўғрисидаги келишув ходимнинг аҳволини МКнинг ­161-моддасига қараганда ёмонлаштиради, бинобарин, ҳақиқий эмас ҳисобланади.

Иккинчидан, ўша МКнинг 161-моддасида аниқ, ҳеч бир шартларсиз, иш берувчининг ходимлар меҳнатига ҳар ярим ойда ҳақ тўлаш мажбурияти белгиланган. Шу боис ҳам иш ҳақини ушбу даврийликдан кечиктириб бериш кўрсатилган модда нормасини бузади.

 

МКда иш ҳақини бир ойда энг камида қанча марта тўлаш мумкинлиги белгиланган (2 мартадан кам эмас) бўлиб, лекин унинг кўплиги бўйича чеклов қўйилмаган. Яъни меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари бир ойда икки мартадан кўп бўлиши мумкин (масалан, ҳафтада бир марта, 10 кунда бир марта ва ҳ.к.).

 

Ҳатто жамоа шартномасида ёки ташкилотнинг бошқа локал норматив ҳужжатида меҳнатга ҳақ тўлаш ойда бир марта амалга оширилиши кўрсатилган тақдирда ҳам, ушбу шарт ҳақиқий эмас ҳисобланади, сабаби МКнинг 5 ва 161-моддаларига зид.

Шу тариқа, иш ҳақини ойига камида икки марта тўлаш иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади, у буни ходимнинг иш ҳақини ойда бир марта олишга розилиги ва шу каби аризаси мавжудлигидан қатъи назар бажариши керак.

 

Агар ходим аванс ололмаган бўлса-чи?

Иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган муддатларда тўлаши шарт (МК ­154-м.). Бундан ташқари, Ҳукуматнинг қарорлари билан (17.11.1999 йилдаги 504-сон; 19.03.2002 йилдаги 88-сон) хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларига иш ҳақининг ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсий жавобгарлик юклатилган.

Агар ходим иш берувчининг айбисиз авансни нақд шаклда ўз вақтида ололмаган (масалан, хасталаниб қолган) бўлса, ушбу сумма банкка топширилади, шундан кейин ойнинг иккинчи ярми учун иш ҳақи билан биргаликда тўланади.

 

Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатларини бузиш иш берувчи учун нимага сабаб бўлади?

Иш ҳақини ойда икки марта тўлаш ўрнига бир марта тўлаганлик учун ташкилотнинг мансабдор шахсини БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солган ҳолда маъмурий жавобгарликка тортишлари мумкин. Ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса – жарима энди БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригачани ташкил этади (МЖтК 49-м.).

Прочитано: 578 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика