Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 36 / Кадрлар бўлими

Янги кодекс қўшимча қонуности ҳужжатлари қабул қилишни талаб қилмайди

 

Меҳнат бозорида юзага келаётган ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тизимида аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, меҳнат низоларининг юзага келмаслигига эришиш кўп жиҳатдан бу борадаги қонунчиликни такомиллаштиришга боғлиқ.

 

Мамлакатимизда ушбу муносабатлар Меҳнат кодекси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг тегишли конвенция ва тавсияларига асосланади.

Рақамларга эътибор қаратиладиган бўлса, Ўзбекистон меҳнат бозорида сўнгги йилларда бир қатор жиддий ўзгаришлар амалга оширилганини кўриш мумкин. Хусусан, иш билан банд бўлганлар сони 8,8 млн дан 13,5 млн га етди. Иш берувчилар сони 4,5 баробарга ошди. Бу эса иш берувчи ва ходимларнинг ўзаро муносабатлари фаол ривожланиш талабларини ҳисобга олган ҳолда меҳнат муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириб боришни талаб этади.

Қайд этилишича, шу кунгача иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатлар 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси билан тартибга солиб келинмоқда. Мазкур Кодекс замонавий воқеликка мос келмайди. Бугунги жадал ривожланиш даврида қонун билан тартибга солинмаётган масалалар яққол кўзга ташланиб қолмоқда. Иш берувчилар, хусусан қўшимча одамларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берувчи мослашувчан иш режимларидан кенг фойдаланиш учун етарли шарт-шароитлар акс этмаган.

Шу билан бирга, бугунги кунда маҳсулот, товарлар ва хизматлар учун мавсумий талаб ошиб бормоқда. Бу эса янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини қабул қилиш заруратини туғдирмоқда.

Парламент қуйи палатаси, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди. Ушбу лойиҳа тузилиши жиҳатдан 2 қисм, 34 боб ва 621 моддадан иборат бўлиб, йиғилишда уни қабул қилиш учун асослар ва ундан кутилаётган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, лойиҳа мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгиламоқда.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тай­ёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби нормаларни ўз ичига олади.

Меҳнат кодексининг янги таҳрирда қабул қилиниши бир қатор имкониятларни юзага чиқариши ҳам қайд этилди.

– Янги таҳрирдаги кодекс қўшимча қонуности ҳужжатлари қабул қилишни талаб қилмайди ва тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжатга айланмоқда, – дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Одил Тожиев. – Ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги якка тартибдаги ва улар билан боғлиқ бўлган меҳнат муносабатларини тартибга солмоқда. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг амал қилиш доирасини ва қўлланилмайдиган соҳаларини аниқ белгилайди. Меҳнат шартномасини тузиш билан боғлиқ айрим муносабатлар такомиллаштирилмоқда. Жумладан, ишга қабул қилишга йўл қўйиладиган ёшга аниқлик киритилмоқда. Ишга қабул қилишда дастлабки синов белгиланмайдиган шахс тоифалари кенгайтирилмоқда.

Ҳужжатда мамлакат ёки минтақада фавқулодда ҳолат ёки карантин чоралари эълон қилинганда ходимнинг розилигисиз меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиш шартлари белгиланмоқда. Мутлақо янги механизм – меҳнат шартномасини кучдан қолдириш (аннулирование) киритилмоқда.

Шунингдек, ушбу ҳужжат фуқароларнинг меҳнат фаолиятига жалб қилинишининг янги шаклларини фаол ривожлантиришни тартибга солиш, Меҳнат кодекси қоидаларини халқаро ҳуқуқ нормаларига, жумладан, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларга мослаш имконини беради.

Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида Франция, Германия, Швеция, Япония, Жанубий Корея, Россия, Беларусь, Озарбайжон ва Молдова каби давлатларнинг меҳнат қонунчилиги ўрганилган.

Якунда қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси муҳокамасига киритиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинди.

ЎзА материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 308 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика