Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 36 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.


Балиқчилик хўжаликларига солиқ юки пасайтирилди

 

Президентнинг «Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (29.08.2020 йилдаги ПҚ-4816-сон) қабул қилинди. 

 

Ҳужжат билан солиқ солишнинг қуйидаги тартиби жорий этилмоқда:

  • 2020 йилдан бошлаб сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган балиқчилик хўжаликларига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ сув объектидан олинган ва қайтариб чиқарилган сув ҳажми ўртасидаги фарқидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун белгиланган ставкаларда ҳисобланади;
  • коллектор-дренаж сувларидан олиб фойдаланилган сув ресурслари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди;
  • балиқчилик хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш учун фойдаланилган сувнинг ҳажми ҳақиқатда истеъмол қилинган ҳажмдан келиб чиққан ҳолда Сув хўжалиги вазирлиги таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан аниқланади;
  • фойдаланилган сувнинг ҳақиқатда истеъмол қилинган ҳажмини аниқлаш имкони бўлмаганда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ базаси белгиланган сувни истеъмол қилиш нормативларининг 50%и миқдорида белгиланади.

Сув хўжалиги вазирлиги ҳар йили сув лимитлари белгиланаётганда балиқчилик хўжаликлари фойдаланиши мумкин бўлган коллектор-дренаж тармоқларининг рўйхатини шакллантиради ҳамда ўзининг сайтида жойлаштириб боради (сувларнинг шўрланиш даражаси ва сифати кўрсатилган ҳолда). Улардан фойдаланишда коллектор-дренаж тармоқларининг лойиҳавий параметрларига риоя қилиниши даркор. Шунингдек, вазирлик сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган балиқчилик хўжаликлари учун сув олиш лимитлари манбаларнинг тахмин қилинган ва ҳақиқий сувлилиги, шунингдек, балиқчилик хўжаликларининг сув истеъмоли режаларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқлайди.

Сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган балиқчилик хўжаликлари, сув етказиб берувчи тегишли ташкилотлар ва «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ўртасида ҳар йили 15 январдан кечикмаган муддатда уч томонлама шартнома тузилади.

2021–2022 йилларда сув танқислиги шароитида дарё ва каналлардан сув оладиган балиқчилик хўжаликлари томонидан сунъий сув ҳавзаларида босқичма-босқич янги ресурс тежамкор интенсив технологиялардан ва иккиламчи сув манбаларидан кенг фойдаланишга ўтилади.

Тармоққа оид илм-фанни ривожлантириш давом эттирилади:

Тошкент вилоятида Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг табиий ва сунъий сув ҳавзаларининг гидробиологик ва гидрокимёвий таркибини, омухта ем сифатини таҳлил қилиш ҳамда балиқ касалликларига ташхис қўйиш лабораторияси очилади;

Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг моддий-техника базаси янгиланади, инновацион ахборот-ресурс хоналари, балиқчиликда селекция ва наслчилик, балиқларнинг табиий ва сунъий озуқа сифатини таҳлил қилишга ихтисослашган лабораториялар барпо этилади – тегишли лойиҳалар Ўзбекистон Республикасининг 2021–2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига киритилади;

2022 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси табиий сув захиралари ихтиофаунаси ва сув биоресурсларининг ягона маълумотлар банки ташкил этилади.

«Янги Чиноз балиқ бозори»нинг бино-иншоотлари инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлари билан оммавий савдоларда бозор қиймати бўйича сотилади. Уларнинг ўрнида балиқ ва балиқ маҳсулотлари савдосига мўлжалланган замонавий савдо комплекси ташкил этилиши керак. Объект қўйилган кундан бошлаб 3 ой мобайнида сотилмаган тақдирда тўловларни 5 йилгача муддатга тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти билан уни бозор қиймати бўйича сотиб олиш мумкин бўлади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 29.08.2020 йилдан кучга кирди.


Суд иши: рақамлаштиришнинг иккинчи босқичи

 

Президентнинг «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (3.09.2020 йилдаги ПҚ-4818-сон) билан 2020–2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди.

 

Биринчи босқичда 2017–2020 йиллар мобайнида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернетда эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилган.

Иккинчи босқичда судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида IT-инфратузилмаси янада яхшиланади, хусусан:

а) 2021 йилда:

1 январдан бошлаб – барча судларда суд мажлислари тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб борилади. Ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда суд мажлислари баённомалари шакллантирилади;

1 июлдан бошлаб – апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш жорий этилади;

1 октябрдан бошлаб – барча иштирокчилар суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида СМС-хабар орқали бепул асосда хабардор қилинади;

б) 2022 йилда:

1 январдан бошлаб – суд қарорлари тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этилади;

1 июлга қадар – суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва бизнесга одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади;

в) 2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишлари давлат архивига электрон шаклда топширилади.

Олий суднинг ахборот тизимига 28 та давлат органлари ва ташкилотлари (шу жумладан, Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Бош вазирнинг қабулхоналари) босқичма-босқич уланади. Бу судлар ва бошқа идораларга маълумотлар ва ҳужжатлар билан фуқароларни овора қилмаган ҳолда алмашиш имкониятини беради. Масалан, интеграция туфайли судьялар қуйидагилар тўғрисида тезкор равишда ҳаққоний маълумотлар олишлари мумкин бўлади:

  • жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда – «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар;
  • алимент миқдорини белгилашда – туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотлар.

2022 йилда қуйидаги имкониятларни берувчи «Адолат» ахборот тизимлари комплекси ишга туширилади:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга – даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;
  • манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;
  • суд мажлиси иштирокчилари томонидан – маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;
  • суд ҳужжатларини автоматлаштирилган равишда шакллантириш.

Суд мажлисларида видеоконференцалоқа форматида иштирок этиш ­имконияти кенгайтирилади. Жорий йил якунига қадар фуқаролар учун тегишли мобиль илова ва жазони ижро этиш муассасаларида махсус ускуналар билан жиҳозланган хоналар пайдо бўлиши керак.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 январдан бошлаб:

Судьялар олий кенгашига судьялар, судьялик лавозимларига номзодлар электрон мурожаат қилишлари мумкин. Суҳбат жараёнида бериладиган саволлар ва вазифалар ахборот тизими ёрдамида автоматлаштирилган ҳолда танланади;

Судьялар олий мактабига унинг расмий сайти орқали ариза ва мурожаатлар йўлланади. Профессор-ўқитувчилар ва тингловчиларнинг электрон рейтинги, шунингдек судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш доирасида ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш курслари тингловчиларининг ўқув жараёнини онлайн тарзда назорат қилиш тартиби жорий этилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 4.09.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов,

 «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Ёш оилаларга уй-жой бериш тартиби ўзгарди

 

Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (27.08.2020 йилдаги 521-сон) қабул қилинди.

 

Президентнинг «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонини (28.11.2019 йилдаги ­ПФ-5886-сон) ижро этиш учун 2018-2020 йиллар давомида мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида 2 116 та уй-жойлардан:

  • 350 таси фойдаланишга топширилганлиги;
  • 296 таси ёшлар томонидан рад этилганлиги ва 556 тасининг қурилиши бошланмаганлиги;
  • 2019 йилда 558 та ва 2020 йилда 356 та уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилганлиги маълумот учун қабул қилинди.

Қарор билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган ёш оила сифатида ҳисобга қўйилган ва тавсиянома берилган ёш оилалар учун 2019–2020 йилларда қурилган ёшлар уйлари рўйхати тасдиқланди. 2020 йилда 356 та оила ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олади.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига 2020 йил учун «Ўзшаҳар қурилиш инвест ИК» МЧЖ ва «Қишлоқ қурилиш инвест ИК» МЧЖ иштирокида шаҳарларда ва қишлоқ жойларида кўп квартирали арзон уй-жойлар қуришнинг асосий параметрларига ўзгартиришлар киритиш топширилди.

«Қишлоқ қурилиш инвест ИК» МЧЖ «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ билан биргаликда Ислом тараққиёт банкининг кредит линиялари бўйича «Қишлоқ қурилиш инвест ИК» МЧЖ ҳисобрақамларида уй қурувчиларнинг дастлабки бадаллари ҳисобидан жамланган маблағлар 3 кун муддатда республика бюджетига йўналтирилиши керак. Молия вазирлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг асосланган ҳисоб-китобига мувофиқ маблағларнинг қайтарилган қисми ҳисобидан:

  • 2019 йилда ёшлар учун қурилган 558 та уйнинг дастлабки бадали учун – 30 млрд сўм;
  • 2020 йилда қуриладиган уй-жойлар учун 356 нафар ёш оилага уй-жой қиймати дастлабки бадалининг 65%игача бўлган қисмини молиялаштириш учун – 11,6 млрд сўм маблағларни ҚҚСни қўшган ҳолда ажратади.

Ҳужжат билан шундай тартиб ўрнатилмоқдаки, унга кўра:

  • Ёшлар иттифоқи томонидан ёш оилаларга уй-жой қийматининг дастлабки бадали сифатида тўланган ссудани ва унга ҳисобланган фоизларни ундириш бўйича Ёшлар ишлари агентлиги марказий аппаратида назорат гуруҳи ташкил этилади;
  • ҳудудий кенгашлар ссуда ва фоизларни шартномада белгиланган муддатда қайтармаган ёш оилаларга 1 иш куни ичида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда шартнома асосида тўловларни амалга ошириш юзасидан муддат белгилаган ҳолда, нотариус орқали ёзма билдиришнома юборади;
  • ёш оилалар томонидан ёзма билдиришнома талаблари бажарилмаган тақдирда, ҳудудий кенгашлар 2 иш куни ичида муддати ўтган қарздорлик бўйича ижро хати ёзиб беришни сўраб нотариусга мурожаат қилади;
  • нотариус томонидан 1 иш куни ичида ижро хати ёзиб берилади ва Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлинмасига тақдим этилади, унинг ҳудудий бўлинмаси белгиланган тартибда муддати ўтган қарздорликни ундириш чораларини кўради.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 28.08.2020 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.

 

 

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан субсидия олувчи шахслар тоифаси кенгайтирилди

 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруғи қабул қилинди (26.08.2020 йилда 3163-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган). 

 

Буйруқ Президентнинг «Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (18.05.2020 йилдаги ПҚ-4716-сон) ва «Республикада қўлда тўқилган гиламчилик соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (26.06.2020 йилдаги ПҚ-4759-сон) қарорларига мувофиқ тайёрланган.

Ҳужжат билан низомга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

2-банддан 5 ва 6-хатбошилар чиқариб ташланиб, у қуйидаги мазмундаги 21 ва 22-бандлар билан тўлдирилмоқда:

21. Президентнинг ПҚ-4716-сон қарорига мувофиқ субсидиялар қуйидаги мақсадлар учун ажратилади:

а) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (АБКМ), етказиб берувчи ташкилотлар ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида:

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун – БҲМнинг 30 бараваригача;

суғориш воситалари харид қилиш учун – БҲМнинг 10 бараваригача;

уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун – БҲМнинг 3 бараваригача;

б) қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиши учун – БҲМнинг 10 бараваригача. Бунда:

қишлоқ хўжалиги кооперативлари балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик ва бошқа илғор соҳаларда ташкил этилади;

қишлоқ хўжалиги кооперативларига ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари, ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар ҳамда кооператив фаолияти йўналиши бўйича тажрибага эга етакчи тадбиркорлар бирлаштирилади.

22. Президентнинг ПҚ-4759-сон қарорига мувофиқ «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибидаги қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 3 тадан кам бўлмаган иш ўрни яратиш шарти билан гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳини харид қилишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун – ҳар бир дастгоҳ учун БҲМнинг 10 баравари миқдорида субсидиялар ажратилади.

36 ва 37-бандлардаги «банд бўлмаган» сўзлари «ишсиз, кам таъминланган ва камбағал оилалар аъзоси бўлган» сўзлари билан алмаштирилди.

38-банд қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Ўрганиш натижасига кўра мурожаат қилган шахс банд бўлмаган ҳолларда унга унинг томорқа ерига мос келадиган енгил конструкцияли иссиқхона ўрнатиш ва (ёки) уруғликлар, кўчатлар ёхуд суғориш воситалари харид қилиниши бўйича АБКМнинг масъул ходими етказиб берувчи ташкилот, АБКМ ва томорқа ер эгаси ўртасида уч томонлама шартнома тузиш чораларини кўради. Бунда томорқа ер эгасининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда битта оила учун қуйидаги йўналишлардан бири учун уч томонлама шартнома тузади:

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш;

суғориш воситалари харид қилиш;

уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш».

Буйруқ билан низомга бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lez.uz) эълон қилинган ва 26.08.2020 йилдан кучга кирган.

 

Баҳодир Қаюмов.

Прочитано: 703 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика