Камерал назорат кўпроқ ўтказила бошлагани сабабли солиқ тўловчилар тез-тез билдириш хатини оладиган бўлдилар. Бунда ушбу хатларни олиш жараёни белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилмаяпти.
Талабномани топшириш. Қонунга мувофиқ...
Солиқ тўловчи йўл қўйган хатоликлар ёки зиддиятларни аниқлаган солиқ инспекцияси унга ёзма шаклда талабнома юборади. Солиқ тўловчи уни олган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда унга муносабат билдириши шарт.
Солиқ тўловчига талабнома қуйидагича юборилиши мумкин:
● буюртма хат билан. Бунда у солиқ тўловчи томонидан буюртма хат олинган санада олинган деб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 70-моддаси 5-қисми). Солиқ тўловчининг вакили почта жўнатмаси топширилганлиги тўғрисидаги билдириш бланкасида ушбу санани қайд этади. Бланка солиқ инспекциясига қайтарилади;
● my.soliq.uz сайтидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали. Талабнома юборилган кундан кейинги иш куни солиқ тўловчи томонидан қабул қилиб олинган деб ҳисобланади (АВ томонидан 5.09.2017 йилда 2926-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 18-банди).
Ўзаро муносабатларни электрон тарзда юритиш учун солиқ тўловчи солиқ инспекциясига бу ҳақда ёзма ариза тақдим этиши зарур. Аризани шахсий кабинет орқали ҳам юбориш мумкин (Солиқ кодексининг 22-1-моддаси);
● солиқ тўловчининг вакилига ўзи келиб топшириш. Бу ҳолда солиқ тўловчининг вакили ДСИда қоладиган талабноманинг иккинчи нусхасига уни олган сана тўғрисида белги қўяди.
Амалиётда эса...
Амалиётда талабнома доим ҳам тўғри бўлмаган ҳар хил усулда олинади.
* * *
– Артём Александрович, туман солиқ инспекциясидагилар телефон қилишяпти, Сизни улаб беришни талаб қилишяпти.
– Ҳа, Светлана, боғланг.
– Салом. «Роҳат» МЧЖ директори Артём Павловмисиз?
– Салом. Ҳа...
– Ҳозироқ солиқ инспекциясига келиб, 301-хонага учрашингиз керак. Устингиздан шикоят тушган. Акс ҳолда ишингизни судга оширамиз.
Шуни айтибоқ телефонни қўйиб қўядилар.
Артём Александрович бир соатдан кейин «Роҳат» МЧЖ маҳсулотининг катта туркумини сотиб олмоқчи бўлган харидор билан учрашмоқчи, у билан шартнома тузмоқчи эди. Бироқ солиқ идораси ходими шикоят, суд ҳақида гапирди... Павлов компания обрўси ҳақида гап борганда, бунга бепарво қараб тура олмайди. Учрашувга улгуришга умид қилган ҳолда тез отланиб, солиқ инспекциясига йўл олди.
Учинчи қаватга кўтарилганда 301-хона ёпиқлигини кўрди. Қўшни кабинетдагилардан сўраганда ходим ҳозир қайтишини айтишди. Артём Александрович солиқ инспекторини ярим соат кутди. У келди, жиддий қиёфа билан қўлига қоғоз тутқизиб, кўрсатилган солиқ суммасини бугуноқ тўлаши кераклигини айтди. Бу шикоят эмас, солиқ инспекциясининг талабномаси бўлиб чиқди. Телефон орқали суҳбатда нима учун шикоят ҳақида гапирганини сўраганда, инспектор Павлов зудлик билан етиб келиши учун шундай дейишга мажбур бўлганини айтди.
Артём Александрович соатига қаради. Харидор билан учрашувга кеч қолибди. Солиқ инспекциясига кираверишда уяли алоқа телефонини қолдиргани сабабли инспекторни кутаётганда огоҳлантириш ва учрашувни бошқа пайтга кўчириш учун қўнғироқ қилиш имкони ҳам йўқ эди. Битимни қўлдан бой берди.
* * *
– Муҳаббат Олимовна, почтальон солиқ инспекциясининг хатини олиб келди.
Муҳаббат Олимовна (бош бухгалтер) хатни очиб, ДСИ талабнома юборганини билди.
– Шоҳида, билдириш хатига бугунги санани қайд этдингизми?
– У хатни газеталар билан бирга қолдириб кетганлиги учун ҳеч қандай билдиришни бермади... Ҳозиргина хонамиздан чиқиб кетди.
Муҳаббат Олимовна офисдан югуриб чиқиб, почтальонга етиб олди.
– Салом. Менга билдиришномани берсангиз, хатни олганлигимни ёзиб, санани қўйиб бераман.
– Яхши қиз, менда ҳеч қандай билдиришнома йўқ. Бу оддий хат, буюртма хат эмас-ку.
Бундай вазият кўп учрайди. Талабнома оддий хат билан юборилса, солиқ инспекциясида солиқ тўловчи уни олган-олмаганлиги ҳақида ахборот бўлмайди. Агар у шу тариқа олинган талабномага муносабат билдирмаса, солиқ инспекцияси солиқ тўловчига нисбатан чора кўриш учун асосга эга бўлмайди.
* * *
– Надежда Васильевна, солиқ инспектори Телеграмимга талабнома жўнатибди. Ҳозир уни Сизга юбораман. Илтимос, у билан шуғулланинг.
Бу усул қанчалик асосли ва тўғри? Талабномаларни юборишнинг бундай варианти норасмий саналади. У Солиқ кодексида ҳам, бошқа қонун ҳужжатларида ҳам қайд этилмаган. Талабномани шу тарзда юборган солиқ органи солиқ тўловчи унга муносабат билдиришини талаб қила олмайди, унга нисбатан чора ҳам кўра олмайди.
Охирги иккита усул солиқ органлари талабномада кўрсатилган масала ечимини ўзлари орқага суришларига олиб келади. Солиқ тўловчи талабномани писанд қилмаса, солиқ инспекторлари янгисини тайёрлаб жўнатишларига тўғри келади. Масалани ҳал қилишга яна камида 10 кун кетади.
Хулоса ўрнида
Камерал назорат – энг қулай ва тезкор текширув тури. У солиқ тўловчи жарима тўламасдан ёки солиқ органлари унга нисбатан бошқа чораларни қўлламасдан ўз хатоликларини вақтида тузатишига имкон беради.
Бироқ камерал назорат хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига халал бермаслиги, талабномани қабул қилиш учун солиқ тўловчилар вакилларининг вақтини олмаслиги лозим. Талабномалар қонун ҳужжатларида белгиланган усулда солиқ тўловчиларга топширилсин.
Солиқ органларида талабномаларни жўнатишнинг 2 та қонуний варианти бор, бунда солиқ тўловчи инспекцияга келишига ҳожат йўқ:
● буюртма хат билан – почта орқали;
● электрон форматда – my.soliq.uz сайтидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали.
Бу билан талабномани шахсан олиб кетиш тадоригини кўришга мажбур бўладиган хўжалик юритувчи субъект раҳбари ва бош бухгалтерининг қимматли вақти ва асабини сақлаган бўлар эдилар. Бундан ташқари, солиқ инспекторлари талабнома ҳақиқатан олинганлиги борасида асосга эга бўлиб, солиқ тўловчи унга муносабат билдирмаганда чора кўриш имконини қўлга киритадилар.
АМАЛИЁТДАН МИСОЛЛАР
ТМЗ ҚОЛДИҚЛАРИ ВА ИМПОРТ БЎЛГАН – ЯСТни ҚЎШИМЧА ТЎЛАНГ
Кичик ишлаб чиқариш корхонаси солиқ инспекциясидан талабнома олди. ДСИ қуйидагилар юзасидан эътироз билдирган эди: 2018 йил I чораги учун ЯСТ бўйича ҳисоботда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган соф тушум (Ҳисоб-китобнинг 010-сатри) – 1 300 000 минг сўм кўрсатилган. Бироқ 2017 йил якунлари бўйича тақдим этилган бухгалтерия балансининг 140-сатрига кўра, 2018 йил 1 январга келиб корхонада 2 700 000 минг сўмлик суммадаги ТМЗ қолдиғи бўлган. Шунингдек, «Ташқи манбалар» дастури маълумотларига қараганда, корхона 2018 йил I чорагида 42 000 минг сўмлик ТМЗни импорт қилган.
Солиқ инспекцияси корхона солиқ солинадиган базани нотўғри кўрсатган, бу 2018 йил I чораги учун ЯСТнинг нотўғри ҳисоб-китоб қилиниши ва тўланишига олиб келган деб ҳисобламоқда. ЯСТ бўйича аниқлаштирилган ҳисобот топширишни ва қўшимча ҳисобланган ЯСТ суммаси – 72 100 минг сўмни ((2 700 000 + 42 000 – 1 300 000) х 5%) тўлашни ёки тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тушунтириш беришни талаб қилмоқда.
ДСИнинг талаби асослими
Солиқ инспекциясида I чорак охирида ТМЗ мавжуд бўлгани ёки бўлмагани ҳақида ахборот йўқ. Давр охиридаги ТМЗ қолдиқлари бухгалтерия балансида кўрсатилади. У кичик корхона ҳисобланади ва молиявий ҳисоботни йилда 1 марта унинг якунлари бўйича топширади. Тегишинча, корхона 2018 йил I чораги якунлари бўйича бухгалтерия балансини тақдим этмаган, ДСИ нимага асосланиб барча ТМЗни реализация қилгани жумбоқлигича қолмоқда.
Бундан ташқари, у ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланади. Йил бошидаги ТМЗ қолдиқлари ва 2018 йил I чорагида импорт қилинган ТМЗ маҳсулот ишлаб чиқариш учун хом ашё ҳисобланган. Ялпи тушум ЯСТ солинадиган объект саналади (Солиқ кодексининг 355-моддаси 1-қисми). Ишлаб чиқариш корхонаси учун бу – тайёр маҳсулотни реализация қилишдан тушган тушум, яъни реализация қилинган маҳсулот қиймати (корхона ҚҚС тўловчиси эмас). Бироқ у фақат ТМЗ таннархидан ташкил топмаган. Тайёр маҳсулотни реализация қилиш нархи калькуляция қилинганда бошқа харажатлар ҳам инобатга олинади, шунингдек корхонанинг фойда суммаси қўшилади. Фақат ТМЗ таннархига асосланиб, ишлаб чиқариш корхонасининг ялпи тушумини ҳисоблаш – катта хато.
Бинобарин, солиқ органи асоссиз талаб қўйган. Бироқ Солиқ кодексининг 70-моддасига мувофиқ уни эътиборсиз қолдирмаслик керак, корхона олгандан кейин 10 кун ичида тушунтириш бериши лозим.
Вазиятни таҳлил қиламиз
Корхона юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тайёр маҳсулотни реализация қилади. Тўлов – пул ўтказиш йўли билан. 2018 йил I чорагида реализация қилинган маҳсулотнинг бутун ҳажми юкхат-ҳисобварақ-фактуралар билан расмийлаштирилган. Уларга кўра 2018 йил I чорагида корхона 1 300 000 минг сўмлик маҳсулотни реализация қилган.
2018 йил I чораги охирида корхонада ЯСТ солинадиган объект ҳисобланмайдиган ТМБ қолган.
Жавоб тайёрлаймиз
«2018 йил ___________даги _____-сон талабномага жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз:
«A.G.» МЧЖ ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланади. Тайёр маҳсулотни юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга реализация қиламиз. Тайёр маҳсулот реализация қилинаётганда юкхат-ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади. Ҳисобварақ-фактураларга мувофиқ корхона 2018 йил январь–март ойларида 1 300 000 минг сўмлик тайёр маҳсулот реализация қилган.
Тегишинча, 2018 йил I чораги учун ЯСТ бўйича ҳисобот солиқ қонунчилигига тўлиқ риоя этган ҳолда топширилган.
Иловалар:
2018 йил январь–март ойлари учун ҳисобварақ-фактураларнинг нусхалари – _______ варақда.».
ЎЗ ПОЗИЦИЯНГИЗНИ АСОСЛАНГ
Корхона солиқ инспекциясидан талабнома олди. 2018 йилнинг 7 ойи якунларига кўра солиқ органига тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботи таҳлили ҳамда камерал назорат натижалари бўйича хатоликлар аниқланиб, ДСИ шу ҳақда хабар берган эди.
«…1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.12.2011 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-1675-сон қарорига мувофиқ, 2012 йил январдан бошлаб:
меҳнатга ҳақ тўлаш Ягона тариф сеткасининг бошланғич разряди этиб биринчи разряд белгиланган, нулинчи разряд бекор қилинган;
республиканинг барча ташкилотларида меҳнат ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси бўйича биринчи разряддан кам бўлмаган ҳолда белгиланган;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.07.2009 йилдаги «Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 206-сон қарорига мувофиқ, биринчи разряднинг тариф коэффициенти белгиланган энг кам иш ҳақига 2,476 миқдорида ўрнатилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 153-моддасига мувофиқ, меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Меҳнат ҳақи қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас ва унинг энг кўп миқдори бирон бир тарзда чекланмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон ва 22.03.2013 йилдаги 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом билан тасдиқланган ҳисобот шаклларини тўғри ва тўлиқ тўлдиришингизни сўраймиз.
Юқорида баён этилганлар муносабати билан 2018 йилнинг 7 ойи бўйича қуйидагилар аниқланди:
Молиявий ва солиқ ҳисоботининг номи
|
Молиявий ва солиқ ҳисоботи кўрсаткичларининг номи
|
Тақдим этилган ҳисоботга кўра
|
Камерал назорат натижаларига кўра
|
Четга чиқиш
|
1
|
2
|
3
|
4
|
5
|
Ягона ижтимоий тўлов
|
Ягона ижтимоий тўлов (010-сатр)
|
90 000 000 сўм
|
300 000 000 сўм
|
210 000 000 сўм
|
Жадвал асосида 6-устунда кўрсатилган суммадан ягона ижтимоий тўлов, суғурта бадаллари ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўғри ва тўлиқ ҳисоблаш талаб этилади.
Шу муносабат билан юқорида қайд этилган далиллар юзасидан Солиқ кодексининг 70-моддасига асосан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш учун назарда тутилган тартибда тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича тузатилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосини мазкур талабнома олинган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда тақдим этинг.».
Вазиятни таҳлил қилиб, жавоб тайёрлаймиз
«2018 йил _____ октябрдаги _____-сон талабномангизга жавобан шуни маълум қиламизки, талабномада 2018 йил июль ойи учун ЯИТ бўйича ҳисоботнинг нотўғри кўрсаткичлари кўрсатилган. Хусусан, ёзишингизча, Ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисоб-китобининг 010-сатрида меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар 90 000 000 сўм миқдорида кўрсатилган. Аслида эса 2018 йил январь–июль ойлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар 300 000 000 сўмни ташкил этган ва бу рақам Ҳисоб-китобнинг 010-сатрида акс эттирилган.
Муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас (МКнинг 155-моддаси). 2018 йил 31 июлдаги ҳолатга кўра Ўзбекистон Республикасида энг кам меҳнат ҳақи миқдори 456 326,8 сўмни (184 300 сўм х 2,476) ташкил этади, 2018 йил 15 июлгача эса 426 466,24 сўмни (172 240 сўм х 2,476) ташкил этган.
Корхонамизда 30 киши ишлайди. Корхонадаги битта ходимнинг бир ойдаги ўртача ойлик иш ҳақи 1 428 571 сўмни (300 000 000 сўм / 7 ой / 30 киши) ташкил этади, бу белгиланган энг кам миқдордан анча юқори. 2018 йил июль ойи учун ЯИТ ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисоб-китоби айнан ушбу даврда корхонада тўланган меҳнат ҳақи ҳисоб-китобига асосланиб топширилган.
Бундан ташқари, шуни қайд этиб ўтмоқчимизки, ЯИТ бўйича солиқ солинадиган база Солиқ кодексининг 172-моддасига мувофиқ меҳнат ҳақи тарзида тўланадиган даромадлар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 307-моддаси). Ходимга амалда тўланган меҳнат ҳақи миқдори ЯТСнинг биринчи разряди бўйича энг кам меҳнат ҳақи миқдоридан кам бўлса, унга ЯИТни ушбу миқдордан ҳисоблаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ҳеч қандай кўрсатмалар қайд этилмаган».
«Назорат» рукнидаги материалларни «Norma» МЧЖ эксперти Азизахон ТОШХЎЖАЕВА тайёрлади.